Олий лиганинг навбатдаги тури шиддатли ўйинлар ва айниқса, пешқадам -«Локомотив»нинг очко йўқотиши билан эсда қолди. Ўз навбатида, жамоаси сафида фаоллик кўрсатган футболчилар рўйхати ҳам кенг бўлди. Биз эса улар орасидан айримларини танлаб, 14-тур рамзий термасига киритдик.
Дарвозабон:
Жавоҳир Илёсов («Машъал»)
«Машъал» сафарда «Бухоро»ни таслим қилди. Ўйинда ҳисоб очилгач, майдон эгалари қатор ҳужумлар уюштириб, рақиб дарвозасини ишғол қилишга уриндилар. Аммо меҳмонлар посбони Жавоҳир Илёсов шу куни ўз ишини аъло даражада бажариб, рақибнинг нияти амалга ошишига йўл қўймади.
Ҳимоячилар:
Дилмурод Каримов («Металлург»)
Бекободда кечган ўйиннинг энг фаолларидан бирига айланган Дилмурод Каримов ўз номини таблога ёздириб қўйишга ҳам эришди. Ғалаба қозониш учун астойдил курашди, аммо якунда жамоадошлари билан дурангга рози бўлди.
Жаҳонгир Меҳмонов («Нефтчи»)
Навоийда бўлиб ўтган ўйинда «Нефтчи» сафида ҳимоячилар алоҳида ўрин тутишди. Айниқса, Жаҳонгир Меҳмоновнинг фаоллиги таҳсинга сазовор. Айнан у кўп ҳолларда «Қизилқум» ҳужумларини қайтаришда жонбозлик кўрсатди.
Ислом Тўхтахўжаев («Локомотив»)
Албатта, Ислом Тўхтахўжаев сингари ҳимоячиси бор жамоани мағлубиятга учратиш қийин. Ахир улар нафақат мудофаадаги тўкисликни таъминлаш билан шуғулланишади, балки ҳужумчилар вазифаси - гол уришни ҳам аъло даражада бажара олишади. Натижада, рамзий термаларда бундай футболчилар номига тез-тез кўзимиз тушади.
Деян Больевич («Насаф»)
Мазкур турда гол урган яна бир ҳимоячи «Насаф»дан. Фарқи Деян Больевич томонидан киритилган тўп «аждарлар» ғалабасини таъминлади. Бундан ташқари, черногориялик футболчи ҳимояда ҳам фаоллик кўрсатди.
Ярим ҳимоячилар:
Достон Ҳамдамов («Бунёдкор»)
«Бунёдкор»нинг «Навбаҳор» майдонидан ғалаба билан қайтишига муносиб ҳисса қўшган футболчи шу тариқа жамоасининг чемпионлик йўлидаги ниятлари жиддий эканини кўрсатди. Ҳамдамовнинг хатти-ҳаракатларидаги аниқлик, ўйин сифати мухлисларга манзур бўлди.
Мурод Тошматов («Металлург»)
Барқарорлик бобида етакчиликка даъвогар «Металлург» сафида тўп сурган яна бир футболчи бугунги рамзий термага муносиб кўрилди. Агар Тўхтахўжаев тўп киритмаганида, Мурод Тошматов томонидан урилган гол бекободликларга уч очко келтириши муқаррар эди.
Жамшид Ҳасанов («Машъал»)
«Машъал»нинг «Бухоро» майдонидан ғалаба билан қайтишини таъминлаган асосий футболчи. Учрашувнинг сўнгги дақиқалари ўтиб бораётган бир паллада кўҳна шаҳарликлар дарвозасини ишғол қилган Жамшид Ҳасанов ўйин қаҳрамонига айланди.
Ҳужумчилар:
Шоҳруз Норхонов («Обод»)
«Неймар» бу сафар Андижондаги ўйинда порлади. Шоҳруз гол урди, фаол бўлди, учрашувнинг энг яхши ўйинчиларидан бири сифатида эътироф этилди. Энг муҳими, олий лигада «Обод»нинг сафардаги илк муваффақиятини таъминлади.
Носир Отақўзиев («Қўқон-1912»)
Ҳужумдаги учликка Носир Отақўзиевни ҳам киритдик. Тажрибали форвард «Қўқон-1912»нинг ўта муҳим ғалабасига муносиб ҳисса қўшди. Иккита голга муаллифлик қилди, майдонда етакчилик хусусиятларини кўрсата олди ва ҳақли равишда учрашувдан сўнг қўқонликлар сафидаги энг яхши ўйинчи сифатида тан олинди.
Игорь Сергеев («Пахтакор»)
«Шерлар» ва миллий терма жамоамиз ҳужумчиси 14-турда «дубль» қайд этганлардан бирига айланди. Айнан Сергеевнинг голлари «Пахтакор» ғалабасини таъминлади. Ўз навбатида, у тўпурарлар пойгасидаги мавқеини ҳам яхшилаб олди.