Еврофутболнинг бўлажак 5 нафар юлдузи. Мавсум-2015-2016 давомида бир қатор янги истеъдодлар евроаренада ўз сўзларини баралла айтишди. Мутахассислар улардан айримлари яқин келажакнинг бош юлдузлари бўлишларини тахмин қилишмоқда. Қуйида ёрқин истиқболга эгалиги тинмай таъкидланаётган ана шундай 5 нафар истъедод ҳақида сўз боради.
Ренату САНШЕШ
Фуқаролиги: Португалия
Клуби: «Бавария»
Ёши: 18
Ренату Саншеш «Бенфика»даги эффектли ўйинлари билан Мюнхен клуби раҳрариятини ўз трансфери учун 35 миллион евро сарфлашга мажбур этди. Шундай қилиб, ёш истеъдод Бавария ўлкасининг бош жамоаси таркибига қўшилган португалиялик биринчи футболчига айланди.Ўзи Саншеш «бургутлар» сафида ўтган йилнинг кузида дебют қилганди ва дарҳол илғаш мураккаброқ, лекин ўта томошабоп ўйин услуби билан кўплаб скаутлар эътиборини қозонди. Унга хусусан, Англиянинг «МЮ» ва «Челси», шунингдек, «Реал Мадрид» жамоалари совчи қўйишди. Аммо нодир топилма «Голливуд ФК»нинг янги бош мураббийи Карло Анчелоттига насиб этди. Саншеш амалда нималарга қодирлигини аввало, Францияда кўрсатса, ажабмас. Зеро, Португалия миллий жамоаси устози Фернанду Сантуш ноёб иқтидорни Евро-2016 «заявка»сига киритди. Демак, мухлисларда Ренатунинг халқаро ўйинларда қандай ҳаракатланишини кузатиш имконияти бор.
Маҳмуд ДОУД
Фуқаролиги: Германия
Клуби: «Боруссия» (Менхенгладбах)
Ёши: 20
Аслида Германия футболида биринчи даражали ярим ҳимоячиларнинг бутун бир авлоди камол топяпти: Майер, Горецка, Гнабри... Улар орасида битта «олтин қуйма» борки, якунланган мавсум «Боруссия» (Менхенгладбах)да асосий ролга чиқиб улгурди, ҳисоб. Рақамлар ёрдамида айтсак, асли суриялик 20 ёшли Доуд «тойчоқлар» сафида бундеслиганинг 32та ўйинида майдонга тушди ва 5та гол уриш баробарида яна 10тасига ассистентлик қилди. Кўзни қамаштирувчи бундай статистикага яраша, айни пайт Германия ёшлар терма жамоаси ярим ҳимоясида тўп сураётган йигитга аллақачон чинакам «ов» бошланди. Хусусан, Сурия миллий термаси вакиллари алоқага чиқиб, Маҳмудни дарҳол мамлакат бош жамоаси асосий таркибида ўйнатишларини айтишди. Бироқ футболчи ота юртидан тушган таклифга ҳозирча бефарқ қараяпти, шекилли. Клуб миқёсидаги қизиқишларга келсак, унга Германиянинг ўзида талаб жуда юқори. Қолаверса, Англиянинг ҳотамтой грандлари ҳам Доуд устидан тилла сочишга тайёр туришибди. Хуллас, асли осиёлик йигитнинг жонажон клубида қолиш-қолмаслиги аниқ эмас. Тахмин қилиш мумкинки, Маҳмуд «Боруссия» билан хайрлашган тақдирида ҳам, унинг ғазнасига имкон қадар кўпроқ пул тушишини хоҳлайди. Ахир Доуд футбол билимини айнан Менхенгладбах жамоаси даргоҳида ўзлаштирган.
