Футбол олами машҳурлари — Пеле ва Марадона Евро-2016 олдидан Парижда ташкил этилган афсоналар иштирокидаги ўйинда иштирок этишди.
Учрашув «Дўстлик ўйини» остида «бешга беш» форматда ўтказилди. Унда Давид Трезеге, Анжело Перуцци, Кларенс Зеедорф, Бебето, Рио Фердинанд, Дида, Эрнан Креспо ва Фернандо Йерро каби футболчилар иштирок этишди. Анъанага кўра, ўйин жанговар дуранг билан якунига етди — 8:8.
Январь ойида оёғидан операция қилинган 75 ёшли Пеле майдонга тушмади. У мураббийлик билан чекланди. Диего Марадона эса маълум вақт майдонда ҳаракат қилиб, мухлисларга қувонч улашди. Ўйиндан кейин икки афсона ўзаро муносабатлари ҳақида гапириб ўтишди.
«Энди ўртамизда ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ. Барчаси учун Пелега миннатдорчилик билдираман. Унинг ким эканини барчамиз яхши биламиз. Бизга унинг каби футбол афсоналари керак», — дейди Марадона.
«Ушбу ўйин келтирган энг катта манфаат — бу тинчлик йўлидаги ҳаракатдир. Мен дўстим Марадонага бундай имконият учун миннатдорчилик билдираман. Майдонга тушган футболчининг шаънига билдирилган олқишларни эшитиш ёқимли бўлди», — дейди Пеле.
Бу икки футбол афсонаси ўртасидаги қарама-қаршилик 2000 йилда юзага келганди. Ўшанда ФИФА 20-асрнинг энг яхши футболчисини аниқлаш мақсадида сўровнома ўтказганди. Интернетда ўтказилган сўровномада Марадона кўп овоз тўплаган бўлса, ФИФА журнали ўқувчилари ўртасидаги сўровда Пеле ғолиб чиққан. Соврин эса ҳар иккаласига топширилган. Шундан сўнг Диего ўзига мухлислар овоз берганини, Пеле эса юқорининг босими билан ғалаба қозонганини таъкидлаганди. Шундан сўнг у Пелега соврин топширилишини кутмасдан зални тарк этганди.
Кейинчалик ҳам Марадона ва Пеле бир неча марта бир-бирларига ўз "меҳр"ларини изҳор қилишган.