Англиянинг “Манчестер Сити” клуби бош мураббийи Мануэль Пеллегрини “Эвертон” жамоаси бош мураббийлик постини эгаллаши мумкин.
Пеллегринининг “шаҳарликлар” билан амалдаги шартномаси ёзда ўз якунига етади. Келгуси мавсумдан “Манчестер Сити” жамоасини “Бавария”нинг ҳозирги бош мураббийи испаниялик мутахассис Хосеп Гвардиола бошқаради. Чилилик мутахассис Англияда ишлашда давом этишини билдирди ва шуни қўшимча қилдики, Пеллегрини мураббийлик фаолиятида дам олишни истамаяпти.
“Эвертон” жамоаси бош мураббийи Роберто Мартинес ўз лавозимидан бўшатилади дегап миш-мишлар Англияда анча олдин тарқалганди. Хабар қилинишича, катта эҳтимол билан Пеллегрини “Эвертон”ни бошқаришга қарши эмас. Ушбу танлов нафақат мутахассисни, балки унинг оиласини ҳам қониқтиради. Чунки Мануэль Пеллегрини анчадан бери оиласи билан Англияда истиқомад қилиб келмоқда ва ҳозирги турар жойини ўзгартириш ниятида эмас.
Маълумот ўрнида, бундан олдин Пеллегринига Италиянинг “Милан” ҳамда Россиянинг “Зенит” жамоалари даъвогарлик қилишган.