Эрон терма жамоаси бош мураббийи Амир Галенои Ўзбекистонга қарши 1:3 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин жамоасининг ўйинига баҳо берди.
Эронлик мутахассис аввало Ўзбекистон терма жамоаси ва унинг мураббийлар штабини ғалаба билан табриклади. Унинг фикрича, баҳс тақдирига асосан индивидуал хатолар катта таъсир кўрсатган.
"Биринчи ва иккинчи голларни ўз хатоларимиз сабаб ўтказиб юбордик. Айниқса, биринчи голда жуда содда хато қилдик. Иккинчи бўлимда алмаштиришлардан кейин ўйинга қайтиб, гол урдик. Кейин ҳисобни тенглаштиришга ҳаракат қилдик, аммо яна тажрибали футболчимиз хатога йўл қўйди ва вазият биз учун оғирлашди", — деди Галенои.
Бош мураббий мазкур учрашувда таркибда кўплаб ўзгаришлар қилинганини ҳам таъкидлади. Айрим футболчилар миллий жамоа муҳитида илк бор майдонга тушган.
"Кўп футболчиларни синаб кўрдик. Баъзиларининг ўйинидан қониқдик. Айримларига эса терма жамоага тўлиқ мослашиш учун яна вақт ва ўйин амалиёти керак", — деди мутахассис.
Галенои Ўзбекистон терма жамоасининг сўнгги йилларда ўсишда давом этаётганини ҳам эътироф этди.
"Ўзбекистон ривожланиб бормоқда. Буни кеча ҳам айтган эдим. Улар яхши мураббийга ва кучли жамоага эга. Биз учун эса бу ўйинда натижадан ташқари, янги футболчиларни текшириш ва тайёргарлик жараёни ҳам муҳим эди", — деди у.
Эроннинг бир ўйинда учта гол ўтказиб юборишига муносабат билдирган Ғалинои буни жисмоний ҳолатдан кўра, диққат ва индивидуал хатолар билан боғлади.
"Футболда хатолар бўлади. Бундай ўртоқлик ўйинлари айнан камчиликларни кўриб олиш учун керак. Расмий баҳсларда уларни такрорламаслигимиз шарт", — деди мураббий.
Мағлубият учун ким жавобгар экани сўралганда, Ғалинои масъулиятни ўз зиммасига олди.
"Асосий айбдор — мен. Бош мураббий сифатида натижа учун жавобгарман. Бугун тажрибали футболчиларимиз ҳам хатога йўл қўйди, аммо бу футболнинг бир қисми", — деди у.
Эрон терма жамоаси навбатда Россияга қарши майдонга тушади. Ғалинои ўша учрашувга қадар жамоа анча яхши ҳолатга келишига ишонч билдирди.
"Бу Жаҳон чемпионатидан кейинги биринчи ФИФА кунлари. Ҳали оптимал ҳолатимизга кирганимиз йўқ. Россияга қарши баҳсда яхшироқ ўйнаймиз, деб ишонаман. Ўзбекистонга қарши мағлубият учун Эрон халқи ва мухлисларидан узр сўраймиз. Хулоса чиқариб, ишлашда давом этамиз", — деди Амир Галенои.













