Яқинда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида Наманган бокс мактаби тарбияланувчиси Муроджон Аҳмадалиев бронза медални қўлга киритиб, юртимиз довруғини юксакларга кўтарди.
Муҳтарам Президентимиз совға қилган “Малибу” автомашинасида пойтахтимиздан йўлга отланган чустлик 22 ёшли Олимпиада совриндори Муроджон Наманганда байрамона кайфиятда, олқишлар билан кутиб олинди. Наманган вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган ғолиб спортчини шарафлаш маросимида вилоятимиз спорт жамоатчилиги вакиллари, устоз мураббийлар, спортчи ёшлар иштирок этдилар.
Вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров йиғилганларни истиқлолимизнинг 25 йиллик байрами билан самимий табриклади. Муроджонни энг нуфузли спорт мусобақасида эришган бронза медали, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвонига сазовор бўлгани билан қутлар экан, бу ютуқ энг улуғ, энг азиз байрамимиз – истиқлол шодиёнаси олдидан халқимизга муносиб туҳфа бўлганлигини таъкидлади.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон спортчилари забт этган баланд марралар биз учун унутилмас давр бўлди. Олимпиячиларимиз Рио ареналарида 4 та олтин, 2 та кумуш ва 7 та бронза медалига сазовор бўлиб, дунёнинг 206 давлатининг 12 мингга яқин спортчилари орасида 21-ўринни эгалладилар. Бу натижа орқали ватандошларимиз Осиёда тўртинчи, МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатлари ўртасида иккинчи, Марказий Осиёда биринчи бўлишгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди. Мана шундай залворли натижаларда, наманганлик ўсиб келаётган ёш ўғил-қизларнинг чинакам қаҳрамонига айланган Муроджон Аҳмадалиевнинг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини айтиб ўтиш жоиз.
Олимпия ўйинлари тарихида Наманганимиздан биринчи бор совриндор бўлиш бахти насиб этган Муроджонни кўрган болажонлар қалбида: “Мен ҳам Муроджон акамга ўхшаб, албатта чемпион бўламан, Олимпия ўйинларида она Ватан шарафини муносиб ҳимоя қиламан”, деган эзгу истак ва ҳавас уйғонгани шубҳасиз. Бу тадбирда сўз олган умидли спортчилар Ҳаётбек Раҳимов ва Моҳинур Аҳмаджоноваларнинг дил сўзларида ҳам ўз ифодасини топди.
— Олимпия ўйинларида эришган медалимни мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишлайман. Мени қўллаб-қувватлаган, мухлис қилган барча юртдошларимга ташаккур айтаман. Бу ютуғим Президентимизнинг биз ёшлар камолоти йўлида кўрсатаётган доимий эътиборлари маҳсулидир, — деди тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Муроджон Аҳмадалиев.
Тантанали маросимда иқтидорли боксчимизга вилоят ҳокимлиги томонидан Наманган шаҳрининг Бобуршоҳ кўчасида барпо этилаётган кўпқаватли уйдан икки хонали хонадон калити берилди. Муроджонни шу даражада эл корига ярайдиган қилиб вояга етказган ота-онаси Қаҳҳоржон Аҳмадалиев, Ойшахон ая Фаёзовага, 77 ёшли бувиси Тўхтахон ая ҳамда устоз-мураббийлари Илҳомжон Мирзаҳолов, Қобилжон Каримовларга қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирда Муроджоннинг отаси Қаҳҳоржон Аҳмадалиев, биринчи мураббийи Илҳомжон Мирзаҳоловлар сўзга чиқиб, мамлакатимизда жисмонан соғлом ва ақлан баркамол авлодни тарбиялашга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун муҳтарам Юртбошимиз Ислом Каримовга миннатдорлик изҳор қилдилар.
журналист