Кириш Регистрация
17/05 00:30 Альмерия 0-2 Барселона
17/05 01:00 Реал Сосьедад 1-0 Валенсия
17/05 23:45 Фиорентина 2-2 Наполи
18/05 21:00 Лечче - Аталанта
18/05 23:45 Торино - Милан
19/05 00:00 Алавес - Хетафе
19/05 15:30 Сассуоло - Кальяри
19/05 18:00 Монца - Фрозиноне
19/05 18:00 Удинезе - Эмполи
19/05 20:00 Манчестер Сити - Вест Хэм
19/05 20:00 Шеффилд Юнайтед - Тоттенхэм
19/05 20:00 Арсенал - Эвертон
19/05 20:00 Брентфорд - Ньюкасл
19/05 20:00 Брайтон - Ман. Юнайтед
19/05 20:00 Бёрнли - Ноттингем Форест
19/05 20:00 Челси - Борнмут
19/05 20:00 Кристал Пэлас - Астон Вилла
19/05 20:00 Ливерпуль - Вулверхэмптон
19/05 20:00 Лутон - Фулхэм
19/05 21:00 Интер - Лацио
19/05 22:00 Валенсия - Жирона
19/05 22:00 Вильярреал - Реал Мадрид
19/05 22:00 Атлетик Бильбао - Севилья
19/05 22:00 Атлетико - Осасуна
19/05 22:00 Барселона - Райо Вальекано
19/05 22:00 Бетис - Реал Сосьедад
19/05 22:00 Кадис - Лас-Пальмас
19/05 22:00 Мальорка - Альмерия
19/05 22:00 Гранада - Сельта
19/05 23:45 Рома - Женоа
20/05 00:00 Лорьян - Клермон
20/05 00:00 Монако - Нант
20/05 00:00 Лилль - Ницца
20/05 00:00 Лион - Страсбур
20/05 00:00 Ланс - Монпелье
20/05 00:00 Тулуза - Брест
20/05 00:00 Гавр - Марсель
20/05 00:00 Метц - ПСЖ

«Энг яхши» мақоми етакчиликдан далолатми?

Баҳо:
+ | -

Ўтган ҳафта кубок ўйинларига навбат берилди ва олий лига бироз тин олди. Натижада миллий чемпио­натимизга доир баъзи статистик кўрсаткичларни кўриб чиқиш имконияти юзага келди. Биласиз, олий лига доирасидаги ҳар бир ўйиндан сўнг унинг энг яхши футболчилари ПФЛ қайдномасида алоҳида кўрсатилмоқда. Яъни жамоаларнинг ўйиндаги энг фаол футболчисини аниқлаш расмий мақомга эга. Айтганча, бу ишни айнан «ИнтерФутбол» бошлаб берган ва кейинчалик ПФЛ ҳам амалга татбиқ этганди. Хуллас, бугун учрашувларда ўз клубининг энг яхши ўйинчиси бўлган (аниқроғи, тегишли мутасадди томонидан шундай эътироф этилган) футболчиларга эътибор қаратамиз. Қани, кўрайликчи, расмий қайдномага «Энг яхши» сифатида тушиш етакчиликдан далолатми ёки муайян битта ўйиндаги фаоллик самараси холос? Ҳозиргача олий лига-2016 тақвимидан ўрин олган 9та тур ортда қолганидан хабарингиз бор. Демакки, мухлислар жами 72та ўйинга гувоҳ бўлишди. Уларда неча нафар футболчи алоҳида эътироф этилди? Қайси жамоаларда яққол етакчи ажралиб турибди? Қуйида олий лига иштирокчиларига бирма-бир нигоҳ солиб, шу масалаларга ойдинлик киритамиз.

