Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

ЖЧ-2018 саралаш: Рақиблар ва биз

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон термаси жаҳон чемпионатига чиқишга ҳозирланмоқда. Бу йўлда кечадиган курашнинг қандай кўриниш олишини олдиндан тахмин қилиш қийин. Чунки футбол ўзгармоқда, унга мос тарзда рақиблар ҳам. Аммо бир нарсани ишонч билан таъкидлаш мумкин - гуруҳдаги ҳеч бир рақиб осонликча очко бермайди. Ўтган ҳафта дунё бўйлаб бир қатор ўртоқлик ўйинлари бўлиб ўтди. Хусусан, Ўзбекистон миллий жамоасининг ЖЧ-2018 саралашидаги рақиблари ҳам назорат учрашувларида майдонга тушдилар. Ҳозир шу ҳақда.

ЖАНУБИЙ КОРЕЯ

Бу жамоа ЖЧ-2018 йўлланмасини қўлга киритиш учун энг асосий даъвогарлардан ҳисобланади. Ўзи шундоқ ҳам кучли бўлган жамоа бош-қарувига Ули Штилике келгач, дарҳақиқат, янада кучлироқ кўриниш олди. Боз устига, Жанубий Корея таркибида Европада тўп сурадиган кучли футболчилар ҳам етарли. Бу эса, ўз навбатида, корейсларни гуруҳ ғолиблиги учун асосий даъвогарга айлантириши турган гап.

Аммо мана шу жамоа ўтган ҳафта аламли мағлубиятга учради. Балки рақиб Испания термаси бўлгани важидан 1:6 ҳисоби у қадар аламли туюлмаслиги мумкиндир. Аммо Жанубий Корея учун бунинг аҳамияти йўқ. Улар ўша мағлубиятни жуда аламли қабул қилишгани аниқ. Ёдингизда бўлса, 2002 йилги жаҳон чемпионатида улар Испанияни мағлуб этишнинг уддасидан чиқа олишганди. Бу сафарги ўртоқлик баҳси эса ўша учрашувдан қолган эртакнамо таассуротларни батамом йўққа чиқарди. Табиийки, бундай вақтда футболчиларга анча қийин бўлиши турган гап.

Бироқ тажрибали Штилике шогирдларини тезда ўзига келтира олди. Буни навбатдаги ўртоқлик ўйинидан ҳам кўриб олиш мумкин. Жанубий Корея терма жамоаси 5 июнда Чехияга қарши майдонга тушиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу эса мундиал йўлидаги рақибларимиздан бирининг қай даражада тезкорлик билан ўзига келиши мумкинлигини кўрсатади. Мазкур омил бизга қарши ишлаши аниқ. Умуман, корейслар ҳақида уларнинг Испаниядан қабул қилиб олган йирик ҳисобдаги мағлубиятларига қараб хулоса чиқариш нотўғрилигини ёш бола ҳам билса керак. Чунки Испания - бу Испания. Биз эса Кореянинг нисбатан нуфузи пастроқ жамоаларга қарши ўтказган ўйинига қараб баҳо беришимиз керак. Ёмон томони, бундай ўртоқлик ўйинлари натижасида Жанубий Корея ҳимоядаги хатолардан хулоса чиқариши ва тўғрилаши аниқ. Бу эса ЖЧ саралашида ўзи шундоқ ҳам юқори бўлмаган имкониятларимизни янада тушириб юбориши эҳтимолдан холи эмас.

ЭРОН

Эрон миллий терма жамоаси ўтган ҳафта Македонияга қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушиб, 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Эътиборли томони, Эрон урган голларнинг барчасига Сардор Азмун муаллифлик қилди. Афтидан, «Ростов» ҳужумчисини тўхтатиб қолиш анча муаммога айланадиган кўринади. Бу эса Егор Кримец, Анзур Исмоилов ва Ислом Тўхтахўжаевлар учун огоҳлик қўнғироғи бўлиб хизмат қилиши лозим. Улар бунга тайёрми?

Умуман, Македония - Европанинг ўртамиёна жамоалари сирасига киради. Шундай экан, Осиё рейтингида биринчи ўринда турган Эроннинг ғалабаси мантиқан тўғри кўриниш олар, балки. Аммо Ўзбекистон бу каби ўртамиёналар билан ҳар доим ҳам ўйнай олмаслигини назардан четда қолдирмаслик даркор. Демак, мазкур ўртоқлик ўйинидан келиб чиқиб, Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги тафовутни аниқлаш анча қийин.

