Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтаётган ХХХI ёзги Олимпия ўйинларидаги янги номлар рақам қилинса, рўйхатнинг бошидан Шаҳрам Ғиёсов ҳам ўрин олиши аниқ.
Боксчимиз вазни 69 килограммгача бўлган спортчилар ўртасида испаниялик Йоуба Сиссокони мағлуб этгач, литвалик Европа чемпиони Эймантас Станионисга рўбарў келди. Ўзбек боксчисининг имкониятларини чамаламаслик бу рақибга ҳам панд берди. Шундан сўнг тажрибали мураббийлар шогирдларини Шаҳрамга жиддий эътибор қаратиш ҳақида огоҳ эта бошлади. Аслида, бу спортчилар дунёнинг кўплаб рингларини, олқишлар ларзаси титраган улкан манежларни кўрган ва энг зўрлар сифатида тан олинган. Чорак финалдаги рақиби кубаликлар фахри Рониель Иглесиас – Пекин олимпиадаси совриндори, 2009 йилги жаҳон чемпионати олтин медали соҳиби, Лондон олимпиадаси ғолиби. Мутахассислар лолу ҳайрон. Шаҳрам шундай довруқли ринг устасини катта устунлик билан енгиб, ярим финалга чиқди.
Бу босқичда ҳамюртимизга олтин медалга асосий даъвогар, амалдаги жаҳон чемпиони марокашлик Муҳаммад Рабии юзма-юз бўлди. Одатда, йирик мусобақада илк бор қатнашаётган баъзи спортчилар машҳур рақиби номини эшитибоқ ўзини йўқотиб қўйиши мумкин. Бизнинг Шаҳрам улар тоифасидан эмас. Унинг қаршисидаги ҳар қандай чемпион шунчаки, оддий рақиб, холос. Демак, енгиш мумкин. Боксчимиз Муҳаммад Рабиини мағлуб этди.
Унча-мунча рақибни назарга илмайдиган боксчиларни ўзига таъзим қилишга мажбур этган Шаҳрамнинг кучи нимада? Албатта, маҳоратда. У ўзига хос тактика ва техникага эга. Кўп ҳолларда рингда қўлини туширган ҳолда ҳаракат қилади. Бундай пайтда табиийки, рақиб унга шиддат билан отилади. Айни шу ҳолат рақибни қопқонга илинтиради. Боксчимиз рақибга оёқ ва гавда ҳаракатлари билан чап берган ҳолда тинимсиз зарбалар ёғдиради. Чекиниш зарур бўлганда, шунчаки ортга сурилмайди, балки кутилмаганда зарба йўллаб рақибдан узоқлашади. Ҳар қандай боксчи ҳам бундай пайтда аввалдан тайёрлаган режаси ва тактикасини ишга сололмайди.
Шаҳрамнинг отаси Жамшид Ғиёсов ҳам бокс билан шуғулланган. Спорт усталигига номзод. 12 ёшли Шаҳрамнинг қизиқишини илғаб, Бухоро шаҳридаги ихтисослаштирилган спорт мактаб-интернатига олиб борганида ўғлининг келажакда катта боксчи бўлишига ишонган.
Орзулар ушалиши муҳит ва имкониятлар билан уйғун. Президентимиз раҳнамолигида ёш авлодни жисмонан ва маънан баркамол этиб тарбиялашда муҳим ўрин тутадиган спортни ривожлантириш, Ватан шарафини халқаро мусобақаларда улуғлайдиган истеъдодларни вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилиб, соҳанинг моддий-техник базаси мустаҳкамланаётгани ўз самарасини бераётир.