«ЛОКОМОТИВ»

Сервер Жепаров - 3 марта

Темурхўжа Абдухолиқов - 2 марта

Сардор Мирзаев - 2 марта

Ислом Тўхтахўжаев - 1 марта

Марат Бикмаев - 1 марта

«Темирйўлчилар» таркибида бош юлдуз мақоми бежиз хорижда кўп ризқ териб қайтган Сервер Жепаровга тегишли эмаслиги амалда ўз тасдиғини топмоқда. Терма жамоамиз вакили айниқса, охирги ўйинларда фаолликни оширдики, бу қувонарли ҳол. Ахир «Локо»ни олдинда ўта муҳим ўйин кутиб турибди, қолаверса, терма жамоамиз ҳам тобора ҳал қилувчи дамларга яқинлашмоқда. Бас шундай экан, сальто устасининг секин-аста барчасини ўз назоратига олаётгани айни муддао. Шунингдек, Темурхўжа Абдухолиқов асосан голлари ҳисобига икки марта энг юқори баҳо олган бўлса, Сардор Мирзаев тиним билмаслиги билан ажралиб турибди ва Самвел Бабаян эътиборини қозонишдан умидвор. Фақат, аввалги мавсумларда «Пахтакор»ни ўз ортидан эргаштирган Кахи Махарадзенинг ҳали бирор марта «Энг яхши» бўлмагани бироз ғалати туюлмоқда. Лекин грузиялик ярим ҳимоячини ҳисобдан чиқариш ярамайди. Хулоса шуки, ҳозирча етакчилик кутилганидек, Жепаров қўлида. Ҳарқалай, ўйинлар қайдномасидаги махсус бандга қарасак, шундай.

«БУНЁДКОР»

Элдор Шомуродов - 3 марта

Баҳодир Насимов - 3 марта

Сато Минори - 2 марта

Акмал Шораҳмедов - 1 марта

ОЧЛдан фарқли ўлароқ, миллий биринчиликда текис парвозни уддалаётган «қалдирғочлар» сафида етакчилик ролига даъвогар йигитлар кўп. Лекин айни пайт Элдор Шомуродов ташаббусга эга. У охирги 3та ўйинда энг юқори баҳога лойиқ кўрилди. Эътиборлиси, Элдор  5та турдан буён майдонни голсиз тарк этмаяпти ва «Бунёдкор» уларнинг барчасини ўз фойдасига ҳал қилди - умумий 16-2 ҳисобида. Шу 16та голдан нақ 6таси Шомуродов номига ёзилдики, бу кўп нарсадан далолат беради. Унинг «Энг яхши» бўйича ҳозирги асосий рақобатчиси - Баҳодир Насимовга келсак, ҳужумчи илк турлардаги голлари туфайли 3 марта эътироф этилди. Япониялик Сато Минорини ҳам ўз жойида мақташ лозим - у майдон марказидаги фаоллиги эвазига 2та ўйинда муносиб баҳо олди. Доимий етакчи Шокир Зуаги ва умидли Достон Ҳамдамов эса ҳозирча бу борада жим...

«НАСАФ»

Эркин Бойдуллаев - 2 марта

Шерзод Аъзамов - 2 марта

Баҳром Абдураҳимов - 1 марта

Илҳом Шомуродов - 1 марта

Бобир Абдухолиқов - 1 марта

Азамат Алланиёзов - 1 марта

Артур Геворкян - 1 марта

Қарши жамоасида етакчи масаласи очиқ турибди. Ҳар ҳолда, Артур Геворкян нисбатан сустлашгандек. Тўғри, бу алдамчи таассурот бўлиши ҳам мумкин. Қолаверса, туркманистонлик легионерга мавсумнинг бошланғич қисмида жароҳатлар халақит берди. Бу вақтда Эркин Бойдуллаевва Шерзод Аъзамов 2тадан ўйинда бош ролга чиқишди. Хуллас, Геворкянни етакчи мақомидан мосуво этишга ҳали эрта. Мана, у 9-турда ниҳоят, энг фаол ўйинчи бўлди. Тўғри, «Насаф» бу учрашувни «Металлург»га бой берди, аммо Артурнинг фаоллиги унинг бош ролга қайтаётганидан нишона бўлса, ажабмас.

