Кириш Регистрация
02/05 00:00 Боруссия Д 1-0 ПСЖ
02/05 20:30 Ироқ 2-1 Индонезия
02/05 23:30 Челси 2-0 Тоттенхэм
03/05 20:30 Япония 1-0 Ўзбекистон
03/05 22:00 Тулуза - Монпелье
03/05 23:45 Торино - Болонья
04/05 00:00 Лутон - Эвертон
04/05 00:00 Ланс - Лорьян
04/05 00:00 Хетафе - Атлетик Бильбао
04/05 16:30 Арсенал - Борнмут
04/05 17:00 Реал Сосьедад - Лас-Пальмас
04/05 18:00 Гавр - Страсбур
04/05 19:00 Бёрнли - Ньюкасл
04/05 19:00 Шеффилд Юнайтед - Ноттингем Форест
04/05 19:00 Брентфорд - Фулхэм
04/05 19:15 Реал Мадрид - Кадис
04/05 20:00 Монако - Клермон
04/05 21:00 Монца - Лацио
04/05 21:30 Манчестер Сити - Вулверхэмптон
04/05 21:30 Жирона - Барселона
04/05 22:00 Метц - Ренн
04/05 23:45 Сассуоло - Интер
05/05 00:00 Брест - Нант
05/05 00:00 Мальорка - Атлетико

Қаердасан омад ёхуд Евроаутсайдерлар ҳақида

Баҳо:
+ | -

Европанинг «кучли бешлик» чемпионатлари турнир жадвалида сўнгги поғонани эгаллаб турган жамоаларга бир назар ташласак: улар ким, иштирокдан мақсадлари нима эди, ўтган ёзда қандай режа тузишганди? Ранг-баранглик бўлиши учун «Барселона» ва «Атлетико»нинг Чемпионлар Лигасидаги баҳси, «Лестер»нинг чемпионлик имкониятлари ҳамда премьер-лигада тўртинчи ўрин учун курашаётган Манчестер клублари рақобатини бир четга сурамиз-да, қуйи ўрин эгаларининг ҳолатларини таҳлил қиламиз. Бу ўринда мухлислар орасида у қадар шуҳрат қозонмаган жамоалар номига кўзингиз тушиши мумкин. Хўш, уларнинг аутсайдерга айланишларига молиявий муаммолар тўсқинлик қилдими? Балки профессионалликка зид бизнес-режадир? Ёки мураббийнинг уқувсизлигими?

«Астон Вилла»Ўзига юҚори баҳо бериш

Мавсумдаги кўрсаткичлари:34та ўйин, 3та ғалаба, 7та дуранг, 24та мағлубият, тўплар нисбати - 23-65

Бир ўйинда ўртача гол:0,7та

Бир ўйинда ўтказилган ўртача гол:1,9та

Ўтган мавсум «Вилла» қийинчилик билан лигада жон сақлаганди. Пол Ламбертнинг ўрнини эгаллаган Тим Шервуд жамоани ўзига хос тарз­да шуғуллантирди: бирмингемликлар ўз уйларида «Бёрнли»га ютқазиб, сафарда «Тоттенхэм»дан устун келишлари мумкин эди. Чемпионатнинг сўнгги 11 турида 11та гол урган Кристиан Бентеке ўша пайтдаги «Астон Вилла»нинг юлдузига айланганди. Табиийки, уни сақлаб қолишолмади. Бельгиялик ҳужумчи 45 млн. евро эвазига клубини алмаштирди. Унинг ортидан Фабиан Делф эргашди. Рон Влар ва Якуб Силла сингарилар шунчаки қўйиб юборилди. Етакчиларнинг ўрнига сотиб олинганлар эса ишончни оқламадилар.

Нима ўхшамади?

