Бугун “Андижон” жамоамиз Бекободда “Металлург” билан куч синашади.
Бўлажак учрашувга “бургутлар” ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўришга харакат қилди. Мазкур баҳсга тайёргарликнинг сўнгги босқичи Тошкентдаги “Геофизика” қароргоҳида олиб борилди. Бош мураббий Бахтиёр Ашурматов маълум муддат керакли муолажаларни олгач, клубга қайтди. Машғулотлар Бахтиёр Аъзамовичнинг бошчилигида ўтказилди.
Ўтган турда “Шўртан”дан учралган мағлубиятдан сўнг футболчилар “Металлург”га қарши кечадиган баҳсда имкон қадар очко олишга бор кучларини бериб харакат қилиши табиий.
Аммо таркибда бир қатор йўқотишлар мавжуд. Хусусан Иброҳим Отахоновнинг сариқ карточкалари сони 4тага етгани сабабли бугунги ўйинни ўтказиб юборади.
Неманья Йованович эса юртига жўнаб кетганди. Унинг хужжатларида муаммо юзага келгани боис сербиялик ҳужумчининг ортга қайтиши бироз кечикди.
Ҳимоячи Жавлон Гусейнов жарохат сабаб бир ой муддатга сафдан чиққан. Иқбол Бобохонов ҳам жарохатдан сўнг аста-секин тикланиш жараёнида ва у бўлажак баҳсга тайёр эмас.
Ярим ҳимоячи Отабек Валижоновда ҳам жарохат билан боғлиқ муаммо борлиги сабаб “Металлург”га қарши баҳсни ўтказиб юборади.
Шунингдек Алишер Шоғуломов ва Абдумалик Абдуллаев ҳам айрим сабабларга кўра айни дамда жамоа ихтиёрида эмас.