«МЕТАЛЛУРГ»

Дилмурод Каримов - 3 марта

Зоҳид Абдуллаев - 2 марта

Мурод Тошматов - 1 марта

Аюбхон Нўъмонов - 1 марта

Ҳикмат Ҳошимов - 1 марта

Суҳроб Султонов - 1 марта

Бекобод жамоаси ўйинларида фаоллик кўрсатган футболчилар турли амплуа вакилларидир. Улар орасида ярим ҳимоячи Дилмурод Каримов пешқадам - 3 марта эътироф. Айтиш мумкинки, у марказдаги ҳаракатлари ўлароқ, юқори баҳо олмоқда. Зоҳид Абдуллаев эса асосан самарадорлиги эвазига. Зеро, ҳозирда 7та гол билан чемпионат тўпурарлари қаторида бораётган ҳужумчи 2 марта айнан рақиблар дарвозасига йўл топган ўйинларда «Энг яхши» бўлди. Хуллас, Рустам Мирсодиқов жамоасида шу икки футболчи етакчи ўлароқ бўй кўрсатмоқда.

«ҚИЗИЛҚУМ»

Илҳом Юнусов - 6 марта

Акмал Рустамов - 1 марта

Эркин Жабборов - 1 марта

Алишер Юсупов - 1 марта

Илҳом Юнусов ушбу статистик кўрсаткич бўйича нафақат ўз клуби, балки бутун чемпионатда ҳам мутлақ пешқадам. Қаранг, «Қизилқум»нинг 9та ўйинидан нақ 6тасида тегишли масъуллар айнан Юнусовни эътироф этишди ва бунда ҳеч қандай ғайритабиийлик йўқ. Чунончи, Илҳом 5та гол билан (4таси пенальтидан бўлсада) клубда тўпурарлик қилишдан ташқари, майдон марказини тўлиқ назорат қиляпти.

«ПАХТАКОР»

Игорь Сергеев - 4 марта

Жалолиддин Машарипов - 4 марта

Жамшид Болтабоев - 1 марта

Амалдаги чемпион ва ҳозирда анча қийналаётган клубда атиги 3 нафар футболчининг алоҳида эътирофга эришгани нимадан дарак беради? Игорь Сергеев ва Жалолиддин Машарипов чиндан ҳам, ўта кучлими ёки уларга рақобатчи топилмаяпти? Бир қарашда, иккинчи вариант тўғрироқдек. Ҳа, Сергеев ҳам, Машарипов ҳам иқтидорли, аммо «Пахтакор»да бошқа истеъдодлар ҳам бор-ку. Тегишли масъуллар фақат Сергеев ва Машариповни танлашяптими, демак, қолганларда пасайиш сезилмоқда - жамоа натижаларидан келиб чиқсак, худди шундай.

«БУХОРО»

Шавкат Саломов - 4 марта

Жасур Ҳасанов - 1 марта

Муҳиддин Худоёров - 1 марта

Азиз Ибрагимов - 1 марта

Камолиддин Мурзоев - 1 марта

Саламат Қутибоев - 1 марта

Жамшид Саидов бинойидек таркиб йиққанини инобатга олсак, Шавкат Саломовнинг 4та ўйинда эътироф этилгани катта тош босади. Яна бир томони, вақтида улкан умид уйғотган футболчи жорий чемпионатда атиги 1та гол урди. Шундай экан, у майдондаги чин фаоллиги эвазига назарга тушмоқда. Хўш, Шавкат «Бухоро»да етакчиликни янада мустаҳкамлай оладими? Бу албатта, вақт ҳукмидаги масала. Лекин Камолиддин Мурзоев, Азиз Ибрагимов ва Суҳроб Неъматов каби йигитлар ҳам етакчи ролга даъво қилишлари турган гап.