«Вилла» чемпионатни ёмон бошламаганди. Биринчи турда «Борнмут» таслим этилди, «МЮ» бирмингемликларни кичик ҳисобда енгди. Эҳтимол, шундан сўнг жамоа ўз кучига юқори баҳо бериб юборгандир? Аммо машғулотларга ёндашув ўзига хослиги билан ажралиб турди. Мисол учун, Шарль Н`Зогбия бир куни машғулотга қора чакмонда келди. Бу пайтга келиб Тим Шервуд Жек Грилишни 60 млн. фунт­га сотмаслиги, чунки бир йилдан сўнг ушбу ярим ҳимоячининг нархи янада қимматлашишини билдирди.

Бундай хотиржамлик таъсири ўлароқ, «Астон Вилла» кейинги 6та ўйинда атиги 1 очко тўплади. Шервуд мавжуд муаммони Бентекенинг сақлаб қолинмаганига йўйиб, ихтиёридаги таркиб билан жиддий мақсадларга эришиб бўлмаслигини таъкидлади. Ўз навбатида, жамоадаги руҳий ҳолатга урғу берди.

Кейинчалик унинг ўрнига тайинланган Реми Гард ишга астойдил киришди: қаторасига 10та ғалабага эришишни хоҳлаётганини билдириб, ўйинчиларга француз тилида гаплашишни тақиқлади. Орадан икки ҳафта ўтиб, байрам кечасида қатнашган Жек Грилишни четлатди. Франциялик мутахассис таркибни кучайтиришга ҳарчанд уринмасин, бу вазифани уддалай олмади. Шей Гивен эса трансферларни унутиб, чемпионшипдаги иштирокка тайёргарлик кўриш лозимлигини таъкидлади.

Ниҳоят, «Челси» билан ўйин арафасида Гард истеъфога чиқарилди. «Вилла»ни бошқаришга даъвогарлар орасида чемпионшипда қатнашишдан қўрқмаётган Дэвид Мойес ва «МЮ»нинг афсонавий ҳужумчиси Дуайт Йоркнинг номлари бор.

Мавсум иқтибоси: «Ливерпуль» мени сотиб олдими, демак мендан қандай фойдаланишни билади». Кристиан Бентеке.

 

«Ганновер-96»Ўхшамаган инҚилоб

Мавсумдаги кўрсаткичлари:30та ўйин, 6та ғалаба, 3та дуранг, 21та мағлубият, тўплар нисбати - 26-54

Бир ўйинда урилган ўртача гол:0,8та

Бир ўйинда ўтказилган ўртача гол:1,9та

Ўтган йили «Ганновер» президент ва ишқибозлар ўртасида юзага келган можаролар, кийиниш хонасидаги муаммолар, ўйинчиларнинг тайёр эмаслигидан вужудга келган «уммон»да чўкиб кетишига бир баҳя қолди. Жамоа чемпионат якунига келибгина лигада жон сақлашни уддалади.

Бу йил эса раҳбарият инқилобий янгилик ҳақида хабар берди: Хоселу, Ларс Штиндль ва Леонардо Битенкур сингари етакчилар жамоани тарк этишди. Бу эса клуб мухлисларига ёқмади.

Нима ўхшамади?

Умуман, ишқибозлар мавсум арафасидаёқ ташвишга туша бошлагандилар. Жамоага куч бағишлаш мақсадида Мавлют Эрдинч таклиф этилди. Аммо ярим йил мобайнида бирорта ҳам гол уролмаган футболчи Францияга ижарага берилди.

«Ганновер»нинг аҳволи ёмонлашаверди. Декабрда «Бавария»га имконият бой берилган паллада жамоа турнир жадвалининг охирги поғоналарида борарди. Шу пайт ўтган йили лигада қолиш масаласини ижобий ҳал этган Михаэль Фронтцек истеъфога чиқишини маълум қилгач, раҳбариятни шошириб қўйди. Бироқ кетганлар ўрнини қоплаш имкониятидан маҳрум, иш берувчиларнинг ишончсизлик билдираётганларини сезиб турган мураббийни тўғри тушуниш мумкин эди.

Кўп ўтмай бош мураббийлик курсиси Томас Шаафга ишониб топширилди. Ушбу мутахассисда экзотик трансфер мақсадлар кўзга ташланди: Карлос Эдуардога қизиқиш билдирган «Ганновер» якунда Уго Алмейданинг хариди билан чекланди.