Эроннинг навбатдаги назорат баҳси ҳақида эса бошқачароқ хулоса ясаш мумкин. Очиғини айтганда, форсларнинг Македонияга қарши кечган ўйинидан фарқли ўлароқ, Қирғизистон термаси билан ўтказган учрашуви кўпроқ қизиқтирди. Эътиборли томони, эронликлар ён қўшнимиз дарвозасига жавобсиз 6та (!) гол урдилар. Бу эса Ўзбекистон МТЖ мураббийлар штаби учун яхши янгилик бўлмаса керак. Хабарингиз бор, Қирғизистон термаси сўнгги йилларда Германияда фаолият юритаётган легионерларни маҳаллийлаштириш йўлидан бормоқда. Эронга қарши кечган баҳсда ҳам мана шундай футболчилардан тўрт нафари майдонга тушди. Бироқ шу ҳам қирғизларга ёрдам бера олмаган экан, форсларни тўхтатиб қолиш анча қийин бўлади, шекилли.

Гарчи Қирғизистон дарвозасига ўзимизникиларнинг ҳам олтита гол уришларига ишонсак-да, бу ишни Эрон ажойиб тарзда уддалагани кишини анча хавотирга солиши турган гап.

ХИТОЙ

Ўзбекистон миллий жамоасининг гуруҳ босқичидаги яна бир рақиби - Хитой термаси эса ўз майдонида Тринидад ва Тобагога қарши ўртоқлик учрашуви ўтказиб, 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу баҳс дарҳақиқат, хитойлик мухлислар учун ҳақиқий байрамга айланиб кетди. Ўз навбатида, ўзбекистонлик ишқибозларни ташвишга солгани ҳам бор гап.

Бироқ бошқа учрашувда қайд этилган натижа бу таассуротларни ювиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Гап шундаки, хитойликлар ўтган ҳафта Қозоғистонга қарши майдонга тушдилар ва... мағлубиятга учрадилар. Албатта, бу натижани балки кутилмаган, деб қабул қилиш керак эмасдир. Ҳар ҳолда, Қозоғистон ҳам УЕФАда иштирок этади ва «совға» жамоалар сирасига кирмайди. Аммо ҳамма гап шундаки, бу ўйин Хитойдаги «Dalian Sports Center» стадионида, 40 минг мухлис қаршисида бўлиб ўтган эди. Яна бир муҳим жиҳат - меҳмонлар учрашувни бир киши кам ҳолда якунлашга мажбур бўлганлар. Аммо шу ҳам Қозоғистоннинг ғалабасига халал беролмади. Учрашувнинг 68-дақиқасида Нургалиев томонидан урилган гол қўшниларимизга 1:0 ҳисобида ғалаба келтирди.

Умид қиламиз, Хитойга қарши кечадиган ўйинларда бизнинг ҳам «Нургалиевларимиз» албатта, топилади...

ҚАТАР

Қатар - футболи шиддат билан ўсиб бораётган мамлакат. У ерда «миллионлар ўйини» учун сарфланаётган миллиардларни инобатга олсак, бу ҳолат анча табиий кўриниш касб этади. Албатта, биз Қатарни энг аввало, маҳаллийлаштирилган легионерлари орқали яхши биламиз. Масалан, ҳамма учун таниқли бўлган Себастьян Куинтанадан ташқари, Клод Амини, Педро Мигел, Луис Мартинс ва Родриго Табата каби Осиёга у қадар мос келмайдиган номлар ҳам қатарликлар таркибида учраб туради. Шундай экан, бу терма жамоа исталган вақтда кучли рақиблар сирасига кириши та-йин.

Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Энди Қатар нафақат четдан олиб келинган, балки ўзи четга етиштириб берадиган легионерлари билан ҳам мақтаниши мумкин. Биз шу вақтга қадар Япония ва Жанубий Кореядан кўплаб футболчиларнинг Европада тўп суришларини билар эдик. Энди қатарликларда ҳам шундай давр бошланяпти, шекилли. Яқинда Испаниянинг «Вильярреал» клуби Қатар терма жамоаси ҳужумчиси Акром Ҳассан Афифни сотиб олгани хабар қилинган эди. Шунингдек, 19 ёшли Абдуллоҳ Абдулсалом ва 18 ёшли Тариқ Салмон ҳам Испаниянинг қуйи дивизионида иштирок этадиган «Културал Депортиво Леонеса» билан шартнома имзолашди. Балки бу ном у қадар жарангли эмасдир, бироқ Қатар футболи аста-секин Европага юз тутаётганини билдириши аниқ.

