Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

ОЧЛ-2016даги энг яхшилар ҳақида

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, бугун ва эртага ОЧЛ-2016 баҳслари давом эттирилади - навбатда нимчорак финал босқичи. Айтиш жоиз, гуруҳ раунди доирасидаги ҳар бир ўйиннинг энг яхши футболчиси аниқлаб борилди. Қоидага кўра, бу ОФК томонидан йил якунида қитъанинг энг фойдали футболчиларини аниқлаш жараёнида инобатга олинажак техник ҳолатдир. Энди таҳлилга ўтсак, эътиборли томони, Эрон вакили - «Зоб-Оҳан» иштирокидаги 6та ўйинда ҳам унинг аъзоси энг яхши футболчи сифатида эътироф этилди. Қолаверса, «Зоб-Оҳан»да турли амплуа ўйинчилари ўзларини кўрсатишдики, бу энди мавсум якунида жамоадан қаҳрамонлар чиқишига ишора бўлса, ажабмас. Ўз навбатида, ҳозирданоқ қитъада йил лауреатига айланиш учун яққол даъвогар кўзга ташланаётганини таъкидлаш жоиз - «Ал-Айн» сардори Умар Абдулраҳмон. У ОЧЛ гуруҳ босқичидаги 4та ўйинда маҳорат бобида бошқалардан ажралиб турди.  Ҳарқалай, ОФК-нинг махсус вакиллари нақ 4 марта энг юқори баҳони айнан Алдулраҳмонга муносиб кўришди. Агарда БАА терма жамоаси ЖЧ-2018 саралаш босқичини яхши давом эттирса,  футболчида «Йил футболчиси» бўлиш имконияти анча ошади. Қувонтирадиган жиҳати, ватандошларимиз Игорь Сергеев ОЧЛ ўйинларида нақ 3 марта юқори баҳо олди. Демак, қуйида турнирнинг гуруҳ босқичи ўйинларининг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган айрим осиёликлар ҳақида маълумотларни тақдим этамиз.

Умар Абдулраҳмон. Ёши: 24. Клуби: «Ал-Айн» (БАА). Рақами: 10. ОЧЛдаги ўйинлари сони (бутун фаолияти давомида): 36та (2774 дақиқа). ОЧЛдаги голлари сони (бутун фаолияти давомида): 7та. ОЧЛда 2010 йили дебют қилган. Ёш бўлишига қарамай, ўз клубида сардорлик қилаётган бу футболчига араб дунёсида катта эътибор билан қарашади. У БАА футболи «олтин авлоди» вакилларидан биридир. «Ал-Айн» ярим ҳимоясида Ли Мюнг Жу, Данило Асприлья, Диаки Иброҳим  ва Фелипе Бастос каби футболчилар билан баҳамжиҳат ўйнайди. 19 апрель куни Қаршида «Насаф» меҳмони бўлган «Ал-Айн» илк дақиқада Мақсуд Каримовдан гол қабул қилиб олгач, рақибнинг Умар бошчилигидаги ярим ҳимояси Рўзиқул Бердиев шогирдларини анча қийнаб қўйганди. У аксарият араб футболчиларидан фарқли равишда, ўйин интизомига тўлиқ амал қилади, шерикларидан ҳам шуни талаб этади. Агарда бу футболчи жаҳон чемпионатида бир мартагина ўйнаса, ке-йинчалик қитъада унга рақобат тақдим этадиган ярим ҳимоячи топилмаса керак.

 

Игорь Сергеев. Ёши: 23. Клуби: «Пахтакор» (Ўзбекистон). Рақами: 11. ОЧЛдаги ўйинлари сони (бутун фаолияти давомида): 19та (1563 дақиқа). ОЧЛдаги голлари сони (бутун фаолияти давомида): 8та. ОЧЛда 2011 йили дебют қилган. «Пахтакор»нинг энг ишонган футболчиси. Жамоа гарчи турнирнинг кейинги босқичига чиқолмаган бўлсада, ўз иштирокидан уялмаслиги керак. Ҳар ҳолда, «шерлар» ОЧЛда олий лигадагидан фарқли ўлароқ, нисбатан  мазмунли ўйин кўрсатишди. Бунда айниқса, тўпурар Игорь Сергеевнинг ҳиссаси катта. 11-рақамли футболчилар анънасини муносиб давом эттираётган Игорь пенальти ишлаш ва уни ижро этиш ҳадисини олган. Клубда яна Темур Толипов ва Акобир Тўраев каби номинал ҳужумчилар бор, аммо олдинги чизиқни Игорсиз тасаввур қилиш мушкул. Умуман, Сергеев учун Осиёнинг гранд клубларидан бирига ўтиш вақти келгандек.

