Матбуот анжуманинг иккинчи қисмида “Навбаҳор” жамоаси бош менеджери Равшан Бозоров ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
- Ўйин анча яхши тарзда ўтди. Ҳар икки жамоа ҳам кескин ва муросасиз курашни таклиф этган ҳолда тўп сурди. Учрашувда улар ҳам, биз ҳам ютишимиз мумкин эди. Якунда ютуқ биз томонда бўлди. 0:1 ҳисобида имкониятни бой бераётган пайтимизда ҳам йигитларга ишонгандим. Рақиб гол ургач, ўзларини ўнглаб олгач, ҳужумкорликни ошириб катта хажмдаги ишни амалга оширишди. Меҳнатларимиз ўз самарасини берди. Иккинчи бўлим ҳақида гап кетганида, устунликка эришган бўлсакда меҳмонлар ҳисобни тенглаштиришга эришишди. Аввалига ҳисобда ортда бориб, кейин олдинга чиқиб олиш, шундан сўнг дуранг. Бундай шароитда бир маромда тўп суриш мушкул. Шундай бўлишига қарамай йигитлар ирода кўрсатиб, олдиларига қўйилган вазифани уддалашди. Шу сабабли футболчиларимизга раҳмат айтаман. Қолаверса, жамоамизни муносиб тарзда қўллаб-қувватлаган мухлисларимизга ҳам алоҳида миннатдорчилик билдириб ўтаман. Дилшод Жабборовни оёғидаги жароҳати безовта қилмоқда. Уни тажрибали футболчи эканлигини ва марказда назоратни ўрната олиш қобилиятига эга бўлганлиги сабабли оғриқ қолдирувчи укол қилган ҳолда майдонга туширди. Афсуски, у ўйинни тўлиқ тарзда ўтказа олмади. Шундай шароитда жамоамизга ёрдам берганлиги учун Дилшодга раҳмат айтаман. Россиялик футболчи Сангаджиев бунданда яхшироқ ўйнай олади. Футболчининг дебютидан қониқиш ҳосил қилмадим. Жамоамиздаги биринчи ўйини бўлганлиги сабабли ўз имкониятларини тўлиқ тарзда ишга сола билмади. Ўйлашимча турдан-турга ўйинини кучайтириб боради.