Шааф бошчилигида 12та ўйиндан 10таси бой берилди ва у ҳам ишдан бўшатилди. Ҳозирда «Ганновер»нинг имкониятлари кескин пасайиб кетган.

Мавсум иқтибоси: «Менимча, ишқибозлар нега кетишни хоҳлаганимни тўғри тушунишади». Михаэль Фронтцек.

 

«Верона»Ғалабасиз қутулиш мумкинми?

Мавсумдаги кўрсаткичлари:33та ўйин, 3та ғалаба, 13та дуранг, 17та мағлубият, тўплар нисбати - 28-56

Бир ўйинда урилган ўртача гол:0,8та

Бир ўйинда ўтказилган ўртача гол:1,7та

Ёзда «Верона» ўзини яхши ҳис қилаётганди. Жамоа ўтган йили элитада қолиш учун курашаётганди. «А» серияга «Фрозиноне» ва «Карпи» қўшилгач, вероналиклар бу борада гранддек кўринишганди. Бу икки янги клуб аутсайдерликка асосий даъвогар бўлишди, «Лацио» президенти эса «Карпи» сингари жамоалар олий дивизионга кирмаслиги учун чемпионат ташкилотчилигига ўзгартириш киритиш лозимлигини таъкидлади. Жамоа трансферларга беш миллионга яқин маблағ сарфлади - Италия ҳолатидан келиб чиқса, бу ажойиб сумма... 39 ёшли Лука Тонига шерик сиатида Жампаоло Паццини текинга келди. Италияда яхшигина обрўга эга мураббий Андреа Мандорлини сақлаб қолинди.

Нима ўхшамади?

Мавсум аввалидаёқ «Верона» италь­янларга хос хасталикка йўлиқди: жамоа кам ютқазсада, ғалаба қозонишни ҳам уддалай олмади. Клуб муваффақиятсизликка юз тутавергач, мураббий Мандорлини октябрь ойида вазиятнинг бундай тус олганидан хафа эканини яширмади: «Ўзимизга бўлган ишончни қайтариш учун бизга битта ютуқ керак». Кўп ўтмай ушбу мутахассис матбуотчилар билан умуман алоқага чиқмасликка қарор қилди. 14та турда ғалаба нашидасини суролмагач, 29 ноябрда истеъфога чиқарилди.

Унинг ўрнига Дельнери келди. «Верона» ишқибозлари янги мураббийни унчалик хушлашмади, зеро дастлабки муваффақиятни яна икки ой кутишларига тўғри келди. 22-турдан сўнг «Верона» ҳисобида 11та дуранг ва 11та мағлубият бор эди. Қизиғи, элитада жон сақлаб қолиш учун имконият ҳамон йўқолмаганди. Ҳозирда жамоани 17-ўриндан 6 очко ажратиб турибди.

Мавсум иқтибоси: «Ҳар бир ўйин биз учун сўнгги имконият. Биз югуришимиз, курашишимиз ва клуб учун қайғуришимиз лозим. Шундагина элитада жон сақлаб қоламиз». Луижи Дельнери.

 

«Леванте»Бемор ҳамон тирик

Мавсумдаги кўрсаткичлари:33та ўйин, 7та ғалаба, 7та дуранг, 19та мағлубият, тўплар нисбати - 30-56

Бир ўйинда урилган ўртача гол:0,9та

Бир ўйинда ўтказилган ўртача гол:1,7та

«Леванте» ўтган мавсумнинг баҳорига келибгина Ла-лигадаги ўрнини сақлаб қолишни уддалади. Бундай ҳолат жамоага ёт эмас. Афтидан, молиявий муаммолар кийиниш хонасига салбий таъсир кўрсатгандек. Клуб трансфер бозорида камтарлик қилди, тажрибали ўйинчилар арзон нархда ёки текинга жалб этилди.

Нима ўхшамади?

