Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Равшан Эрматов: «Ҳакам босимга берилмасдан қонун-қоидаларга таянган ҳолда ўйинни бошқариши керак»

Баҳо:
+1 | -

— Равшан ака, кўплаб мухлислардан илтимос тушди. Бўлиб ўтган "Локомотив" ва "Пахтакор" клублари ўртасидаги пойтахти дербиси ва ундан кейинги гап-сўзларга Сизнинг фикрингизни билмоқчи эдим.
— Сиз ҳали ҳам ўша ўйини эслаб юрибсизми :)? Мен у ўйинни аллақачон таҳлил қилиб, эсимдан чиқариб бўлдим. Ҳозир Японияда ОЧЛ ўйинига тайёргарлик кўряпман.

— Аммо мухлисларнинг илтимосини ерда қолдира олмайман.
— Нима ҳақида сўрамоқчи бўлаётганингизни тушуниб турибман. Мен бу мураббийни анчадан бери биламан. Бу сўзлар унинг шахсий фикри бўлмаса керак. Бу мураббий ҳимоячи тўпни қўли билан атайлаб ўйнасагина ва қўл нотабиий ҳолатда бўлсагина қоида бузилишини яхши билади. Мен бу вазиятда ҳимоячи тўпга қўли билан атайлаб ўйнамаганини ва тўп унинг қўлига текканда қўл табиий ҳолатда эканини аниқ кўрдим. Бу вазиятда пенальти белгилаш учун ҳеч қандай асос йўқ эди.

Симуляция ишлатилган вазиятда чиқарган қарорим бўйича ҳам заррача шубҳам йўқ. Машарипов ёш ва яхши футболчи. У симуляция қилишни бас қилса, бундан ҳам яхшироқ ўйниши мумкинлигини ўша куни майдонда Жалолиддиннинг ўзига ҳам айтдим. Бундай ёлғон йўл билан ўзини, рақибни, ҳакамни ва мухлисларни алдаб натижага эришишни ният қилган ва мухлислар орасида норозилик келтириб чиқарадиган футболчиларга жиддийроқ жазо қўллаш керак деб ҳисоблайман.

"Пахтакор" мураббийи томонидан билдирилган учинчи ҳолат бўйича фикрим шундай: футболчилар бир-бирларини қўли билан тўсиш каби майда вазиятлар ҳар ўйинда камида 7-8 марта бўлади ва мен ҳали ҳеч бир ўйинда шунча пенальти белгиланганини кўрганим йўқ. Ушбу ўйинда ҳам бундай вазиятлар кўп бўлди ва мен иккала жамоага бир хил қарор чиқариб, ўйнашга, курашишга имконият бердим. Футбол — балет эмас ва футболчилар курашчан футболга кўникишлари керак ва ҳакамлар ҳам футболни яхши ҳис килган ҳолда бунга йўл қўйиб беришлари лозим. Шунда футбол мухлислар учун қизиқарли бўлади ва албатта терма жамоамизга ҳам курашчан ва иродали футболчиларни етказиб беришга ёрдам беради.

Ўйлайманки, "Локомотив" - "Пахтакор" ўйинида жиддий хатолар бўлмади ва мен ўз ишимни ҳалол ва профессионалларча бажардим. Буни ўйиннинг эртасига "Пахтакор" жамоаси раҳбарияти ҳам вазиятларни қайта такрори билан кўриб чиқиб, барча қарорлар тўғри бўлганини тан олди ва ЎФФга берган аризани қайтариб олганини маълум қилди.

— Сизга "Пахтакор" мураббийининг ўзи қўнғироқ қилдими?
— Йўқ. Тажрибали ва доим соғлом фикрлай олиши билан ажралиб турадиган мутахассис Григорий Цейтлин қўнғироқ қилди.

— Сиз буни қандай қабул қилдингиз?
— Мен кўнглимда кир сақлаб юрадиган инсон эмасман. Футболда бундай эҳтиросли вазиятлар бўлиб туради. Агар кимдир этика ва ахлоқ меъёрларига риоя қилмаган бўлса, бу унинг муаммоси. Бунинг учун ўзи жавоб беради.