 

Лей Ву. Ёши: 24. Клуби: «Шанхай Теллэйс» (Хитой). Рақами: 7. ОЧЛдаги ўйинлари сони (бутун фаолияти давомида): 6та (540 дақиқа). ОЧЛдаги голлари сони (бутун фаолияти давомида): 5та. ОЧЛда 2016 йили дебют қилди. Одатда 7-рақам ярим ҳимоячиларга берилади. «Шанхай Теллэйс» ҳужумчиси бу рақамни ёшлигидан яхши кўриши ва шунинг учун олганлигини кўп бора таъкидлаган. Эътиборли факт: Лей Ву Хитой супер-лигасида илк марта майдонга тушгани (2006 йил 2 сентябрь)да, 14 ёшу 287 кунлик (!) эди. Бу мамлакатда яқин 10 йилдан бери янгиланмаётган рекорддир. «Генбао» академияси тарбияланувчиси Элкесондек  таниқли ҳужумчи билан тандем ҳосил қилиб, Хитой футболи осмонида Хао Хайдонгдан сўнг яна бир кучли ҳужумчи пайдо бўлаётганини кўрсатмоқда. Бўйи 174 сантиметрга тенг бу йигит сўзсиз, мавсум кашфиёти номига даъвогардир.

 

Маҳди Ражабзода. Ёши: 37. Клуби: «Зоб-Оҳан» (Эрон). ОЧЛдаги ўйинлари сони (бутун фаолияти давомида): 23та (1913 дақиқа). ОЧЛдаги голлари сони (бутун фаолияти давомида): 7та. ОЧЛда 2010 йили дебют қилган. «Зоб-Оҳан» 2010 йили ОЧЛ финалига чиққанида, кўпчилик буни омадга йўйганди. Ўшанда мавсум ўртасида клуб сафига қўшилган  Ражабзода гол уришни яхшигина дўндирганди. 2012 йилдан кейингина тез-тез жамоа алмаштириш одатини ташлаган Ражабзода Эронда Али Даи ва Худодод Азизи билан ўйнаган ва улардан кўп нарса ўрганган амалдаги кам сонли футболчилардан биридир. У роппа-роса 100та гол билан Эрон про-лигасининг умумий тўпурарлари рўйхатида 3-ўринни эгаллаб турибди. «Зоб-Оҳан» жорий турнирда 2010 йилги натижасини такрорлашни уддаласа, бу фахрий ҳужумчи учун футболдан кетиш арафасидаги яхшигина юриш ҳисобланади. Тўғри, Ражабзоданинг ўзи ҳозирча бутсаларини михга илиши ҳақида оғиз очмаяпти.

 

Муто Юки. Ёши: 27. Клуби: «Урава Редс Даймондс» (Япония). ОЧЛдаги ўйинлари сони (бутун фаолияти давомида): 12та (811 дақиқа). ОЧЛдаги голлари сони (бутун фаолияти давомида): 4та. ОЧЛда 2013 йили дебют қилган. 2015 йилнинг 23 июлида Япония терма жамоасига чақирилган Юки 2та ўйинда шунча  гол урди. Унда ҳали юзага чиқмаган қобилият бордек. Япон матбуоти Мутони «Мураббий ўйинчиси», дея таърифлайди. Чунки у ўзига топширилган вазифани бажаришга ўрганган интизомли футболчилар тоифасидан. Ўзи япон футболида Хидетоши Накатани ҳисобга олмасак, бошқа «бемалолхўжа» ўйинчи чиқмаган. Юкининг 1-турда «Сидней» дарвозасига  урган голи кўп нарсани ҳал қилиб берди. Шунингдек, у Японияда ОЧЛнинг амалдаги ғолиби - «Гуанжоу Эвергранд»га қарши кечган баҳсда ягона гол муаллифига айланди. Айтишларича, «Урава Редс» бош мураббийи Михало Петрович ҳаракатчан шогирдини Европа клубларига тавсия этишга ҳам улгурган.

