"Локомотив" учун Осиё чемпионлар лигаси яна яқинлашмоқда. "Темирйўлчилар" эртага, 22 август куни БААнинг Ал Айн шаҳри томон йўл олишади ва 23 август санасида маҳаллий "Ал Айн" клубига қарши ОЧЛ чорак финалидан ўрин олган дастлабки учрашувни ўтказишади.
Рақибимиз "Ал Айн" БААнинг энг кучли клубларидан бири ҳисобланади. Ҳозирда бу жамоани хорватиялик мураббий Златко Далич бошқармоқда. Қуйида ушбу мураббий ҳақида баъзи маълумотларни келтириб ўтамиз.
Златко Далич. 1966 йил, 26 октябрда туғилган. У футболчилик фаолиятида таянч ярим ҳимоячиси сифатида тўп сурган. Асосан Хорватиянинг ўзида ўйнаган. 2000 йилдан бери мураббийлик вазифасини бажариб келмоқда. 2006 йил Хорватия U-21 терма жамоасида ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаган.
2008-2009 йилларда Албания клуби "Динамо" (Тирана)ни бошқариб, мамлакат Суперкубогини қўлга киритган. 2010 йилдан эса мураббийнинг Осиёдаги "миссияси" бошланади. Аввалига Саудия Арабистонининг "Ал Фавйсали" клубини қабул қилиб олган мутахассис тез орада машҳур бўлиб кетади.
Мавсум охирида "Ал Рияд" газетаси Златко Далични "Энг яхши мураббий" деб топади. Далич ғолиблик учун кечган курашда Габриэль Кальдерон, Вальтер Зенга, Эрик Геретц каби мураббийларни олртда қолдиради. 2012 йил хорватиялик мураббий "Ал Ҳилол" клубини қабул қилади. У янги жамоаси билан бир қатор ютуқларга эришади. Ҳатто 2013 йилнинг май ойидаги рейтингга кўра дунёнинг энг кучли мураббийлари орасида 13-ўринни эгаллайди.
2014 йил БААга кўчиб ўтган мураббий бу сафар "Ал Айн" билан шартнома тузади. Ва ўша йилнинг ўзидаёқ "Ал Айн"ни ОЧЛ гуруҳ босқичида пешқадамга айлантиради. Бунақаси клуб тарихида 2006 йилдан бери юз бермай келаётганди. Златко Далич ОЧЛдаги ижобий иштироки туфайли 2014 йил якунларига кўра БААда ишлаётган мураббийлар орасида "Энг яхши мураббий" деб топилади. Шунингдек, ушбу мутахассис 2015 йил ҳам "Энг яхши мураббий" дея иккинчи бор тан олинган.
Златко Далич келгунга қадар "Ал Айн" жаҳон клублари рейтингда 335-ўринни эгаллаб келаётганди. Лекин икки йилдан кам бўлмаган вақт оралиғида хорватиялик клубни янги чўққилар сари кўтара олди. Бугунги кунда "Ал Айн" жаҳон рейтингида 122-ўринда бормоқда ва Осиёнинг бешта энг кучли клубидан бири ҳисобланади.
"Ал Айн" ушбу мураббий қўл остида ҳам мамлакат чемпионлиги, ҳам Кубок ва Суперкубокни қўлга киритган, қолаверса Осиё чемпионлар лигасида ҳам муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.