«Реал» жамоасининг франциялик ҳужумчиси, Европа чемпионатидан четда қолган Карим Бензема терма жамоанинг Руминияга қарши ўтказган турнирнинг биринчи учрашувини ўз уйида томоша қилди.
У ўз инстаграмида уйида, плазма телевизори қаршисида тушган суратини жойлаштирган ва терма жамоага омад тилаган.
Франция футбол федерацияси Бенземани Матье Валбуэнани шантаж қилиш иши юзасидан 2015 йилнинг декабрида терма жамоадан вақтинча четлаштирганди.
Март ойида Франция суди Бенземадан Вальбуэна билан мулоқот қилиш бўйича тақиқни олиб ташлади ва терма жамоа сафида тўп суришига рухсат берди. Шунга қарамай, 28 ёшли ҳужумчи Франциянинг Нидерландия ва Россия термаларига қарши март ойида бўлиб ўтган ўйинларига чақирилмаган эди.
Франция футбол федерацияси президенти Ноэль Ле Гре футболчининг терма жамоага қайтарилмаслигини билдирганди.
Апрель ойида Карим Бензема Евро–2016 турнирида иштирок этмаслигини маълум қилди.
«Франция терма жамоасининг 2010 йилги жаҳон чемпионати таркибига киритилмаганимда шокка тушган эдим, аммо ўз уйингда бўлиб ўтадиган Европа чемпионатини ўтказиб юбориш янада қийин бўлади. Бу ҳаётимдаги энг ачинарли ҳолат. Мен «Реал» сафида ўйин амалиётига эга бўлдим, клуб билан Европа Чемпионлар Лигасида зафар қучдим. Агар ёмон футболчи бўлганимда, совринлар юта олмасдим», – дея муносабат билдирганди Бензема.
Франция терма жамоаси сафида илк ўйинини 2007 йилда ўтказган Бензема бугунги кунга қадар 81 учрашувда майдонга тушиб, 27 та гол киритишга муваффақ бўлган.