Надим АМИРИ
Фуқаролиги: Германия
Клуби: «Хоффенхайм»
Ёши: 19
Надим Амири ҳам Германия миллий жамоаси келажаги сифатида эътироф этилаётган футболчилар сирасига киради. «Хоффенхайм» бошқаруви 28 ёшли Юлиан Нагельсманн қўлига топширилгач, Амири учун яхши дамлар бошланди. Яъни ёш мутахассис ёш хавбекка тўла ишонч билдириб, унга етарли ўйин амалиёти тақдим этди. Шу тариқа Надим мавсум давомида 25 марта майдонга тушиб, 4та гол муаллифига айланди, яна шунча аниқ зарбага охирги узатмани амалга оширди. Амири ажойиб дриблинг қобилиятига эга ва кескин ҳужумларга мантиқий нуқта қўйишни яхши ўзлаштирган. Оддий айтганда, германиялик афғон йигити келажакда топ-клублар ўртасида талаш бўлса, ажабмас. Аммо ҳозирча шошилишига ҳожат йўқ, зеро, аввало, «Хоффенхайм»да асосий ролга кўтарилиши зарур.
Андре СИЛВА
Фуқаролиги: Португалия
Клуби: «Порту»
Ёши: 20
Португалияда анчадан буён терма жамоа ҳужум чизиғининг марказий зонасида ўйнашга муносиб голеадор чиқишини кутишяпти. Чунончи, португаллар ҳужумларни якунловчи ижрочига муҳтожлар. Ҳарқалай, Педро Паулета футболчилик фаолиятига хотима ясаганидан сўнг миллий жамоада унинг ўрнини босадиган ҳужумчи кўзга ташланганича йўқ. Мана, ниҳоят, шундай голеадор бош кўтаряпти, чоғи. Гап «Порту»да илк учқунларини сездирган Андре Силва ҳақида кетяпти. Портуликларнинг унга катта умид боғлаётганлари бежиз эмас. Зеро, ҳужумчи ёшлар миқёсида шунчаки, феноменал натижа кўрсатяпти. Дейлик, Силва Португалия ёшлар терма жамоаси (U-19)нинг 24та ўйинида ўз ҳисобига 16та гол ёзиб қўйди. Қолаверса, мамлакат кубоги учун кечган ва «Порту»нинг мағлубияти билан якунланган ўйинда ҳам тўпурарлик лаёқатини намойиш этди. Боз устига, икки марта. Агар камерунлик легионер Венсан Абубакар «Порту» билан хайрлашса, айнан Силва асосий ҳужумчи ролини ўз зиммасига олиши мумкин.
Марко АСЕНСИО
Фуқаролиги: Испания
Клуби: «Эспаньол»
Ёши: 20
Асенсионинг эътиборга тушганига анча бўлди. У россиялик Валерий Карпин «Мальорка»ни бошқарган пайт сегундадаги ўйинлари билан Мадриднинг «Реал» клуби вакилларини ўзига қаратганди. «Қироллик клуби» ҳаттоки, ёш иқтидор трансфери учун 4 миллион евро ажратишдан тийилмади. Бироқ «Реал» фанатлари яқин орада Маркони асосий таркибда кўрмасалар керак. Бунга ишонч кам. Қолаверса, Асенсионинг ўзи ҳам катта чорловларга ҳали ёшлик қилади. Шуларни ҳисобга олган Мадрид жамоаси ёзда уни яна ижара келишуви асосида қайсидир клубга юборишни мўлжалламоқда. Бир томондан қарасак, аслида энг тўғри йўл шу. Ҳарқалай, «Реал» захирасида навбат кутиб ўтиришдан кўра, примеронинг қайсидир ўртамиёна иштирокчиси сафида ўйин амалиётига эга бўлиш маъқулроқ ва фойдалидир. Ахир Асенсиога Испания терма жамоасининг келажак умиди сифатида қарашяпти ва бундай ҳолатда 20 ёшли йигит учун асосийси - тажриба тўплаш ва бевосита амалиёт. Қолаверса, Иснанияда Маркони қучоқ очганча қабул қилишга тайёр турган бинойидек жамоалар ҳам топилади.
Sports.ru - Ў.УМАРОВ тайёрлади