Ўзбекистон чемпионати 7-тури доирасида «Бунёдкор» ва «Пахтакор» клублари ўртасида учрашув ниҳоясига етди. Учрашувда "қалдирғочлар" 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.
Учрашувнинг 10 дақиқасигача хавфли вазиятлар деярли юзага келмади. Биринчи хавфли вазиятни мезбонлар юзага келтирди. Сато Минорининг бурчак тўпидан сўнг Рибкин тўпга чиқишда хатога йўл қўйди, юқоридан келган тўпни Зуаги оёғининг юқори қисми билан дарвозага бурди, дарвозага кириб кетаётган тўпга "Пахтакор" ҳимоячиси ғов бўлди ва жамоасини голдан сақлаб қолди.
Биринчи бўлим асосан майдон марказида кечган бўлсада, жамоалар билан вақти-вақти билан ҳужумга ўтиб туришди. Бу борада "Пахтакор" бироз фаолроқ бўлди ва унинг ҳужумлари хавфлироқ чиқди. Ана шундай ҳужумларни якунига етказиш учун "пахтакорчи"ларда аниқлик етишмади. Сергеев бир-икки вазиятда совуққонроқ ҳаракат қилганида ҳисобни очиши ҳам мумкин эди. Шерзод Каримов бир неча марта дарвозани узоқдан нишонга олишга ҳаракат қилиб кўрди.
"Пахтакор" бўлим охирида ҳам фаоллиги йўқотмади, аммо майдон эгалари ҳимояда яхши ҳаракат қилишди.
Иккинчи бўлимни Лушчан шогирдлари нисбатан фаол бошлашди. Уларнинг кетма-кет ҳужумлари ниҳоят самара берди. Дастлаб Шомуродов юқоридан етказилган узатмани бош билан Зуагига қолдирди ва тунислик футболчи Элдорни бирга бир вазиятга чиқариб юборди. Ҳужумчининг дарвозага яқин жойдан берган зарбасидан сўнг тўп Рибкиннинг оёғига тегиб, олис устун ёнидан ўтиб кетди. Орадан 2 дақиқа ўтиб "шерлар" дарвозаси томон пенальти белгиланди. Сато Минори жарима майдончаси ичида ўзига етказилган узатмани бош билан шеригига узатаётганида, унинг ортида турган Болтабоев қўл билан тўпни қайтарди. Ҳакам буни ўз вақтида кўра олди. Достон Ҳамдамов "нуқта"ни голга айлантирди.
Орадан яна 2 дақиқа ўтиб, ҳисобдаги фарқ иккитага ошди. Олис масофадан етказилган узатмани Рибкин мушти билан уриб юборди ва ўзи йиқилиб тушди. Ўринбоев 25 метрлардан бўш қолган дарвозага зарба берди. Тўп Ораховацнинг бошидан тўрга бориб тушди.
Ўтказиб юборилган голлардан сўнг Нўъмон Ҳасанов шогирдлари олдинга ўтишга мажбур эдилар. Улар ҳужум ташкил қилишга ҳаракат қилишди. Аммо голга тортадиган вазият ярата олишмади. Боз устига, ўйин сўнгида Элдор Шомуродов Азим Аҳмедовдан қочиб кетди ва яккама-якка вазиятда дарвозани ишғол қилиб, ўйинга бутунлай нуқта қўйди!
Ушбу ғалабадан кейин "Бунёдкор" ўз очколарини 19тага етказди ҳамда "Локомотив" ва "Насаф"га тенглашиб олди. "Пахтакор" эса 12 очко билан 6-ўринда қолди.
Олий лига, 7-тур
«БУНЁДКОР» – «ПАХТАКОР» - 3:0 (ОНЛАЙН-ТРАНСЛЯЦИЯ)
ГОЛЛАР: Достон Ҳамдамов (56-пенальти), Забиҳилло Ўринбоев (58), Элдор Шомуродов (89)
Огоҳлантиришлар: Жамшид Болтабоев (56), Аднан Ораховац (66)
"Бунёдкор": Мурод Зухуров, Акмал Шораҳмедов, Акром Комилов, Шакер Зуаги (Александар Алемпиевич 68), Жавлон Иброҳимов (Отабек Шукуров 46), Сато Минори, Элдор Шомуродов, Достон Ҳамдамов, Забиҳилло Ўринбоев (Шаҳзодбек Нурматов 75), Рустам Ашурматов, Юрица Бульят.
"Пахтакор": Никита Рибкин, Аднан Ораховац (Анвар Солиев 86), Акбар Исматуллаев, Шерзод Каримов, Жалолиддин Машарипов (Темур Толипов 35), Игорь Сергеев, Даврон Ҳошимов, Азим Аҳмедов, Жамшид Болтабоев, Жавоҳир Соҳибов, Владимир Козак.
Бош ҳакам: Азиз Асимив (Тошкент)
Қанот ҳакамлари: Андрей Снетков (Янгийўл), Андрей Цапенко (Янгибозор)
Захира ҳаками: Равшан Копадзе (Фарғона)
Назоратчи: Арслон Хотамов (Тошкент)