Бугун 1979 йил авиаҳалокатга учраган «Пахтакор»дан айрилганимизга 37 йил бўлди.
Минскнинг «Динамо» клуби билан учрашувга йўл олган ўша жамоа аъзолари бу ўзлари учун сўнгги сафар бўлиши мумкинлигидан бехабар эдилар. Анъанага кўра, ҳар йилнинг 11 август санасида шонли жамоа вакиллари ёдга олинди. Эрталаб "Пахтакор" стадионидаги ёдгорлик олдига футбол фахрийлари, ишқибозлар, мутахассислар, жамоамиз аъзолари, ЎФФ ва ПФЛ ходимлари жам бўлишди. Фахрийлар авиаҳалокатга учраган жамоа вакиллари ҳақида хотираларини ёдга олиб ўтишди.
Шундан сўнг йиғилганлар "Боткин" қабристонига йўл олишди. У ерда Мирзаҳаким Тўхтамирзаев, Алла Тазетдинова, Гурам Дараселия ва бошқалар сўзга чиқиб, 1979 йилги жамоа хусусида фикрларини билдириб ўтишди. Тадбирга "Бунёдкор", "Бухоро" ва "Локомотив" вакиллари ҳам ташриф буюриб, марҳумларга ҳурмат билдиришди.
Шу ўринда биз авиалҳалокатда ҳаётдан кўз юмган пахтакорчиларни эслаб ўтамиз:
Идгай Борисович Тазетдинов 13.01.1933 Мураббий
Владимир Васильевич Чумаков 08.12.1932 Шифокор
Мансур Иномжонович Толибжонов 04.04.1944 Маъмур
Михаил Иванович Ан 19.11.1952 Ярим ҳимоячи
Владимир Иванович Фёдоров 05.01.1956 Ҳужумчи
Олим Масолиевич Аширов 25.01.1955 Ҳимоячи
Равиль Рустамович Агишев 14.03.1959 Ҳимоячи
Константин Александрович Баканов 25.05.1954 Ярим ҳимоячи
Юрий Тимофеевич Загуменних 07.06.1947 Ҳимоячи
Александр Иванович Корчёнов 04.05.1949 Ярим ҳимоячи
Николай Борисович Куликов 25.04.1953 Ҳимоячи
Владимир Васильевич Макаров 09.03.1947 Ярим ҳимоячи
Сергей Константинович Покатилов 20.12.1950 Дарвозабон
Виктор Николаевич Чуркин 25.01.1952 Ҳужумчи
Сирожиддин Аҳмадович Бозоров 10.08.1961 Ҳужумчи
Шуҳрат Мўсинович Эшбўтаев 08.02.1959 Ҳужумчи
Владимир Валиевич Собиров 14.01.1958 Ҳужумчи
Ўша жамоа вакилларини эслаш мақсадида турли халқаро турнирлар ўтказилмоқда, хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Нарпайда Сирожиддин Бозоров номидаги стадион, Навоийда эса Шуҳрат Эшбўтаевнинг хотирасига “Шуҳрат” номли футбол мактаби ташкил этилган. “Пахтакор” футбол клубининг ёрдами эвазига Куриловка қишлоғида жамоани эслатиб турувчи ёдгорлик барпо этилди. Ўша ҳудуд ёшлар жамоаси “Пахтакор” деб номланади, улар “Пахтакор” либосларида майдонга тушиб, ўйинларда иштирок этишади. Бу эса ўша жамоага ҳурмат келтирилаётганини кўрсатиб турибди. Ўша ёшлар жамоани кўрганда барча 1979 йилги жамоа тўғрисида ёдга олади. Йил давомида юртимизнинг турли ҳудудларида халқаро турнирлар ўтказиб келинмоқда.
8 август куни Тошкентда Ворошиловграднинг “Заря” клубини 3:1 ҳисобида доғда қолдирган “Пахтакор”нинг ўша таркиби учун сўнгги учрашувга айланишини ҳеч бир ишқибоз ўйлаб ҳам кўрмаганди. 13 августда Минскда “Динамо”га қарши белгиланган учрашув арафасида рўй берадиган ҳалокат ҳали бутун миллатни ларзага солишини ҳеч ким билмасди. Ўзбекистоннинг фахрига айланган футбол жамоаси самода йўқ бўлиб кетди. Улар миллионлаб инсонлар учун қаҳрамонлар ҳисобланарди. Майдонда ҳар қандай рақибга қаршилик қила оладиган йигитлар самода тақдир ҳукми олдида барча инсонлар каби ожиз эдилар.
