Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

"Қизилқум": Мухлисларга ҳурмат шуми?

Баҳо:
+ | -

Мамлакатимизда футбол оммавийлигини ошириш ва янада ривожлантириш йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Нафақат пойтахтимизда, балки вилоятларда ҳам бир-биридан кўркам стадионлар барпо этилаётганлиги барчамизни бирдек қувонтиради, албатта.

Қолаверса, ҳар бир клуб қошида Мухлислар клублари иш бошлаганлиги ва мухлислар маданиятини юксалтириш борасида ишлар олиб борилаётганлиги биз ишқибозларни хурсанд қилади. Навоийда аста-секин рақобатдош жамоа шаклланаётганидан мамнунмиз. “Қизилқум” ПФК раҳбариятининг қўллаб-қувватлаши эвазига қўлдан келганича жамоамиз хоҳ ўз майдонидаги, хоҳ сафарда учрашуви бўлсин қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиляпмиз.

Олий лига ўн олтинчи турида севимли жамоамиз Муборакка сафар қилди. Мухлислар клубимизнинг юзга яқин аъзоси билан “Машъал” — “Қизилқум” учрашувини бевосита стадионда кузатиш учун Баҳром Вафоев номидаги стадионга ташриф буюрдик. Бундан ташқари, яна беш юз нафарга яқин ишқибоз Навоийдан Муборакка борганлигини ўзи “Қизилқум” жамоаси ўйинларига қизиқиш нечоғли катта эканлигини билдириб турибди.

Афсуски, “Машъал” футбол клуби томонидан меҳмонлар мухлисларига билдирилган муносабатдан қаттиқ ранжидик. Муборакдаги стадион ўз бағрига 8-10 минг томошабинни сиғдира олишини айтишди. 2 август куни стадионда нари борса 2-3 минг томошабин “Машъал” — “Қизилқум” учрашувини кузатди.

Аммо, навоийлик мухлислар учун дарвоза ортидаги трибунадан жой беришди. Майли, бунисига ҳеч бир эътирозимиз йўқ. Бу балки хавфсизлик нуқтаи назаридан амалга оширилгандир. Бироқ “Қизилқум” мухлислари учун ажратилган трибунада атиги 15-20 фоиз ўриндиқ ўтириш учун яроқли эди. Ачинарлиси, ўриндиқлар тўкилиб синиб, бўлакларга бўлиниб ётгани бўлди.

Яхшиямки, севимли жамоамиз ўша куни сафарда ўйнаса-да, ишончимизни оқлади. Муборакдан ғалаба билан қайтди. Худо кўрсатмасин, бирор сабаб билан мухлислар асаби жунбушга келса, не ҳол юз беришини бир тасаввур қилиб кўринг. Бу — футбол! Ҳиссиётларга лиммо-лим спорт тури бу! Унда ҳар қандай вазият содир бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди ахир!

Навоийга ҳам кўплаб жамоалар ўз мухлислар клуби аъзолари билан ташриф буюради. Аксарият мухлислар клуби билан ўртамизда илиқ муносабатлар ўрнатилган. Уларни шаҳримиздан кўнгли тўлиб уйларига қайтишлари учун “Қизилқум” ПФК раҳбарияти ҳам, мухлислар клуби ҳам қўлидан келган барча ишни қилишади.

Бироқ, Муборакдаги аҳволни кўриб, рақиб жамоа мухлисларига муносабатдан дилимиз хира бўлгани бор гап. Ахир футбол фақат мухлислар учун ўйналади-ку?! Стаионда ишқибозлар учун оддий шарт-шароит яратиш шунчалар мушкул ишми? Наҳотки, муборакликлар ва ПФЛдаги мутасадди шахслар стадионларимиздаги бу каби нохуш аҳволдан бехабар бўлишса?!

Фикримиз исботи сифатида ўша куни Муборакдаги Баҳром Вафоев номидаги стадионда тасвирга олинган айрим суратларни сизларга ҳам илиндик. Зора, бу аҳволни кўрган “Машъал” ПФК раҳбарияти кейинги ўйинлар олдидан ўзлари учун тегишли хулоса ва сабоқ чиқаришар деган умиддамиз. Чемпионатимизнинг поёнига етишига эса ҳали анча вақт бор.

Шаҳриддин ИШНАЗАРОВ,

“Қизилқум” ПФК Мухлислар клуби етакчиси.

Манба: fcqizilqum.uz
Киритилди: 16:36, 08.08.2016.
Ўқилди: 8123 марта.
Фикрлар: 23 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.