Футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда Тошкентнинг «Ардус» клуби сардори Артур Юнусов фаолиятини Вьетнамнинг «Тай Сон Нам» клубида давом эттиради. Юнусов ижара асосида Вьетнам жамоаси сафига бориб қўшилди. Таъкидлаш жоиз, ушбу мамлакат футзал чемпионати Артур учун бегона эмас. У аввал ҳам Вьетнамда тўп сурган эди. Ўзбекистон чемпионати якунлангани боис, «Ардус» клуби раҳбарияти ўз етакчисини ижарага беришга қарор қилган. Шу кунларда Юнусов янги жамоаси билан Мьянмарда ўтказиладиган халқаро турнирга тайёргарлик кўряпти. Биз навбатдаги кунги машғулотлардан сўнг терма жамоамиз сардори билан боғланиб, ундан интервью олдик.
- Артур, ушбу трансфер қай тарзда амалга ошди?
- Ҳаммаси оддий. Вьетнам клуби «Ардус» жамоаси раҳбариятига менинг трансферим юзасидан мурожаат қилди. Икки клуб ўртасидаги узоқ давом этмаган музокаралардан сўнг трансферим амалга ошди. Вьетнам чемпионати мен учун бегона эмас. Ўтган йили ҳам шу мамлакатда ва айнан «Тай Сон Нам» клуби шарафини ҳимоя қилган эдим. Дарвоқе, ўтган йили биз клублар ўртасидаги Осиё чемпионатида иштирок этгандик. Бу сафар Вьетнам номидан бошқа клуб қатнашади. «Тай Сон Нам» чемпионликка эриша олмади. Бу йил ҳам ижара асосида ўйнайман.
- «Тай Сон Нам» раҳбарияти сизни таклиф қилишдан қандай мақсадни кўзлаган?
- Жамоа халқаро турнирда иштирок этади. Шу мақсадда таркиб кучайтирилган.
- Клубда сиздан бошқа легионерлар ҳам борми?
- Ҳа, бор. Испаниялик футзалчи жамоага таклиф қилинган. У ҳам ўтган йили мен каби Осиё чемпионатида «Тай Сон Нам» шарафини ҳимоя қилган эди. Клуб раҳбарияти унинг имкониятларини яхши билгани учун бу йил яна жамоага таклиф қилди.
- Сизга бу таклифнинг қайси жиҳатлари маъқул келди?
- Биринчи галда клуб манфаати. «Ардус» учун ҳам яхши таклиф бўлди. Қолаверса, легионер сифатида ўйнаш ҳамиша ёқимли бўлган. Вьетнам чемпионати мен учун бегона эмас. У ернинг паст-баландликларини яхши биламан.
- Ўтган йили ҳам бу чемпионатда ўйнаганман, деб айтдингиз. Бир йил ичида у ерда нималарда ўзгариш сездингиз?
- Катта ўзгариш йўқ. Чемпионат савияси ошганми, йўқми, буни ҳозирча билмайман. Чунки айни пайт чемпионат танаффусга чиққан. Янги мавсум бошлангани йўқ. Жамоа билан битта турнирда қатнашишга улгурдим. Умуман олганда, ёмон эмас. Билганим, Вьетнамда футзалга бўлган муносабат тубдан ўзгарган. Терма жамоа Тошкентда ўтган Осиё чемпионатида муваффақиятли иштирок этиб, якунда Колумбияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Шунинг ўзиёқ Вьетнамда футзал савияси ошганлигини кўрсатиб турибди. Мамлакат терма жамоаси мундиалга чиққанидан кейин футзалга бўлган қизиқиш янада ошган.
- Сизни қандай қарши олишди?
- Кутганимдан ҳам аъло. Боиси, мураббийлар штаби, футзалчилар, клуб ходимлари, барча-барчани яқиндан биламан. Улар ҳам мени ҳурмат қилишади. Шу сабабли жуда илиқ тарзда кутиб олишди. Мослашиш борасида ҳам ҳеч қандай муаммо бўлгани йўқ.
- Ҳозир қаерда яшаяпсиз?
- Алоҳида квартира беришди. Шу ерда яшаяпман (кулади).
- Машғулотлар қай тарзда давом этяпти?
- Олдиндан белгиланган дастур асосида шуғулланяпмиз. Кунига икки маҳалдан машғулотлар белгиланган. Кунора тренажёр залида ишлаяпмиз. Ҳозир мураббийлар асосий эътиборни жисмоний тайёргарликка қаратишган. Шу боисдан ҳам, кўпроқ юкламалар беришяпти.
- «Олмалиқ» жамоаси тез орада клублар ўртасидаги Осиё чемпионатида иштирок этади. Қуръа натижаси ҳамда Ўзбекистон чемпионларининг гуруҳдан чиқиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- Осиё чемпионатида кучсиз рақиблар бўлмайди. «Олмалиқ» жамоаси ҳам совға эмас. Клуб таркибида терма жамоамизнинг асосий таркиб футзалчилари тўп суришади. Билишимча, «Ардус» клубининг икки ўйинчиси ҳам ижара асосида «Олмалиқ» сафига бориб қўшилган. Улар жамоа ўйинини янада кучайтиришлари аниқ. Қуръага келсак, Эрон клуби жуда кучли. Бу жамоа клублар ўртасидаги амалдаги Осиё чемпиони ҳисобланади. Ливан чемпиони ҳам жиддий рақиб. Иккинчи йўлланма учун кураш «Олмалиқ» ва Ливан чемпиони ўртасида кечса керак. Фурсатдан фойдаланиб, «Олмалиқ» жамоасига омад тилайман. Бу клуб таркибида кўплаб дўстларимиз тўп суришяпти. Агар «Олмалиқ» гуруҳдан чиқиб олса, «плей-офф» босқичида Таиланд ёки Япония чемпионлари билан тўқнаш келади. Кўриб турганингиздек, қуръа унчалик ҳам омадли келмаган.
- «Тай Сон Нам» олдига қандай вазифа қўйилган?
- Янги мавсум учун қандай вазифа қўйилгани менга маълум эмас. Ҳозир Мьянмарда ўтказиладиган халқаро турнирга тайёргарлик кўряпмиз. Вьетнам клуби таркибида узоқ қолиб кетмайман. Олдинда терма жамоамизнинг йиғинлари, ўртоқлик учрашувлари бор. Эътиборимиз миллий терма жамоа таркибидаги маш-ғулотларга қаратилади. Ўзимиз учун тарихий бўлган жаҳон чемпионатининг финал босқичида муваффақиятли иштирок этишимиз шарт.
- Тил масаласида қийналмаяпсизми?
- Бу борада муаммо йўқ. Мураббийимиз инглиз тилида гаплашади.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди