Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Футзалчиларимиз Колумбияга шунчаки, иштирок учун боришмайди?!

Баҳо:
+ | -

Шанба куни футзал бўйича Ўзбекистон XX миллий чемпионати якунланиб, мавсумнинг ғолиб ва совриндорлари, йил қаҳрамонлари аниқланди. Тошкентнинг «Ардус» клуби қаторасига иккинчи маротаба Ўзбекистон кубоги соҳиби, пойтахт вилоятининг «Олмалиқ» жамоаси эса мамлакат чемпионига айланди. Шунингдек, «Ардус» жамоаси чемпионат кумуш медалларини ҳам қўлга киритди. «Дўстлик-AIN» клубига бронза медаллар насиб қилди. Газетамизнинг ўтган сонида номинациялар бўйича ғолибларни ҳам таништирган эдик. Унга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва «Ардус» клуби ҳужумчиси Дилшод Раҳматов 2015-2016 йилги мавсумнинг энг яхши футзалчиси, деб топилганди. Раҳматов мавсум давомида рақиблар дарвозасини 20 марта аниқ нишонга олди. Тўғри, у тўпурар бўлгани йўқ, лекин мавсум давомида жамоаси муваффақиятларига муносиб улуш қўшди. Маълумот учун, тўпурарлар пойгасида 39та гол билан «Олмалиқ» ҳужумчиси Жамолиддин Шарипов ғолиб чиқди. Биз Ўзбекистон чемпиони номини аниқлаб берган учрашувдан сўнг мавсумнинг энг яхши футзалчисидан интервью олдик.

- Дилшод, биринчи навбатда мавсумнинг энг яхши футзалчиси бўлганингиз билан табриклаймиз.

- Табрик учун раҳмат. Биласизми, бу номинацияда ғолиб бўлиш яхши. Лекин бунда жамоадошларимнинг хизматлари катта бўлди. Шу боис, менга берилган мукофотни бутун «Ардус»ники деб ҳисоблайман.

- Учта учрашувдан иборат финал баҳсида мағлубиятга учрадинглар. Аслида, бу серияни ғалаба билан бошлаган эдинглар. Лекин кейин кетма-кет иккита ўйинда рақибга имконият бой берилди. Бунинг сабаби нимада?

- Ҳа, жуда ҳам аламли мағлубият бўлди. Финалнинг илк ўйинида анча ишончли ғалабани қўлга киритгандик. Афсуски, иккинчи учрашувга юз фоиз тайёрлана олмадик. Биринчи ўйинда кўп куч йўқотганимиз боис, йигитларда чарчоқ аломатлари сезилиб қолди. Чемпион номини аниқлаб берган сўнгги учинчи ўйинда эса «Олмалиқ» жамоасига омад кулиб боқди. Бир томондан омад ҳам деб бўлмайди. Биз юзага келтирган имкониятларимиздан фойдалана олмадик. Қолаверса, терма жамоамизнинг биринчи рақамли дарвозабони Рустам Умаров ҳам ўз услубида ажойиб ўйин намойиш этиб, жамоани муқаррар голлардан сақлаб қолди. Фурсатдан фойдаланиб, «Олмалиқ»ни чемпионлик билан табриклайман.

- «Олмалиқ» билан Ўзбекистон кубоги финалида ҳам тўқнаш келдинглар. Лекин чемпионатдан фарқли равишда кубокда зафар қучдинглар...

- Мавсумни ҳеч бўлмаса битта соврин билан тугатишимиз керак эди. Тан олиш керак, «Олмалиқ» кучли жамоа. Деярли барча футзалчилари терма жамоа аъзолари ҳисобланишади. Шундай кучли жамоани мағлуб этганимиз чемпионат финали олдидан кайфиятимизни кўтарган эди. Афсус, бу бизга муҳим учрашувда ёрдам бера олмади.

- Кубок финалида «Олмалиқ»ни ниманинг эвазига мағлуб этдинглар?

- Менимча, кўпроқ хоҳишнинг эвазига зафар қучдик, деб ўйлайман. Ўйин билан ўйиннинг фарқи бўлади. Ҳамиша ҳам ғалаба қозонишнинг иложи йўқ.

- Чемпионатнинг аввалги босқичларидаги иккита уйинда ҳам айнан «Олмалиқ» жамоасига ютқазгандинглар. Ўша ўйинлар омадсизликмиди ёки рақиб жамоа яхши уйнаганмиди?

- Унда «Олмалиқ» футзалчилари бизнинг хатолардан унумли фойдаланишган эди. Кубок финалида ўша йўл қўйилган хатоларни такрорламаганимиз учун ғалабага эришгандик. Мураббийимиз Хосе Мария Мендезнинг кўрсатмаларини бекаму-кўст бажаргандик. Кейин юқорида айтдим, «Олмалиқ» клубининг аксарият футзалчилари миллий терма жамоада ҳам ўйнайди. Айтмоқчи бўлганим, уларнинг ўйин услуби ҳам худди бизникига ўхшайди. Улар бизни жуда яхши билишади. Ўзи ўйинда ким кам хатога йўл қўйса ва аксинча, қайси жамоа футзалчиларининг кўзи ёниб майдонга тушса, ўша жамоа ютади. Яна бир нарсани айтиш ёдимдан кўтарилибди. «Олмалиқ»қа қарши кечган кубокнинг финал учрашувида рақиб жамоанинг етакчи ўйинчилари жароҳат олишган эди. Асосан 6-7 нафар футзалчиси ўйнади. Табиийки, уларга катта юклама тушди. Бизда эса аксинча, иккита тўртлик тез-тез алмашиб майдонда ҳаракат қилди.

- 19 май куни жаҳон чемпионатининг финал босқичига қуръа ташланади. Шахсан сиз қайси жамоалар билан бир гуруҳга тушишни истамаган бўлардингиз?

- Жаҳон чемпионатида ўз қитъаларининг энг кучли терма жамоалари иштирок этишади. Шу боис, ҳар бир рақиб оддий жамоа бўлмайди. Шундай бўлсада, Бразилия, Испания, Италия каби кучли жамоалар билан бир гуруҳга тушмасак яхши бўларди. Гуруҳдаги илк ўйинда ғалаба қозонишимизни истардим. Чунки бу ҳолат йигитларнинг кайфиятини янада кўтарган бўларди. Ўз навбатида, биз бошқа жамоаларга сирли рақиб бўламиз. Улар бизга қарши ўйинларда менсимаган ҳолда ҳаракат қилишлари мумкин. Бу эса бизнинг фойдамизга хизмат қилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Колумбияга шунчаки иштирок этиб келиш учун бормаймиз. Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиб, илк вазифани бажардик. Энди ўз олдимизга янги довонларни забт этиш вазифасини ҳам қўйишимиз керак. Ўйлайманки, мундиалда мухлисларимизни уялтирмайдиган ўйин намойиш этамиз.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:55, 26.05.2016.
Ўқилди: 3214 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.