«СЎҒДИЁНА»

Темур Ғаниев - 2 марта

Музаффар Музаффаров - 2 марта

Фаррух Шотурсунов - 2 марта

Темур Ҳакимов - 1 марта

Мурод Холмуҳаммедов - 1 марта

Қаҳрамон Баҳодиров - 1 марта

Жорий мавсум анча тетик кўринаётган Жиззах жамоасида ҳам яққол етакчи кўзга ташланмаяпти ҳозирча. 2 мартадан эътирофга эришган 3 нафар футболчидан Темур Ғаниев ўз дарвозасини дахлсиз сақлагани эвазига рўйхатга тушган бўлса, Музаффар Музаффаров ва Фаррух Шотурсунов асосан умумий ҳаракат ўлароқ, балл олишди. Айнан улардан бири етакчилик ролига даъвогарлик қилиши мумкин.

«НАВБАҲОР»

Олександр Пишур - 5 марта

Дилшод Жабборов - 2 марта

Хайрулла Каримов - 1 марта

Сардор Азимов - 1 марта

Олександр Пишурнинг чемпионатимизга қайтишига мухлислар турлича муносабат билдиришганди. У ҳозирча ижобий қараганлар фикрини тасдиқламоқда. Факт шуки, «Бун­ёдкор»да обрў орттирган украиналик ҳужумчи Наманган жамоасида ҳам ўз вазифаси - гол уриш уддасидан чиқмоқда. Энди бутун жамоанинг ҳужум пайти айнан уни «қидираётгани» бошқа масала. Тўғри, Пишур гарчи 5та голи билан «Навбаҳор» натижаларида муҳим роль ўйнаган бўлсада, уни жамоа етакчиси сифатида таърифлашга ҳали бироз эрта.

«НЕФТЧИ»

Мурод Бобожонов - 4 марта

Мансур Саидов - 3 марта

Аббос Махсталиев - 2 марта

Мурод Бобожонов ўтган мавсумдаёқ кўзга ташланганди, энди фаол­ликни янада оширган кўринади. Шунингдек, фахрий Мансур Саидов қатори Аббос Махсталиевнинг ташаббус кўрсатишга уринаётгани қувонарли ҳол. Фақат, шуниси борки, уларнинг фаолликлари ҳозирча натижани таъминлашга камлик қиляпти.

«АНДИЖОН»

Алишер Шоғуломов - 2 марта

Неманья Йованович - 2 марта

Хуршид Хўжаев - 2 марта

Фарҳод Бекмуродов - 1 марта

Анвар Бердиев - 1 марта

Бобур Акбаров - 1 марта

Водийнинг яна бир клубида умумий вазият қайсидир маънода бар­қарор. Аниқроқ ифода этсак, 9та тур ўтдики, бирор футболчи етакчи ролида кўриниш бермаяпти. Дейлик, дарвозабон Хуршид Хўжаев«Насаф» билан ўйинда 3та гол қўйиб юборгани ҳолда, энг юқори баҳо олди. Бас, хулоса қилиш мумкинки, андижонликларга ўйинни назорат қилувчи етакчи етишмаяпти.

«ОЛМАЛИҚ»

Зоҳир Пиримов - 3 марта

Фарҳод Тожиев - 1 марта

Дониёр Исмоилов - 1 марта

Саидкомил Акбаров - 1 марта

Евгений Гоголь - 1 марта

Ислом Иномов - 1 марта

Арсланмурот Омонов - 1 марта

Орада нисбатан сустлашган Зоҳир Пиримовнинг қайта «уйғонгани» рост бўлсин. Аммо Игорь Шквирин жамоа­сида ҳам умумий ҳолат мақтанарли даражада эмас. Мисол учун, Пиримов эътироф этилган 3та ўйинда ҳам «Олмалиқ» мағлубиятни тан олган. Шундан келиб чиқиб айтсак, унга шунчаки, ўз жамоасида энг фаол футболчи бўлгани учун юқори баҳо беришган. Етакчилик эса натижа билан гўзаллиги барчага маълум...

