Ниҳоясига етган Евро-2016 натижалари футбол қонунларининг ҳар доим ҳам мантиққа мос келавермаслигини яна бир карра исботлади. Яққол фаворит сифатида эътироф этилган жамоалар турнирни барвақт тарк этишди, бошқалари гуруҳдан чиқишни ҳам уддалай олишмади. Табиийки, кўплаб жамоаларнинг мутасаддилари (биринчи навбатда бош мураббийлар) омадсизликни турли сабаблар, жумладан, шогирдларининг етарли тажрибага эга эмасликлари ёки савияси паст лигаларда тўп суришлари билан изоҳлашди. Бироқ шу пайтгача бирор-бир топ-лига жамоасига устозлик қилмаган Фернанду Сантушнинг жамоаси Францияни қитъа чемпиони мақомида тарк этди. Ваҳоланки, илк марта шоҳсупага кўтарилган Португалия таркибидаги 12 нафар футболчи ўртамиёна чемпионат вакиллари эдилар.
Руй Патрисиу, «Спортинг» (Лиссабон)
Ҳа, Евро-2016 финалининг бош қаҳрамони ўз фаолиятини Португалия чемпионатида ўтказмоқда. Ёрқин «сэйв»лари қўпол хатоликлар билан алмашиб турадиган 28 ёшли дарвозабон шу пайтгача топ-клублар эътиборини қозона олмади. Руй ЖЧ-2014 баҳсларини ҳам муваффақиятсиз ўтказди, «Спортинг» эса ЧЛда ЦСКАга имкониятни бой берди. Кейинчалик Патрисиу клуби ЕЛда «Локомотив» билан бир гуруҳда тўп суриб, қийинчилик билан «плей-офф»га йўл олганди. Хуллас, Руй «армиячилар» ва «темирйўлчилар»га қарши 3та учрашувда 7та гол ўтказиб юборганди. Буни қарангки, энди у Европа чемпиони!
Эдуарду, «Динамо» (Загреб)
Португалия терма жамоасининг фахрийси икки йилдан буён загребликлар шарафини ҳимоя қилмоқда. Бироқ Хорватиянинг ўртамиёна чемпионати Сантушни шу посбонга ишонч билдиришдан қайтара олмади. Тўғри, Эдуарду Францияга 3-дарвозабон сифатида ташриф буюрди. Лекин у керакли пайт Патрисиу ёки Антони Лопешнинг ўрнини эгаллашга тайёр эди.
Бруну Алвеш, «Фенербахче» (Туркия)
Ўз вақтида «Зенит» таркибида тўп сурган фахрий ҳимоячини россиялик мухлислар секин ҳаракатлари учун роса калака қилишарди. Ҳозир ана шу «тошбақа» Европа чемпиони! Боз устига, Португалия ярим финалга қадар етиб борган ва пенальтилар сериясига кўра Испанияга имкониятни бой берган аввалги қитъа биринчилигида ҳам Бруну асосий ҳимоячилардан бири бўлганди. Франциядаги ярим финалда у Пепе ўрнига майдонга туширилди ва ишончли ўйин кўрсатди. Эркин агент мақомига эга бўлган 34 ёшли футболчи «Фенербахче»дан «Кальяри»га ўтди.
Элизеу, «Бенфика» (Лиссабон)
32 ёшли футболчи ўзининг универсаллиги эвазига Фернанду Сантушнинг ишончига сазовор бўлди. Ҳимоя ва ярим ҳимоя чизиқларида бирдай самарали тўп сура олишини у Евро-2016да тўлиқ намойиш этди. Аввалига у Венгрияга қарши кечган гуруҳ босқичи баҳси(3:3)да 90 дақиқа ўйнади. Кейин Польша билан чорак финал беллашувида 120 дақиқа тўп сурди. Дарвоқе, Элизеу Ренату Саншеш билан ҳамкорликда «Бенфика» сафида майдонга тушиб «Зенит»ни ЕЧЛ нимчорак финалида мусобақадан чиқариб юборди, июль ойида эса, ўз фаолиятидаги илк йирик мусобақада шоҳсупага кўтарилди.
Ренату Саншеш, «Бенфика» (Лиссабон)
18 ёшли Ренатунинг тақдири армиячи Александр Головинникига ўхшаш. Бироқ 20 ёшли россиялик касбдошидан фарқли ўлароқ, Саншеш нафақат ўсмирлар ўртасида, балки катта футболда ҳам қитъа чемпиони унвонига сазовор бўлди. Натижада «Бенфика» ёш «бургут»ни «Бавария»га каттагина маблағга пуллади. Саншеш 2015 йил октябрида ички чемпионатдаги дебютини нишонлаганди. ЧЛ гуруҳ босқичи якунланиши арафасида «Бенфика»нинг асосий таркибидан жой олгач, Лиссабонда узоқ ушланиб қолмаслиги маълум бўлганди. Сантуш ёш шогирдини гуруҳ босқичида захирада сақлади, «плей-офф»да эса у ажойиб ўйин кўрсатиб, Евро-2016нинг энг яхши ёш футболчиси унвонига лойиқ кўрилди.
