Кириш Регистрация
20/05 00:00 Лорьян 5-0 Клермон
20/05 00:00 Монако 4-0 Нант
20/05 00:00 Лилль 2-2 Ницца
20/05 00:00 Лион 2-1 Страсбур
20/05 00:00 Реймс 2-1 Ренн
20/05 00:00 Ланс 2-2 Монпелье
20/05 00:00 Тулуза 0-3 Брест
20/05 00:00 Гавр 1-2 Марсель
20/05 00:00 Метц 0-2 ПСЖ
20/05 19:00 Динамо 1-1 Пахтакор
20/05 19:00 Сурхон 0-1 Насаф
20/05 21:30 Салернитана 1-2 Верона
20/05 23:45 Болонья 3-3 Ювентус

Ла-лига саралари

Баҳо:
+ | -

Анъанага мувофиқ, «кучли бешлик» чемпионатларида мавсум сарҳисобини ўтказиб, энг кучли футболчи ва клубларни эътироф этамиз. Аввалги сонимизда Италия «А» серияси саралари билан таништиргандик. Энди навбат - Ла-лигага. Примеранинг сермазмун ва қизиқарли ўтишига муносиб улуш қўшган қаҳрамонлар хизматларига яраша тақдирланишди.

Энг яхши фильм

Ортда қолган мавсум ўзининг сермаҳсуллиги, муросасизлиги ва шиддаткорлиги билан ажралиб турадиган баҳсларга жуда бой бўлди. Шу боис, имкон қадар кўлами кенгроқ омилларга эътибор қаратдик. «Реал»нинг сўнгги пайтдаги фаолиятида чинакам мафтункор фильмга хос жиҳатлар - садоқат ва хиёнат каби сюжетдаги кескин ўзгаришларни кузатиш мумкин. Бу эса ҳеч қайси мухлисни лоқайд қолдирмади. Бир йиллик вақт оралиғида жамоа Бенитес давридаги парокандалик ва ўз ўйинини йўқотиб қўйганликни ҳам, Зидан раҳбарлигида юзага келган ажойиб муҳит ва жанговар ҳолатни ҳам бошдан кечирди. ЕЧЛда ғолиб чиқишнинг ўзиёқ юксалиш кўлами қанчалар кенг эканлигини кўрсатиб турибди.

 

Энг яхши актёр:

Луис Суарес

Каталонияликларнинг жанговар MSN триоси аввалги мавсумдагидан юқорироқ маҳсулдорликни қайд этди. Бироқ Суареснинг асосий ролга чиққанлиги муҳимроқ. Учликнинг қолган икки аъзоси айрим сабабларга кўра сустлашган бир паллада уругвайлик ҳужумчи ўта муҳим беллашувлар тақдирини ҳал қилди. Боз устига, бутун мавсумни барқарор ўтказди. Суареснинг жонбозлиги туфайли «Месси-Роналду» қарама-қаршилиги ҳам бироз нурсизлангандек туюлди. Чунки Луис барча мусобақалардаги 52та учрашувда 59та гол уриб, 26та голга ассистентлик қилди! Бундай натижадан сўнг тош ҳам тилга киради.

 

«Твиттермэн»:

Жерар Пике

Ҳа, «Барселона» ҳимоячиси яна озгина ғайрат-шижоатга зўр берса, ОАВнинг бинойидек аъзосига айланади. У «Твиттер»да ўта гапдон, айниқса, «Реал» мавзусида. Мухлислар билан мулоқотга ўч, журналистларни «теша тегмаган» интервьюлар билан сийлайди. Терма жамоадаги дўстлари Пикенинг қилиғини «болалар боғчаси»га қиёслашади. Аммо Жерар бунга парво ҳам қилмайди. Ўзининг ўта қитмир мақоласини декабрда - «Реал» Испания кубоги мусобақасидан четлатилганидан кейин эълон қилганди.

 

2-даражали энг яхши актёр:

Арис Адурис

Футбол жамоатчилиги «Лестер» ва Жейми Вардининг жасоратидан ҳангу манг бўлган пайтда, баскониялик фахрий мийиғида кулганча Испания чемпионатида ўз вазифасини қойиллатиб бажараётганди. Ҳозир 36 ёшли ҳужумчи Евро-2016да Испания шарафини муносиб ҳимоя қилишни ўйламоқда. Аслида, у бир неча йилдан буён юксак самарадорликни намойиш этмоқда. Лекин охирги мавсумни ЕЛнинг энг яхши тўпурари (10та гол) ва Ла-лигадаги энг яхши испаниялик тўпурар (20та гол) мақомида якунлади. Умуман, тўпурарликда испанлар анча жонланиб қолишди - «Бетис» вакили Рубен Кастро 19та, Борха Бастон ) «Эйбар», 18та голни ўз ҳисобларига ёзиб қўйишди. Лукас Перес («Депортиво») - 17та, Яго Аспас («Сельта») - 14та ва Имманоль Агиррече («Реал Сосьедад») - 13та гол билан баҳоли қудрат ёрдам беришди.