Набиль Гилас мураббийнинг ишончини оқлай билмади. Уч ҳимоячи билан ўйнаш услуби иш бермади. Жамоа жароҳатлар эпидемиясига йўлиқди. Клубнинг молиявий ҳолати тобора ёмонлашаверди. Сафарда «Реал» (0:3), уйда эса «Реал Сосьедад» (0:4)га имконият бой берилгач, раҳбариятнинг сабр косаси тўлди. Алькарас истеъфога чиқарилди. Янги мураббий сифатида «Барса» мураббийлар штабида фаолият юритган Руби келди.

У схемани ўзгартирди, таркибдан Гиласни чиқариб ташлади, Дейверсонга кўпроқ ишонч билдирди... Жамоа 10та ўйинда битта ғалабага эришган бўлса, кейинги 20тасида яна беш марта зафар қучди. Қишда таркибга келиб қўшилган Жузеппе Росси тўрт­та гол уришга эришди. Ўтган мавсум «Леванте» апрелга келибгина «тирилган» бўлса, ҳозирча жамоани 17-ўриндан атиги 2 очко ажратиб турибди. Демак, ҳали имконият етарли.

Мавсум иқтибоси: «Тинмай кураш­япмиз, аммо бизга доимо омад кулавермаяпти». Руби.

«Труа»Иккинчи лигамаъҚулроҚмиди?

Мавсумдаги кўрсаткичлари:34та ўйин, 3та ғалаба, 8та дуранг, 23та мағлубият, тўплар нисбати - 24-73

Бир ўйинда урилган ўртача гол:0,7та

Бир ўйинда ўтказилган ўртача гол:2,2та

«Труа» ҳақида батафсил маълумотни яқиндагина олдик: улар «ПСЖ»дан 9та гол ўтказиб юборишди. Бир-икки йил аввал қуйи дивизионда қатнашган клуб кутилмаганда элитага йўл олди. Эътиборлиси, жамоанинг ҳозирги таркиби иккинчи лигада ҳам кучли ҳисобланмайди. Шу боис, мавсум арафасида бу клубдан ҳеч ким юқори натижаларни кутмади.

Нима ўхшамади?

Дастлабки 4та турда «Труа» уч марта дуранг қайд этди. Ўйин услубига назар ташласак, жамоа «Атлетико»ни эсга солади: кучли прессингдан холи, ўз жарима майдонида позицион ҳимоя. Нимадир ўхшамаса, якун ҳам ёмон бўлади. «Марсел»дан қабул қилиб олинган мағлубият (0:6) шундан далолат. Бошқа томондан, жамоа рақиблар дарвозасини ишғол қилишда оқсади: 12та турда 5та гол. Ниҳоят, декабрда клуб президенти бош мураббийни алмаштирди. Жан-Марк Фурланнинг ўрнига Клод Робен тайинланди. Янги устоз бошчилигида «Труа» дастлабки учта баҳсда ютқазмади. Кубок баҳсларида эса 1|8 финал босқичига чиқди. Янги йилни ўз уйидаги мағлубият билан бошлаган жамоа кутилмаганда сафарда «Лилл»ни енгди. Илк ғалаба 22-ўйинда қўлга киритилганди.

Кейинчалик мағлубиятлар серияси бошланди, уларнинг йирик ҳисобда қайд этилганини инобатга олинса, «Труа»нинг «Атлетико»га қиёсланиши нотўғри бўлгани ойдинлашади. Робен ҳам ишдан бўшагач, раҳбарият уч нафар мутахассисни вақтинчалик бош мураббий вазифасини ўташга тайинлади. Шундан сўнг клуб яна бир ғалабасини сафарда қўлга киритди. Аммо афсуски, кейинги олти баҳсда аутсайдерлар мағлубият аламини тотиб кўришди.

Мавсум иқтибоси: «Мураббий таркиб танлаётганда нима ҳақда ўйлайди, ҳеч тушунмайман». Клуб президенти Даниэль Мазони.

Манба: Championat.com,

Ўткир УМАРОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:12, 25.04.2016.
Ўқилди: 3476 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.