1979 йилнинг 11 августи. Тошкент вақти бўйича соат 13дан 35 дақиқа 38 сония ўтган. Шу лаҳзада Тошкент-Гурьев-Донецк-Минск рейсида парвоз қилаётган ТУ-134 самолёти Челябинск-Кишинёв рейсини бажараётган шу русумдаги бошқа самолёт билан тўқнашиб кетди. Фожеа ердан 8400 метр баландликда юз берди ва икки самолёт бортида бўлган 178 киши ҳалок бўлди. Улар орасида ўша вақтда ўзбек футболининг фахри ҳисобланган «Пахтакор»нинг 17 нафардан иборат таркиби ҳам бўлган. Афсуски, диспетчернинг хатоси икки юзга яқин инсонларни бу ҳаётдан олиб кетди.
Ўша куни Харьковдаги ҳаво ҳаракатларини бошқариш марказида 6 нафар диспетчер навбатчилик қилаётганди. Бўлим бошлиғи Сергеев ёш Николай Жуковскийни иш ўрнига ўтказди ва унга раҳбарлик қилиб туришни Владимир Сумскойга топширди.
Ўша куни бу ҳудудда об-ҳаво унчалик яхши эмасди. Осмонни булутлар эгаллаган бўлиб, улар 8-9 километр баландликда ҳам қалин жойлашганди. 65735 борт рақамли Ту-134 самолёти Москва вақти билан соат 13:11да Донецкдан ҳавога кўтарилади. А.С.Комаров бошчилигидаги экипаж аъзолари 77 йўловчини манзиллари томон етказиб қўйишлари зарур эди. 12:53да Воронеждан учган бошқа бир Ту-134 эса 65816 борт рақамига эга бўлиб, унда А.А.Тараненко командирлик қилаётганди. Молдовага тегишли самолёт салонида 88 нафар йўловчи рўйхатга олинганди. Улардан 16 нафари 12 ёшгача бўлган болалар бўлган.
Харьков ҳаво ҳаракатларини бошқариш марказида раҳбар Сергеев жанубий-ғарбий йўналишга масъул этиб катта тажрибага эга бўлмаган Жуковскийни қўйиб, унинг ҳаракатларини назорат қилишни эса биринчи классли диспетчер Сумскойга топширади. Бироқ Жуковский ҳисобда адашиб кетади ҳамда икки йўналишдаги самолёт учиб ўтиш фарқини 3 дақиқа деб белгилаб олади. Кейинроқ у ҳисоблашда яна бир хатога йўл қўяди. Буни «Пахтакор» учаётган самолёт командирининг алоқага чиқиб айтган сўзларидан пайқаган Сумской бошқарувни қўлга олади ҳамда учувчилар билан алоқага ўзи чиқишни бошлайди. Бироқ унинг хатоси шунда бўлганки, у жавобни қайси самолёт командири айтганини сўраб, тасдиқлатишни эсдан чиқарган. Ҳар икки диспетчер буйруқни ким бажарганини сўрашни ёки локаторга қараб, самолётлар қайси йўналишда ҳаракат қилаётганини текширишни унутишган.
Икки лайнернинг 8400 метр баландликдаги тўнашуви натижасида 178 нафар инсон ҳалок бўлди. 9 ойдан кейин бўлиб ўтган судда Жуковский ва Сумской устидан суд қарори эълон қилинди. Улар умумий режимда 15 йилдан озодликдан маҳрум этилдилар.
Тез фурсат ичида Тошкентга бошқа жамоалардан футболчилар чақирилиб, жамоа мавсумни давом эттирди. Уч мавсум мобайнида жамоага олий лигадан тушиб кетмаслик имконияти тақдим этилди. Лекин ҳаётдан кўз юмган бутун бир жамоа ўрнини ҳеч ким ва ҳеч нарса боса олмасди. Ўша машъум ҳалокат туфайли кўп минг сонли ишқибозлар футболдан бутунлай кўнгил узишди. Пахтакорчиларнинг оила аъзоларига қанчалик қийин бўлганлигини тасаввур қилиш мушкул бўлмаса керак. Навбатдаги учрашувларга ташриф буюрган мухлислар кўзларида ёш билан янги жамоа иштирокидаги ўйинни кузатиб боришарди. Тошкентдаги навбатдаги баҳс Тбилисининг «Динамо» жамоасига қарши ўтган. Ўша куни таркиб таништирилаётган маҳалда стадион сухандонининг йиғисига стадионга ташриф буюрган ишқибозлар ҳам чидаб туришолмаган ва бутун стадион кўз ёш тўккан.
"Пахтакор-79" жамоаси аъзоларини ёдга олиш, уларга ҳурмат келтириш бизнинг бурчимиздир. Сизларни ҳеч қачон унутмаймиз! "Пахтакор-79" қалбимизда ҳамиша барҳаёт!