 

Энг яхши режиссёр:

Флорентино Перес

Мазкур номинацияда ҳам Мадрид вакили ғолиб чиқди. Анчелоттининг истеъфоси, Касильяснинг шармандали хайрлашуви, Бенитеснинг тайинланиши, «Реал»нинг ажабтовур ҳолда кубок баҳсларидан чиқиб кетиши ҳамда ўзиники ҳисобланган Зиданнинг қайтиши (ўта мураккаб вазиятда Зизу 12 очколик фарқни деярли йўққа чиқарди, жамоани ЧЛ ғолиблиги сари етаклади) - бу фантастик сценарий шахсан дон Флорентино томонидан ёзилган.

Энг яхши эркак роли:

Пако Хемес

«Райо Вальекано» устози Пако Хемес ҳақиқий эркакларга хос иш юритди: ишда ҳам, гап-сўзларда ҳам. Ўта ҳужумкор услуби билан бутун Испанияни ўзига ром этди. Ахир мухлислар шундай бетакрор спектаклни томоша қилиш учун ҳақ тўлайдилар. Пако «Реал»ни деярли тор-мор этди. «Барса»га қарши баҳсда тўп назорати бўйича устунликка эришди. Шубҳа йўққи, шундай қувноқ жамоанинг йўқлиги элитага ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Хемес фаолиятини Ла-лигада давом эттирса, ажабмас, уни «Валенсия»га бичишмоқда.

 

Энг яхши сценарий:

Коноплянканинг

«Севилья»га ўтиши

Охирги трансфер мавсумида «Днепр» ярим ҳимоячиси Евгений Коноплянканинг «олди-сотди»сига миллионлаб мухлислар гувоҳ бўлишди, десак лоф бўлмайди. Ахир украиналик футболчининг харидорлари жуда кўп эди-да: унга Англия, Испания, Туркия ва Италия клублари қизиқишганди. Женя охир-оқибат, «Севилья»ни афзал кўрди. Андалусиянинг сахий қуёшини ким ҳам ёқтирмайди, дейсиз?! Келишувнинг амалга ошишида жамоа спорт директори Мончининг улуши салмоқли бўлди. Унаи Эмери Коноплянкага шубҳа билан қараган бўлсада, футболчи нималарга қодирлигини намойиш этиб, Мончини уялтириб қўймади.

 

Энг яхши махсус эффект:

Иньяки Уильямснинг

«Эспаньол»га урган голи

«Атлетик» тарбияланувчисининг асосий таркибдаги дебют мавсуми кутилганидан ҳам аъло даражада ўтди: Адурис ва Рауль Гарсиядек тажрибалари футболчилар ёнида тўп суриш ажойиб шахсий кўрсаткичларга эришишга замин яратди. Иньяки ўз ҳисобига 13та гол ва 6та самарали узатмани ёзиб қўйди. «Эспаньол» дарвозасига йўллаган тўпи эса «шоҳ асар»лар саҳифасидан жой олди.

 

Энг яхши дебют:

Марко Асенсио («Лас-Пальмас»)

Кучлилар сафига қайтган жамоа олдига, одатда, ўз ўрнини сақлаб қолиш вазифаси қўйилади. «Лас-Пальмас» ҳам бундан мустасно эмасди. Аввалига канарликларнинг ишлари юришмади - жамоа 8-турдан кейин 5 очко билан турнир жадвали тубидаги 2-поғонани банд этганди. Бош мураббий сифатида Пако Эррера ўрнини эгаллаган Кике Сетьен ҳам дастлаб бирор-бир жўяли ўзгаришларга эришолмади. Бироқ февраль ўрталарига келиб жамоада жонланиш яққол сезилди. Натижада «Лас-Пальмас» иккинчи даврани 5-поғонада якунлади. Аммо стартдаги йўқотишлар туфайли якунда мусобақани 11-ўринда тугатди.

Шахсий натижалар хусусида фикр юритадиган бўлсак, «Реал» академияси жавоҳирларидан бири - Марко Асенсио дебютини аъло даражада ўтказди: «Эспаньол»да ижара асосида тўп сурган 20 ёшли ярим ҳимоячи маррага 2та гол ва 14та самарали узатма муаллифи сифатида етиб келди. Яна озгина ишлов берилса, бу жавоҳир терма жамоада ҳам ўзини кўрсатиши мумкин.

