«Динамо» - «Ғиждувон» (8:0) учрашувидан сўнг «Динамо» катта мураббийи Учқун Қобиловнинг ўйин борасидаги фикрлари билан қизиқдик.
- Ажойиб ғалаба билан табриклаймиз. 8:0 ҳисобида якунланган бу ўйин «Динамо» учун жорий мавсумдаги энг осон баҳс бўлди, десак қўшиласизми?
- Тўғрисини айтганда, чинданам осон ғалабага эришдик. Аммо бу фақат рақибнинг кучсиз ўйин намойиш этганидан эмас, жамоамизнинг ўйинга яхши тайёргарлик кўргани ва айни дамда жисмоний ҳолати яхши эканлигини билдиради. Ҳар қандай ҳолатда ҳам биз рақибларни ҳурмат қилиб, ҳар бир баҳсга жиддий тайёргарлик билан майдонга тушамиз.
- Кетма-кет иккинчи ўйинда 8:0 ҳисобидаги ғалаба қўлга киритилди. Икки ўйинда 16 гол уриш нимадан далолат?
- Шуни айтишим мумкинки, бугунги кунга келиб «Динамо» жамоаси футболчилари мавсумдаги энг яхши спорт формасига кириб улгуришди. Ёдингизда бўлса, 1-2 ой олдин жамоамиз ўйиндан-ўйинга яхшироқ спорт формасига киради деган эдим. Бугунга келиб биз кутган жисмоний ҳолат ва жамоанинг спорт формаси энг юксак ҳолатга келди. Сўнгги икки баҳсда 16 та гол урганимиз жамоамизнинг ўз ўйинини топиб олганини билдиради. Йигитлар майдонда бир-бирларини яхши тушуниб ҳаракат қилишмоқда. Бу борада тўхтаб қолмасдан, ўсишда давом этишимиз шарт. Айниқса, ёзги танаффусдан фойдаланиб тайёргарлик ишларини янада яхшироқ олиб боришга интиламиз.
- Бугун бир қатор етакчи футболчилар барвақтроқ захирага олинди. Бу кейинги ўйиндаги «Нурафшон» билан баҳс учун қилиндими?
- Йўқ, бу кейинги ўйин учун қилинмади. Биз битта таркибни эмас, бутун жамоани майдонга тушириб, ўйин амалиётига эга бўлишини истаймиз. Яъни, жамоанинг асосий таркиби фақат 11 футболчидан эмас, бутун жамоадан иборат бўлиши лозим. Ҳар бир ёш футболчимизни исталган пайт асосий таркибга тушира олишимиз керак. Шу учун уларни ўйин тушуриб, тайёрлаяпмиз.
«Динамо» Матбуот хизмати.