Энди мана шу жамоага қарши ЖЧ саралашида рўбарў келишимиз керак. Қатар ўтган ҳафта Албания билан ўртоқлик ўйини ўтказиб, 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Бироқ бу мағлубият сиз ва бизни чалғитмаслиги керак. Қатар барибир, ЖЧ-2018 учун курашда асосий рақиб бўлиб қолаверади. Эрон терма жамоаси бош мураббийи Карлуш Кейруш бежиз Қатар ва Жанубий Кореяни гуруҳ фаворитлари сифатида эътироф этмаган эди.

СУРИЯ

Ўзбекистон миллий термасининг сўнгги босқичдаги илк рақиби - Сурия бўлади. 1 сентябрь куни бу жамоага қарши Тошкентда баҳс кечишидан хабарингиз бор. Мана шу жамоа 3-5 июнь кунлари Таиландда бўлиб ўтган «Қирол кубоги» турнирида иштирок этди. Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий термаси ушбу мусобақада иштирок этиш таклифини рад этган ва аввал Қирғизистон, кейин эса Экваториал Гвинеяга қарши кечадиган ўйинларни бой бериб, якунда Тошкентда ўзига ярим легионерлардан иборат рақиб «ясаб» олиш ва мана шу «терма жамоа»га қарши майдонга тушишга мажбур бўлган эди. Сурия эса, эътиборингиз учун, мана шу мусобақада тўлиқ иштирок этди ва бошини ортиқча қотирмай яхши савиядаги иккита баҳсда ўйнади. Бу учрашувлар рақибларимиз учун анча фойдали бўлиши тайин.

Сурия «Қирол кубоги» ярим финалида мезбон - Таиланд термасига қарши майдонга тушиб, 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Шундан сўнг навбат пенальтилар сериясига келди ва унда майдон эгалари ғалаба қозониб, финалга йўл олишди. Аммо ҳаммасидан ҳам «Қирол кубоги»да учинчи ўрин учун кечган баҳс бизни анча ташвишга солди. Бу ўйинда сурияликлар кимсан БААга қарши майдонга тушиб... 1:0 ҳисобида ғалабага эришдилар. Яхши биламиз, амирликлар футболи сўнгги йилларда жуда кат-              та ўсишга эришди. Унинг таркибида Аҳмад Ҳалил ва Умар Абдулраҳмон каби жуда кучли футболчилар жамланишган. Аммо Сурия мана шундай жамоани мағлуб этди. Бу эса 1 сентябрда кечадиган ўйинга жуда ва жуда жиддий муносабатда бўлиш шартлигини англатади.

Хўш, Самвел Бабаян шогирдлари ушбу рақибни доғда қолдиришни уддалай олишармикан? Ишонамизки, уддалашади. Фақат бир хавотир дилимизни ғаш қилади - рақибларимиз мана шундай баҳсларда кучларини тоблашаётган вақтда Ўзбекистон термасининг тайёргарлик жараёни қолдирилган баҳслар-у, улар атрофидаги асабийликлар билан боғланиб қолаётгандек. Мана шу жиҳат бизга панд бериб қўймасмикан?

БИЗ

ЖЧ-2018 саралаши учун тайёргарлик бизда қандай кечаётганини ҳар биримиз яхши биламиз. Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2 июнга мўлжалланган ФИФА кунидан фойдалана олмади: бирорта ўйин ўтказилмади. Канадага қарши Австрияда кечган баҳс эса 1:2 ҳисобида бой берилди. Буларнинг бари биз учун ташвишли туюлиши аниқ. Ҳа, бундай тайёргарлик кўраётган жамоадан якунда кўп нарса кутиб бўлмаса керак...

Аммо бу билан умидсизлик кайфиятини тарғиб этмоқчи эмасмиз. Гап шундаки, тайёргарлик кўриш учун олдинда ҳали вақт етарли. Салкам уч ой давомида терма жамоани муҳим баҳсларга тайёрлаш имкониятига эгамиз. Агар мана шу вақтдан унумли ва ўринли фойдаланадиган бўлсак, тарихда илк марта мундиалда иштирок этишимиз мумкин. Бироқ мана шу «мумкин»ни ҳақиқатга айлантириш учун етарлича тадбир қўллай олармиканмиз?

АБДУЛЛОҲ

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 03:29, 25.06.2016.
Ўқилди: 25257 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.