— Балки бу атайлаб ҳакамларга босим ўтказиш учун гапирилган гаплардир?
— Билмадим, бундай уринишларни бас қилиш керак. Ҳакамларга босим ўтказиб натижага эришадиган вақтлар аллақачон ўтиб кетган. "Пахтакор"дек жамоа кимнингдир ёрдамига муҳтож деб ўйламайман. Бу каби гапларни тинглашга ва уни муҳокама қилишга вақтим ҳам, хоҳишим ҳам йўқ. Менга босим ўтказиш бефойда эканини яхши билишади. Менда тарафкашлик деган тушунчанинг ўзи йўқ. Ўзбекистондаги барча жамоаларни бирдек кўраман ва ҳурмат қиламан.

Энг муҳими ўйин адолатли бўлиши зарур. Бу футбол ва уни хатолар ўйини дейишади, унда ҳамма хато килади, асосийси, бу атайлаб қилинган хато бўлмаслиги шарт.

Яна бир муҳим жиҳат. Футболимиз ривожи учун хизмат қилаётган барча инсонлар бир-биридан майда-чуйда камчилик қидирмасдан, балки қилинган меҳнатни ҲУРМАТ қилишни ўрганишимиз керак деб ўйлайман.

— Мухлислар орасида ҳам муҳокамалар кўп бўлди. Сиз улар билан ҳам гаплашиб турасизми?
— Ҳар иккала жамоа мухлислари орасида дўстларим ва танишларим бор. Албатта, мухлисларни тўғри тушунаман. Улар ҳар бир вазият юзасидан ўз жамоалари фойдасига қарор чиқарилишини исташади, лекин ҳакам босимга тушмасдан, холис бўлиб, вазиятларни нейтрал кўз билан кўриши ва футбол қонун-қоидаларини бир хил қўллаган ҳолда ўйинни бошқариши керак. Футбол қонун-қоидаларида кўплаб ўзгаришлар бўляпти ва буни мутахассислар ва футболчилар яхши билишлари шарт, ва албатта, мухлисларни ҳам ўз вақтида хабардор қилиб бориш керак. Шунда турли хил тушунмовчиликларнинг олдини олса бўлади.

Фурсатдан фойдаланиб, бундан олдинги турдаги "Қўкон-1912" - "Бунёдкор" ўйинига тўхталиб ўтсам. Ўз жамоаси мағлубиятга учрашига қарамасдан стадионга келган мухлислар аввало чиройли футбол учун мухлислик қилишди ва ўз маданияти билан ажойиб футбол атмосферасини яратиб беришди. Бундай футболдан барча завқ олди. Бу каби ҳолат Ватанимиздаги кўп стадионларда кузатиляпти. Бунинг учун мухлисларга алоҳида раҳмат айтмоқчиман.

Юртимизда футболимиз ривожи учун барча шароитлар яратилиб бериляпти. Ишқибозларимиз жон куйдириб, мухлислик маданиятини янги савияга олиб чиққан бир пайтда, биз мутахассислар ҳам ўз устимизда жиддий ишлаб, камчиликларни четдан эмас, аввало ўзимиздан қидириб, футболимиз сифатини янада яхшироқ поғонага олиб чиқиш йўлида боримизни бериб меҳнат қилмасак ношукурлик бўлади. Футболимиз юзи бўлган миллий терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқиши учун ҳар биримиз бирлашиб аҳил футбол оиласи бўлиб ўз ҳиссамизни қўшиш ҳақида ўйласак, мақсадга мувофик бўларди.

— Сизнинг руҳий ҳолатингизни издан чиқариш қийинлигини ва босиқ инсон эканингизни яхши биламиз. Бу воқеадан бироз бўлса ҳам ранжидингизми?
— Йўқ. Ота-боболаримиз жаҳл чиқса, ақл кетади дейишган. Ҳар қандай муаммони жаҳл ва тажовуз билан эмас, балки сабр, ақл ва тафаккур билан енгиш — ўзбек халқига хос фазилат. Мен буни энг тўғри йўл деб биламан.

Анвар Шукуров суҳбатлашди.

Манба: stadion.uz
Киритилди: 16:46, 16.05.2016.
Ўқилди: 7464 марта.
Фикрлар: 11 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.