Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Огоҳ бўлинг, фирибгар!

Баҳо:
+1 | -

Сир эмаски, фаолиятини якунлаган футболчиларнинг кейинги ҳаёти ҳар доим ҳам силлиқ кечавермайди. Расмий маълумотларга кўра, профессионал спортчиларнинг 50 фоизидан кўпроғи 2-3 йил ичида бор-йўғидан айрилиб, банкротга айланишар экан. Масалан, Майк Тайсон ана шу қисқа давр ичида 300 млн.дан кўпроқ маблағидан айрилди, МХЛ юлдузи Жек Жонсон ҳеч вақосиз қолди. Англия терма жамоасининг собиқ посбони Дэвид Жеймс эса бизнесдаги қарзларидан фориғ бўлиш учун бисотидаги 150дан ортиқ футболкалар ва ноёб совринларини аукционга қўйди.

Кўпинча спортчилар устамон фирибгарларнинг қурбонига айланишади. Ўтган йили «Вулверхэмптон» ва «Ковентри» жамоаларининг собиқ ярим ҳимоячиси Майкл Макиндо томонидан асос солинган молиявий пирамида 300га яқин мижозларни нақд 30 млн. фунтга «ўқлади». Жабрланганлар орасида Жимми Буллард ва Рой Кин каби собиқ футболчилар бор. Фаолияти давомида 500 мартадан кўпроқ майдонга тушган, жумладан, «МЮ»да муваффақиятли тўп сурган таниқли ҳужумчи Луи Саанинг бизнес оламига кириб келишига ҳам товламачи олғирлар туртки бўлишди: «2013 йили футбол билан хайрлашгач, маълум лойиҳага сармоя киритиб, чув тушдим. Хайриятки, бош­қа лойиҳалардаги иштироким муваффақиятли чиқиб, қашшоқликдан сақлаб қолди. Лекин айнан ўша нохуш воқеа­дан кейин ўзимга ўхшаган спортчиларнинг қаллоблар «тў­р»­и­га тушиб қолмасликлари учун уларга кўмакдош бўлишга аҳд қилдим». 2014 йили Луи Саа яқин дўсти Патрис Анрера билан ҳамкорликда Axis Stars корхонасига асос солди. Компаниянинг асосий мақсади -  фаолиятини давом эттираётган профессионал спортчиларга ўз маблағларини фирибгар-товламачилардан ҳимоя қилиш. «Ёш спортчи дурустгина маош ола бошлаганида доимо шундай даромад оламан, деб ўйлайди. Бундан ташқари, 20-25 ёшли спортчида ҳаётий тажриба етарли бўлмайди. Шу сабабли тез-тез хатоларга йўл қўйиши мумкин. Бундай вазиятда у ўзи тўла тушуниб етмаган лойиҳаларга сармоя киритиб, чув тушиб қолиши ҳеч гап эмас. Бизнинг асосий вазифамиз - турли келишувларни амалга оширмоқчи бўлганларга тўғри маслаҳат бериб, уларни қаллоблар тузоғига тушиб қолишдан асраш», - дейди Саа.

Ҳозирда 200га яқин малакали мутахассислар Axis Stars билан ҳамкорлик қилишмоқда. Улар ҳар қандай масалаларда - янги шартномани тузиш, суғурта хизматларидан фойдаланиш, ҳомийлар билан алоқа қилишдан тортиб турли йўналишларда ўз мижозларига маслаҳат беришади. Ваҳоланки, шу турдаги бош муассасалар ўз мижозларидан камида 250 евро миқдорида аъзолик бадали олишади.  Йирикроқ компанияларда бу сумма янада кўпроқ. Axis Starsга мурожаат эса бепул. Ҳар қайси спортчидан келишувга эришган тақдирдагина 1,5 фоиз хизмат ҳақи олади, холос. «Корхонамиз тобора ривожланиб бормоқда. Мижозлар биздан ҳар қандай масалада маслаҳат олишлари мумкин. Ҳатто, қайси меҳмонхонада тўхташ, қайси шифокордан муолажа олиш ёки қаердан харид қилиш манфаатлироқ бўлиши хусусида ҳам кўрсатмалар берамиз. Мақсадимиз - барча ҳаётий масалаларда тўғри йўл кўрсата оладиган гипермаркет даражасига кўтарилиш», - дейди собиқ ҳужумчи. Axis Stars хизматидан фойдаланаётганларнинг сони тобора кўпайиб бормоқда. Улар орасида футболчи Дидье Дрогба, МБА баскетболчиси  Борис Диао, Олимпиада чемпиони, енгил атлетикачи Муҳаммад Фара, теннисчи Гаэль Манфис каби таниқли спортчилар бор. Яқинда муассаса хизмат доирасини янада кенгайтирди, эндиликда унинг хизматидан шоу-бизнес вакиллари ҳам фойдаланишлари мумкин. «Компаниямизнинг бош мақсади - хавфсизликни таъминлаш. Биз энди ўз фаолиятимизни бошлаган пайт хавфсизлик тизими Лионель Месси номи остида қайдномадан ўтишга бўлган 500дан ортиқ уринишларни аниқлаб, уларни бартараф этди. Шахсни аниқлаш кўп вақтни талаб этсада, бу борада ҳушёрликни йўқотмаслик талаб этилади. Компаниянинг мижозлари ўртасидаги нуфузи катта аҳамиятга эга», - деди Луи.

Тез орада Axis Stars профессионал футболчилар халқаро ассоциацияси (FIFPro) билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятида. Шу тариқа, у билан ҳамкорлик қилаётган таниқли спорт юлдузларининг сони 2016 йил охирида 2000 нафарга етади. 2020 йилга бориб, бу кўрсаткич 25000дан ўтиши режалаштирилмоқда. Компанияда хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида Саа маркетинг бўйича директор лавозимига «МЮ» собиқ бошқарув директори Майк Фэрнанни таклиф этди. Бу мутахассиснинг дастлабки қадами Axis Starsнинг Мобил иловасини яратиш бўлди. Орадан бир ой ўтгач, мазкур лойиҳа Sports Technology Awards-2016 танловида «Энг яхши спорт иловаси» совринига сазовор бўлди. Ўтган йили ҳам Саа битта совринга эга чиққанди - Африканинг энг яхши футболчисини аниқлаш маросимида Axis Stars «Энг яхши бизнес лойи­ҳа» мукофотига лойиқ кўрилганди.

«Компаниямиз фаолияти давомида муайян ишонч ва нуфузга эга бўлди. Мен ўз лойиҳам билан футбол майдонидаги натижаларимдан кўра кўпроқ фахрланаман. Бундан ташқари, корхонамиз топаётган даромаднинг 10 фоизи хайрия ишларига сарфланаётганидан беҳад мамнунман», - деди собиқ ҳужумчи. Дарвоқе, Луи ёшлигида дарвозабон бўлишни орзу қилган, лекин охир-оқибат, ҳужумчи сифатида шуҳрат қозонганди. Орадан йиллар ўтиб, болаликдаги орзуси рўёбга чиқди, десак хато бўлмайди. Фақат собиқ футболчининг ҳозирги вазифаси бироз бош­қачароқ - у ўз дарвозасини тўплардан эмас, ўзига ўхшаган спортчиларни ҳаёт сўқмоқларидаги қоқилишлардан ҳимоя қилади!

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 18:53, 09.05.2016.
Ўқилди: 4259 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.