Испания терма жамоаси яримҳимоячиси Серхио Бускетс янги бош мураббий Хулен Лопетеги ва собиқ бош мураббий Висенте дель Боскенинг ўйин услубини солиштириб кўрди.
«Терма жамоа таркиби ўзгармади, Лопетеги ва дель Боске эса бир хил футболни тарғиб қилишади. Менинг вазифам ҳам деярли ўзгармади. Лекин биринчи ўринда терма жамоа манфаати туради, майдондаги ўрним эмас.
Кейинги учрашувларда ўйинимиз қандай тус олишини кўрамиз. Ҳаммаси яхши бўлиб кетади деган умиддаман. Сўнгги икки мусобақадаги муваффақиятсизликдан сўнг яна ғалаба қозониш учун бор кучимизни сарфламоқчимиз» - деди Бускетс Mundo Deportivo хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Испания терма жамоаси 1 сентябрь куни Бельгия билан ўртоқлик ўйини ўтказса, 5 сентябрь куни Лихтенштейнга қарши ўйин билан ЖЧ-2018 саралашини бошлайди.