Тошкентда Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси (АIBА)нинг ижроия қўмитаси йиғилиши бўлди. Унда уюшма раҳбарлари, қатор давлатларнинг бокс федерациялари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси президенти Чинг-Куо Ву ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ва бунинг самарасида Ўзбекистоннинг спорт салоҳияти ҳамда нуфузи юксалиб бораётганини таъкидлади.
Мамлакатимизда Олимпия ўйинлари дастурига киритилган бокснинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, маҳоратли боксчиларни тайёрлаш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бераётир. Юртимизда бокс бўйича нуфузли спорт мусобақаларининг ташкил этилаётгани, ўзбек бокс мактаби тарбияланувчиларининг жаҳон ва қитъа чемпионатлари, Осиё ва Олимпия ўйинларида муносиб иштирок этиб, юксак ғалабаларни қўлга киритаётгани бунинг далилидир.
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан спортчиларимизнинг замонавий меъёрлар асосида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши, халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриши ва уларда муносиб иштирок этиши учун қулай шарт-шароит янада такомиллаштирилмоқда.
Бунинг натижасида спортчиларимизнинг қўлга киритаётган ютуқлари салмоғи йилдан-йилга ортиб бормоқда. 2014 йил боксчиларимиз халқаро майдондаги мусобақаларда 35 олтин, 33 кумуш ва 19 бронза, жами 87 медаль билан тақдирланган бўлса, 2015 йилги спорт мавсумида бу кўрсаткич 182 медални (61 олтин, 67 кумуш ва 54 бронза) ташкил этди.
Ўтган йили бокс бўйича Ўзбекистон ўсмирлар ва катталар терма жамоалари аъзолари Тошкент ва Таиландда ташкил этилган Осиё чемпионатларида, Россия ва Қатарда ўтган жаҳон чемпионатларида улкан ғалабаларга эришиб, ўзбек бокс тарихида янги саҳифа очди. Жорий йилнинг апрель ойида бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Хитойнинг Куинан шаҳрида ўтказилган Осиё-Океания Олимпия саралаш мусобақасида 5 олтин ва 2 кумуш медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Тошкент шаҳрида 2015-2016 йилги спорт мавсумида бокс бўйича WSВ – Бутунжаҳон бокс серияси йўналиши ҳамда АРВ – яримпрофессионал боксчилар йўналишидаги турнирлар юқори савияда ташкил этилди.
Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси ижроия қўмитаси мамлакатимизда боксни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор, замонавий спорт инфратузилмаси, ҳар қандай нуфузли анжуманни юқори савияда ташкил этиш бўйича яратилган кенг имкониятлар ва тўпланган бой тажрибани ҳисобга олиб, навбатдаги йиғилишини Тошкент шаҳрида ўтказишга қарор қилди.
Ижроия қўмита йиғилишида 2015 йилда боксни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар, Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмасининг ташкилий ва молиявий, ҳакамлик, спорт тиббиёти ва спортчиларнинг мусобақалардаги иштироки билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.