«МАШЪАЛ»

Зафар Тўраев - 5 марта

Шаҳбоз Эркинов - 1 марта

Жавоҳир Илёсов - 1 марта

Жамшид Ҳасанов - 1 марта

Мирзоҳид Ғофуров - 1 марта

Агарда «Машъал»нинг натижалари яхши бўлганида, Зафар Тўраевни алоҳида ва ўзгача мақтардик. Бир қарашда, Муборак жамоасида биргина шу футболчи фаол ҳаракатланаётгандек. Лекин Зоҳир Пиримов ҳақида айтганларимизни такрорлашга мажбурмиз - Тўраев энг яхши футболчи сифатида эътироф этилган 5та ўйиннинг 3тасида унинг жамоаси енгилган...

«ҚЎҚОН-1912»

Андрей Бакланов - 4 марта

Миржалол Қурбонов - 2 марта

Абдуллоҳ Олимов - 1 марта

Отабек Зокиров - 1 марта

Азиз Тўхтабоев - 1 марта 

Қўқонликларнинг асосан ҳимоядан ўйнаётганлари тушунарли ва бундай ҳолатда дарвозабон зиммасига оғир юк тушиши аниқ. Фахрий Андрей Баклановнинг нақ 4 марта энг яхши футболчи бўлганига қараб айтсак, у оғирликни кўтара оляпти. Чунончи, шу 4та учрашувнинг 2тасида жамоаси ғалаба қозонди, яна 2тасини атиги 1та гол туфайли бой берди. Лекин жамоа ўйинини юргизиш учун майдоннинг ўзида ҳам етакчи зарур-да. Афсуски, «Қўқон-1912»да ҳозирча шундай футболчи кўринмаяпти.

«ШЎРТАН»

Игорь Таран - 3 марта

Ботир Қораев - 2 марта

Зафар Полвонов - 1 марта

Олим Каримов - 1 марта

Маъруф Муродов - 1 марта

Аббос Омонов - 1 марта

Кутилганидек, Игорь Таран ўз сўзини айтмоқда. Мисол учун, 8-турда «Сўғдиёна» дарвозасини 3 бора нишонга олиб, ғалабани таъминлади. Яна фахрий ҳимоячи Ботир Қораевнинг ҳам ҳамон муносиб жойга эга эканлиги диққатга сазовор. Хуллас, «Шўртан»да етакчилик шу икки футболчи қўлида, чоғи.

«ОБОД»

Дониёр Ҳасанов - 3 марта

Дилшод Ҳамроев - 2 марта

Жавлон Искандаров - 1 марта

Санжар Тўрақулов - 1 марта

Павел Соломин - 1 марта

Жавоҳир Қаҳрамонов - 1 марта

Дебютант жамоада ўз етакчиси бордек - Дониёр Ҳасанов.  Дарвозабон Дилшод Ҳамроевнинг 2 марта энг яхши футболчи, деб топилгани эса «Обод» орқа чизиқда кўпроқ ишлашга мажбур эканлиги билан боғлиқ бўлса керак. Умуман, бу жамоада ким аслида кимлигини айтиш ҳозирча бироз мушкул.

 

УМУМИЙ ҲОЛАТ

Ортда қолган 72та ўйинда жами 83 нафар футболчи «Энг яхши» мақомига эришди. Энг кўп вакил«Насаф» ва «Олмалиқ»дан - 7 нафар. «Пахтакор» ва «Нефтчи» эса энг оз вакилга эга - 3 нафар. 

Ўйиннинг энг яхши футболчиси бўлиш бобида етакчилар

1. Илҳом Юнусов («Қизилқум») - 6 марта

2-3. Олександр Пишур («Навбаҳор») - 5 марта

2-3. Зафар Тўраев («Машъал») - 5 марта

4-8. Игорь Сергеев («Пахтакор») - 4 марта

4-8. Жалолиддин Машарипов («Пахтакор») - 4 марта

4-8. Мурод Бобожонов («Нефтчи») - 4 марта

4-8. Шавкат Саломов («Бухоро») - 4 марта 

4-8. Андрей Бакланов («Қўқон-1912») - 4 марта

А.АҲМЕДОВ

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:42, 27.05.2016.
Ўқилди: 3256 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.