Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Чунки бу – Германия!

Баҳо:
+ | -

Германиялик мухлислар азалдан ноқулай рақиб бўлиб келган Италияга тўқнаш келишни хоҳлашмаганди. Энди эса немислар оптимистик руҳда фикр юритишга ўтишди. Гап шундаки, йирик турнирлар «плей-офф»ида итальянлар ҳамиша бундестимни мағлубиятга учратишган. Евро-2016да ҳам бу икки терма ўзаро тўқнаш келгач, германияликлар мазкур баҳсга доир фикрларини баён этиб, ўз суюклиларининг устун эканликларини исботлашга уриндилар. Хўш, чорак финал учрашувида нима сабабдан айнан немислар зафар қучишлари керак эди?

...ЧУНКИ кимдир унутган бўлса, эслатайлик: ГЕРМАНИЯ ТЕРМАСИ - ЖАҲОН ЧЕМПИОНИ! Шундай экан, ҳеч кимдан қўрқиш йўқ!

...ЧУНКИ ЙОАХИМ ЛЁВ МАҒЛУБИЯТЛАРДАН ТЕГИШЛИ ХУЛОСА ЧИҚАРИШНИ БИЛАДИ. Тўғри, Евро-2012 ярим финалида Балотелли Нойер қўриқлаётган дарвозага иккита голни «михлаган», натижада итальянлар мусобақани давом эттиришганди. Аммо германияликлар устози ушбу мағлубиятдан тегишли хулоса чиқарганини таъкидлади. Ёдингиздами, тўрт йил аввал Варшавада ўтказилган баҳсда мураббий Ройс, Шюррле ҳамда Клозенинг ўрнига бошланғич таркибда формасини тиклаб улгурмаган Подольски, тажрибасиз Кроос ва ўша кезлари иши қовушмаган Гомесни туширганди. Қолаверса, тактика тузишда Пирлога ўйин бермасликка эътибор қаратилди. Энди эса Лёв қўл остидаги футболчиларнинг кучли жиҳатлар эвазига тўп суришларини хоҳламоқда. Ушбу мутахассис Францияда ўтаётган Европа чемпионатида ҳозирча фақат тўғри қарор чиқараётгани билан ажралиб турибди. Масалан, Украинага қарши кечган баҳсда жароҳатидан қутулиш билан банд бўлган Хуммельснинг ўрнига Мустафини туширди, ҳимоячи ҳисобни очди. Ўйин охирларида жорий йил асосий вақтини даволанишга сарфлаган Швайн­штайгерни ишга солди, сардор ҳам ўз номини таблога ёздирди - 2:0. Сўнг­ги баҳсларда асосий таркибда Гомесга ишонч билдирмоқда, ҳужумчи уялтириб қўймаяпти. Ўнг қанот ҳимоясига 21 ёшли Киммих қўйилгач, Ламни кўпчилик унутди. Нимчорак финалда мураббий илк дақиқаларданоқ Гётце эмас, Дракслерга ишонч билдирди. Ёш футболчи эса бунинг учун битта гол ва самарали тўп узатиш билан жавоб қайтарди.

...ЧУНКИ ЛЁВ ВАЗИЯТГА ТЎҒРИ БАҲО БЕРА ОЛАДИ. Рақиб ҳақида гапириш чоғида нафақат одатий ҳимоя­ланиш, балки ҳужумдаги барқарорликни ҳам эътироф этди. Сўнгра огоҳлантирди: «Бу ажойиб, шиддатли баҳс бўлади... Ҳозиргача кўрсатган ўйинимиз турнирда ғолиб чиқиш учун етарли эмас».

...ЧУНКИ ЛЁВ КОНТЕДАН КУЧЛИ. Италия термаси бош мураббийи ҳақида фақат илиқ фикр билдириш мумкин. «Бавария»нинг бўлажак устози Карло Анчелотти уни ҳаттоки, мусобақанинг энг яхши мураббийи эканини таъкидлади. Хусусан, Лёв ҳам ҳамкасби ажойиб фаолият юритаётганини тан олди. Аммо барибир, германиялик ишқибозларнинг ишончлари комил: бундестим устози кучлироқ. Ҳа, Конте футболчи сифатида ҳам жиддий ютуқларни қўлга киритган - беш карра Италия чемпиони, Чемпионлар Лигаси ғолиби. Аммо терма жамоани бошқариш ҳақида гап кетар экан, Лёвнинг тажрибали ва омадлироқ эканини тан олиш лозим. Конте «Скуадра адзурра» бошқарувида (2014 йилнинг августидан буён) 24та ўйин ўтказиб, 14та ғалабага эришди - учрашувларнинг 58 фоизида зафар қучилган.