 

Энг яхши грим ва турмак: Криштиану Роналду, Дани Алвес

Пардоз-андоз бобида португалиялик юлдузга тенглашадигани йўқ. Алвес эса бошидаги «ўсимликлар олами» билан омма диққат марказида турибди.

 

«Олтин малина»:

«Валенсия»

Бу жамоа кўп сонли мухлислар армияси ҳафсаласини пир қилди. Хорижий раҳбариятнинг ажабтовур қарорлари, агент Жорже Мендешнинг клубда ҳал қилувчи ролга эгалик қилаётгани, мураббий талабига биноан бегона позицияларда тўп суришга мажбур бўлаётган футболчилардаги ҳайронлик, кўп йиллик сардор Дани Пареходан боғични тортиб олишгани ва ниҳоят, Гари Невилл ташкил этган ўйинлардаги нурсизлик мавсумни барбод қилди. Оқибатда, совринли ўринларга даъвогарлик қилиши кутилган жамоа маррага 12-бўлиб етиб келди, еврокубок баҳсларидан барвақт чиқиб кетди.

 

Йил шиддати:

Антуан Гризманн

Мазкур шиддатнинг қудрати 2014 йил билан таққослаганда яққол намоён бўлади. Ўшанда франциялик ярим ҳимоячи «Реал Сосьедад» таркибида ўйнарди. Кейинчалик анча оғир адаптация даврини бошдан кечирди ва янги жамоада етакчи ролига чиқди. Тўғри, Симеоне шогирдларидаги очилмаган қирраларни кашф этишда устаси фаранглардан. Аммо Антуан нафақат «ҳиндулар» жамоасида, балки Франция термасида ҳам асосий кучга айланди. Мадридликларнинг ички чемпионатдаги голларидан 41 фоизи (63та голнинг 28таси) унинг бевосита иштироки туфайли амалга ошди.

 

Энг яхши комедик роль:

Дэвид Мойес

Жамоани қайси жин чалганини Сан-Себастьяндагилар ҳанузгача била олишмаяпти. Шотландиялик мутахассисни катта умидлар билан қарши олишганди. Бироқ у янги муҳитга мослаша олмади ёки буни истамади. Натижада «Сосьедад» ўз ўйинини кўрсатолмади. Мойес эса фақат антиқа интервьюлари билан эсда қолди.

 

Йилнинг энг буюк Қулаши:

Рафаэль Бенитес

Эҳтимол, мазкур номинацияга Марсело томонидан амалга оширилган ёввойи симуляцияни танласак ўринли бўлармиди... Бироқ биз бутун бир фаолиятдаги анча жиддий қулашга эътибор қаратишга қарор қилдик: Бенитес декабрь ойида тантанали равишда «Реал»ни ЧЛ мадҳияси остида майдонга олиб тушганди. Майда эса «Ньюкасл» билан чемпионшипга тушиб кетди. Рафа бутунлай таслим бўлганича йўқ - «қарғалар»ни АПЛга қайтариш тараддудида.

 

Хавфсизлик хизмати:

Ян Облак

Ўз муваффақиятлари учун «Атлетико» нафақат Гризманн, балки Ян Облакка ҳам раҳмат айтса арзийди. Мигель Анхель Мойянинг ўринбосари сифатида тасаввур қилинган посбон асосий таркибдан ўрин эгаллагач, ўз жойини ҳеч кимга бўшатмади. «Ҳиндулар» чемпионатда атиги 18та гол қўйиб юбордилар. Бу - энг юқори натижа! Ян примерадаги 24та ва ЧЛдаги 8та учрашувда ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлади.

 

Энг яхши ҚисҚа метражли фильм:

Данило

Мазкур трансферни «Реал»нинг энг омадсиз қарори сифатида тилга олиш қандайдир баҳсларга сабаб бўлиши мумкин. Лекин унинг омадли харид тоифасига кирмаслиги аниқ. Данилони «Вольфсбург»га қарши ўйинда майдонга туширган Зидан жамоаси сал бўлмаса мусобақадан чиқиб кетарди. Данило Карвахалга муносиб рақобат кўрсатади, деган тахмин ҳозирда утопияга айланиб улгурди.

 

Тинчлик мукофоти:

«Депортиво»

Мазкур жамоа биринчиликни 15-поғонада якунлади. Лекин совринга лойиқ кўрилишига бу ҳам, Лукас Переснинг сермаҳсуллиги ҳам сабаб бўлолмайди. «Депортиво» примерадаги 38та учрашувнинг 18тасини дуранг билан якунлаб, бу борада тенгсиз муросасозликни намойиш этди. Испания чемпионатида бунақаси ҳали кузатилмаганди.

Содиқ СОБИР тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:01, 06.06.2016.
Ўқилди: 5286 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.