Жоау Мариу, «Спортинг» (Лиссабон)
Бу ярим ҳимоячини ҳам бемалол Евро-2016нинг ёрқин кашфиётлари сафига киритиш мумкин. Мариудаги юксак самарадорлик ва курашга чанқоқлик бўлажак чемпионлар таркибидаги муҳим ижрочилардан бирига айлантирди. Ваҳоланки, Жоау ўтган мавсумдаги ЦСКА ва «Локомотив»га қарши кечган басҳларда 3 марта майдонга тушган ва 2та учрашувда ўз ўрнини жамоадошига бўшатиб берганди. Францияда эса барча учрашувларда майдонга тушди. «Сетубал»даги қисқа ижарани ҳисобга олмаганда, 23 ёшли футболчи фақат «Спортинг» сафида тўп сурган.
Адриан Силва, «Спортинг» (Лиссабон)
27 ёшли ярим ҳимоячи ҳам «Спортинг» аъзоси бўлсада, қисқа муддатга Хайфанинг «Маккаби»сида тўп суриб халқаро тажрибага эга бўлган. Евро-2016нинг «плей-офф» босқичида Португалия терма жамоасининг асосий таркибидан жой олди. Мазкур мусобақада ҳам Силва, ЦСКА ва «Локо»га қарши баҳсларда самарали тўп сурди.
Вильям Карвалью, «Спортинг» (Лиссабон)
Кўпчилик жамоадошларидан фарқли ўлароқ, Карвалью аксарият топ-клублар нишонида бўлса-да, ҳозирча «Спортинг» ва «Брюгге»дан нари ўтмади. Евро-2016да 5та учрашувни дастлабки таркибда бошлади, Уэльс билан кечган ярим финал ўйинини сариқ карточка туфайли ўтказиб юборди. Россия клубларига қарши учрашувларга келсак, ЦСКА ва «Локомотив»га қарши баҳсларда жароҳат туфайли майдонга тушмаган.
Перейра Данилу, «Порту» (Португалия)
Португалиялик футболчиларнинг кўпчилиги учун Евро-2016 дастлабки йирик мусобақа бўлди. Ренату Саншеш, Жоау Мариу, Адриан Силва, Фонте, Геррейро, Седрик, Элизеу, Андре Гомеш, Эдер қатори ёш ярим ҳимоячи Перейра Данилу ҳам илк марта йирик турнир ҳавосидан баҳраманд бўлди. Қизиғи шундаки, юксак даражадаги мусобақаларда тўп суриш тажрибасининг умуман йўқлиги бу футболчиларнинг олтин медалларни қўлга киритишларига халақит бермади. Фаолиятини «Парма»да бошлаган Данилу узоқ вақт давомида ижара машаққатларини татиб кўрди, «Маритиму» орқали аста-секин ўз ўйинини топиб олди. 2015 йили «Порту» 4,5 млн. евро эвазига уни ўз сафига қўшиб олди. Ҳозир бу баҳо қитъа чемпиони учун камлик қилишига шубҳа йўқ. Данилу Франция майдонларида 5та учрашув ўтказди. Жумладан, ярим финалда Вильям Карвалью ўрнини аъло даражада тўлдирди.
Рафа Силва, «Брага» (Брага)
«Брага»нинг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Европа чемпионатида бор-йўғи 5 дақиқа (Австрияга қарши) тўп сурган бўлса-да, бошқа жамоадошлари қатори чемпионлик унвонини қўлга киритди. «Португалиялик Азар» лақабига лойиқ кўрилган футболчи учун клубдаги мавсуми муваффақиятли ўтди. «Брага» ЕЛда чорак финалга қадар етиб борди, Силва эса, 12та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 3та гол ёзиб қўйди. Португалия матбуотининг маълумотига кўра, «Зенит» Силва учун 15 млн. евро таклиф қилган. Мигель Даннининг жароҳати туфайли Еврога йўл олган футболчи шу тариқа Питер клубига йўл олиши мумкин.
Нани, «Фенербахче», (Туркия)
Ўз вақтида ноёб иқтидор соҳиби сифатида эътироф этилган футболчи «МЮ»даги ўйинлари орқали танилди. Кейинчалик унинг ҳаракатларидан қониқмаган «қизил иблислар» 2014 йили «Спортинг»га «сургун» қилишди, ўтган йили эса, турк клубига сотиб юборишди. «Фенербахче» таркибидаги 28та учрашувда 8та гол урган Нани 9та голга ассистентлик ҳам қилди. Юксак савияда тўп сура олишига Евро-2016даги мухлислар гувоҳ бўлишди. Икки йилдан буён топ-чемпионатлардан айро юрган футболчи Францияда ўз ҳисобига 3та гол ёзган ҳолда мусобақанинг энг яхши тўпурарлари сафидан ўрин олди.
Рикарду Куарежма, «Бешиктош» (Туркия)
Навқиронлик пайти Куарежма машҳур юлдузлар қаторидан жой олиши тахмин қилинганди. Бироқ «Барселона» кейинчалик «Интер»даги омадсизликлар ҳужумчини «синдирган»дек бўлди. Моддий таъминотни яхшилаш мақсадида БАА ва Туркияга йўл олди. Жумладан, ўтган мавсумни «Бешиктош» таркибида ўтказган Рикарду, 26та ўйинда 4та гол уриб, 6та самарали узатмани амалга оширди. Албатта, бунчалик камтарона статистика билан бирор-бир терма жамоа ишончига кириш қийин. Лекин Фернанду Сантуш Куарежманинг тажрибасига ишонди ва барча учрашувларда майдонга туширди. Эвазига Рикарду Хорватия дарвозасига урган голи билан ғалабани таъминлади. Финалда эса жароҳат туфайли майдонни тарк этган Криштиану Роналду ўрнида муносиб тўп сурди.
Манба: Championat.com,
Содиқ СОБИР тайёрлади