– Мен Шаҳрамдан етти йил аввал Бухоро шаҳридаги ихтисослаштирилган спорт мактаб-интернатида таълим олганман, – дейди икки карра жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинлари совриндори, ҳозирда вилоят терма жамоаси бош мураббийи Аббос Атоев. – Менинг ютуқларимда таниқли мураббийлардан бири Олим Муҳамедовнинг хизмати катта. Шаҳрам ҳам шу мутахассиснинг кашфиётларидан. Кейинчалик Шаҳрам Бухоро олимпия захиралари коллежида тарбияланди. Бразилияда ўтаётган ёзги Олимпиадада 52 килограммгача вазн тоифасида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган Шаҳобиддин Зоиров ҳам бокс сирларини олимпия захиралари коллежида Олим акадан ўрганган.
17 август тунида Ғиёсовлар уйи гавжум бўлди. Ҳовлининг ўртасида ўрнатилган мониторда Шаҳрамнинг финал жангини томоша қилиш учун қўни-қўшнилар, мураббийлар тўпланди. Айтиш жоиз, учрашув тенг курашлар остида ўтди. Аммо интернет хабарларида тарқатилишича, мусобақадан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида Шаҳрамнинг ўзи таъкидлаганидек, омад рақиб томонида бўлди.
Хонадон соҳиблари ва меҳмонлар билан бирга мусобақани кузатган вилоят ҳокими М.Эсонов ота-онаси ва яқинларини Шаҳрамнинг Олимпиада кумуш медалини қўлга киритгани билан табриклади.
Шаҳрамнинг бобоси 76 ёшли Абдулла ота Ғиёсов ҳам ёшлигида спорт билан шуғулланган.
– Мустақилликни қўлга киритгач, Ўзбекистонимиздек жадал ривожланган, ёшлари турли соҳаларда жаҳон миқёсида тез тилга тушган мамлакатлар жуда кам, – дейди отахон. – Бразилиядаги Олимпиадани олинг. Ришод полвонимиз қаторасига учинчи бор совриндор бўлди. Неварам Шаҳрам кумуш медаль олди. Андижонлик Ҳасанбой Дўстматов чемпион бўлди. Штангачи Руслан ҳаммани қойил қолдирди. Бир йўла Олимпиада рекордини ҳам янгилаб қўя қолди. Эр йигитлар шундай бўлади. Ҳали термамизда совриндорликни нақд қилиб қўйганлар бир нечта. Хуллас, спортчиларимиз мустақиллик байрамига муносиб совға ҳозирлашди. Буларнинг барчаси Президентимизнинг узоқни кўзлаб юритаётган оқилона сиёсати самарасидир. Спортчи эришган ютуқлар фақат маҳорат ва ирода меваси эмас. Унда, айтайлик, боксчининг ватанпарварлиги ҳам мужассам. Бу туйғу юракда бўлади. Шаҳрамни кўп кузатганман. У ҳар гал рақиби устидан ғалаба қозонганида кийимининг кўкрак томонида нақшланган тимсол – мўъжазгина Ўзбекистон байроғини ўпади, кўзига суртади, шу тимсолга мансуб юртдан эканига ишора қилади-да. Ғурур ва ифтихор деганлари шу асли. Ғурурли инсоннинг юрагида Ватан меҳри бор.
Бобо ҳақ. Эндигина 23 ёшни қаршилаган Шаҳрам Ғиёсовнинг ғурурланадиган ютуқлари ҳали олдинда. Мустақиллик фарзанди бўлган бундай ёшларимиз ҳали бизни кўп хурсанд қилади. Ўзбекистонимиз номини яна кўп бор шарафларга буркайди.
Олимпиада кумуш медали совриндори Шаҳрам Бухоро шаҳрининг Муҳаммад Наршахий номи билан аталувчи маҳалласида яшайди. Буюк муаррих ўзининг “Бухоро тарихи” китобида юртимиз ўтмиши ниҳоятда қадимий экани, бу ерда ҳар томонлама ибрат олса бўладиган инсонлар истиқомат қилишини ёзган. Замондошларимиз, жумладан, Шаҳрам сингари спортчиларимиз мустақиллик даври тарихи саҳифаларини яна минг йилларга татийдиган зарҳал ҳарфлар билан битмоқда.