—«Қизилқум» жамоасини бугунги ғалаба билан табриклайман Учрашувни ёмон бошламагандик. Афсуски, ҳимоядаги қўпол хатолар бизга жуда қимматга тушди. Рақибимизнинг стантдарт вазиятларда хавфли ўйнаши хусусида йигитларимизни аввалдан огоҳлантиргандим. Айнан навоийликлар ана шундай вазиятда ҳисобни тенглаштиришди.
Чемпионатда жамоамиз аста-секин ўз ўйинини топиб боряпти. Уйдаги ўйинларни ҳисобга олмаганда сафарда ҳозирча бирорта очкони қўлга киртмадик. Бугун Навоийга ҳам фақат ғалаба учун келган эдик. Шу боис, рақиб майдонида ҳам икки ҳужумчи билан ўйнашга қарор қилдик. Балки ҳимоявий футбол намойиш қилганимизда мақсадимизга эришармидик, деб ўйлайман.
Мухлислар деярли тенг кучли икки жамоа учрашувига гувоҳ бўлишди. Яратилган вазиятлардан унумли фойдаланганимизда уйга ҳеч бўлмаса бир очко билан ҳам қайтишимиз мумкин эди. Ўйин ниҳоятда асабий руҳда кечди. «Қизилқум» охирги икки ўйинда мағлубиятга учраган, биз эса меҳмонда очко ололмаётган эдик. Улар ғалабани сақлаб қолиш, йигитларимиз эса ижобий натижа учун курашиш йўлида ҳеч нарсадан тап тортишмади. Натижада ҳакам кўп бора чўнтагидан сариқ карточкалар чиқарганига гувоҳ бўлдик.
Яна бир ҳафтадан кейин Ўзбекистон кубоги нимчорак финал босқичи жавоб учрашувини Андижонда айнан «Қизилқум»га қарши ўтказамиз. Навоийликлар билан ҳозиргача ўтказилган икки ўйин биз учун етарли сабоқ бўлди, деб ўйлайман. Чунки муваффақиятсизликлар жамоамиз аъзоларига ҳам, андижонлик мухлисларга ҳам ёқмаяпти. Мақсадимиз эса чемпионат ва мамлакат кубоги учрашувларида чиройли ўйин намойиш этиб, мухлисларни хурсанд қилишдир, – дейди Ашурматов.