 

Квон Чанг Хун. Ёши: 21. Клуби: «Сувон Самсунг Блюуингз» (Жанубий Корея). ОЧЛдаги ўйинлари сони (бутун фаолияти давомида): 13та (893 дақиқа). ОЧЛдаги голлари сони (бутун фаолияти давомида): 3та. ОЧЛда 2013 йили дебют қилган. Клуб тарбияланувчиси саналган Чанг Хун ўз мамлакатининг барча ёш тоифасидаги терма жамоалари учун ўйнашга улгурди. Унинг ҳаракатлари қайсидир жиҳати билан ўша Парк Жи Сунни эслатади. Йигитчада айниқса, ўзига хос финт санъати ривожланган, бундан ташқари, у югуриш ва рақибга очиқ кураш таклиф қилишни хуш кўради. Маҳорати тинмай ошиб бораётганини инобатга олиб, қитъамизда яхши савияли яна бир ярим ҳимоячи бош кўтараётганини таъкидлаш мумкин. Бўйи 174 сантиметр, вазни 66 килограммга тенг бу футболчи ОЧЛда ҳар мавсум биттадан гол уриб келмоқда. Клубининг ярим ҳимоясида Жи Хун Баек, Санг Хо Ли, Ки Хун Йеом ва Вон Хи Чо каби футболчилардан катта дарс олмоқда. Бироқ ОЧЛдаги фаолиятини насиб этса, кейинги мавсум давом эттиради - сабаби тушунарли.

 

Асано Такума. Ёши: 21. Клуби: «Санфречче Хиросима» (Япония). ОЧЛдаги ўйинлари сони (бутун фаолияти давомида): 14та (667 дақиқа). ОЧЛдаги голлари сони (бутун фаолияти давомида): 7та. ОЧЛда 2013 йили дебют қилган. 2014 йили асосан захирадан ўйинга қўшилиш билан чекланган Асано ўтган мавсум J-лигасида 9та гол уриб, яхши савияга эга эканлигини исботлади. Ҳа, ОЧЛ-2016да унинг жамоасига омад кулиб боқмади. Лекин хиросималиклар 6та ўйинда рақиблари дарвозасини 9 марта нишонга олишди. Дарвоқе, Асано бир йилдан буён Япония терма жамоасига ҳам жалб этиляпти. Лекин ҳозирча унинг асосий таркибга кириш имконияти анча паст.

 

Ли Донг Гук. Ёши: 37. Клуби: «Чонбук Хюндай Моторс» (Жанубий Корея). ОЧЛдаги ўйинлари сони (бутун фаолияти давомида): 49та (3908 дақиқа). ОЧЛдаги голлари сони (бутун фаолияти давомида): 30та. ОЧЛда 2010 йили дебют қилган. Ўта интизомли бу футболчи ОЧЛда деярли 50 марта майдонга тушган бўлсада, атиги 2та сариқ карточка олган. 2009, 2011, 2014 ва 2015 йилларда Ж.Корея чемпионатида ғалаба гаштини сурган  фахрий ҳужумчига осиёлик ҳар қандай футболчи ҳавас қилса арзийди. Ҳозирга қадар беҳисоб совринлар ютган Ли Донг Гук кучли мотивацияни қаердан топяпти, очиғи, ҳайронмиз. Айтганча, у 2011 йили ОЧЛнинг энг фойдали футболчиси бўлганди. Демак, корейс ҳужумчиси орадан 5 йил ўтиб, яна бир марта бу мақомни олишга уриниб кўради.

Фикрат тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:26, 22.05.2016.
Ўқилди: 5823 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.