Рио Олимпиадаси олтин медали соҳиби, ўзбекистонлик боксчи Ҳасанбой Дўсматов Жанубий Африканинг Golden Gloves промоутерлик компанияси билан шартнома имзолагани ҳақидаги хабарларни инкор қилди. Бу ҳақда «Оламспорт» маълумот берди.
Хориж матбуотида Дўсматов Golden Gloves билан профессионал шартнома имзолагани ҳақида хабар эълон қилинган эди. Аммо ушбу ахборот тасдиқланмади. Нашр вакилларининг бу борадаги саволига жавоб бераркан, спортчи шундай деди:
«Очиғи, бу ҳақида энди сиздан эшитдим. Мен на Golden Gloves ва на бошқа промоутерлик компаниялари билан шартнома имзолаганим йўқ. Бу нотўғри ва ҳеч қандай асосга эга бўлмаган маълумот».
«Йўқ, ҳеч қандай таклиф бўлгани йўқ. Бўлган тақдирда ҳам, уларга берадиган жавобим тайин», — қўшимча қилди ёш чемпион.
Дўстматов Токио Олимпиадасида ҳам иштирок этиш нияти борлигини айтиб ўтди:
«Мен тўрт йилдан сўнг Токида бўлиб ўтадиган навбатдаги Олимпиадада ҳам иштирок этишни мақсад қилганман. Осиё қитъасида ўтказиладиган тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида Олимпиада олтин медалини ҳимоя қиламан. Ҳозир олдимда турган энг катта орзуим шу. Аслида, Олимпия чемпиони бўлдим ва бу билан халқимизнинг, ота-онамнинг орзусини рўёбга чиқардим».