Лёвнинг кўрсаткичлари эса бироз салмоқлироқ кўринишга эга: 2006 йилдан буён унинг қўл остидаги жамоа 135та ўйинда 90 марта муваффақият қозонган. Учрашувлардаги ғалаба улуши 67 фоизга тенг. Бу - ҳозиргача Германия термасини бошқарган барча мураббийлар қайд этган натижалар орасида энг яхшиси. Лёв аввалги тўртда турнирда Германияни камида ярим финалгача олиб чиққанди. Бу сафар ҳам анъана бузилмади.

...ЧУНКИ ГЕРМАНИЯЛИК ФУТБОЛЧИЛАР КОНТЕ ЖАМОАСИНИ ҚАНДАЙ МАҒЛУБ ЭТИШНИ БИЛИШАДИ. 2013 йили Нойер, Боатенг, Швайнштайгер, Кроос ва Мюллер «Бавария» сафида Конте бошқарувидаги «Ювентус»ни Чемпионлар Лигасидан «ҳайдашган» (2:0, 2:0). Ўшанда Буффон, Бонуччи, Барзальи, Жаккерини бундестимнинг юқорида номи келтирилган футболчиларига қарши зарур чора топа олишмаганди. Ўз навбатида, жорий мавсум ҳам «Юве»ни айнан мюнхенликлар ЕЧЛдан чиқариб юборишди (2:2, 2:4 қўшимча вақтда). Хуллас, Германия термасида рақиб ҳақида ҳамма нарсани биладиган шахс бор. Гап 2015 йилдан буён «Ювентус»да тўп сураётган Хедира ҳақида кетмоқда. Лёв ўйиндан олдин у билан суҳбатлашиб олишини яширмаганди, ахир ушбу футболчи туринликларнинг қандай машғулот ўташи, стресс ҳолатида ўзларини қандай тутишларидан яхши хабардор. Туринликлар деганда эса «Скуадра адзурра» юрагига айланиб улгурган ўйинчилар - Буффон, Кьеллини, Барцальи ва Бонуччи назарда тутилади.

...ЧУНКИ НЕМИСЛАРДА БОАТЕНГ-ХУММЕЛЬС ТАНДЕМИ БОР. Дарҳақиқат, янги мавсумдан эътиборан «Бавария»да бирга тўп сурадиган ҳимоя марказидаги бу футболчилар жуфтлигини германияликлар жаҳондаги энг яхши мудофаа тандеми, дея эътироф этишади. Ҳозирча бу таъриф Евро-2016да ҳам ўзини оқламоқда - немислар итальянларга қарши кечган баҳсгача ўз дарвозалари дахлсизлигини сақлаб қолишди.

...ЧУНКИ НОЙЕР БОР. Италия термаси дарвозабони Жанлуижи Буффон La Gazzetta dello Sport нашрига интервью бериш чоғида шундай деди: «Шубҳасиз, Мануэль Нойер мендан зўр. У ёш ва ажойиб спорт формасига эга». Германиялик посбон ҳам шунга яраша жавоб қайтарди: «Ўйлашимча, ҳамма футболчилар Буффоннинг ҳамон тўп сураётганидан хурсандлар. Жижининг борлиги - итальянлар учун жуда муҳим».

...ЧУНКИ НЕМИСЛАР РАҚИБГА ҚАРАГАНДА НАВҚИРОН. Бу факт нафақат икки жамоа ўртасидаги баҳс, балки бутун турнирга ҳам тегишли. Немис ишқибозларининг фикрича, италияликлар ўйин сўнгида чарчаб қолишлари керак эди. Зеро, ёш масаласи ўз сўзини айтади.

«СЭ» - Ў.УМАРОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:11, 08.07.2016.
Ўқилди: 5256 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.