Қозоғистон чемпионатининг 23-туридан ўрин олган «Ақтўбе» - «Ордабаси» (4:4) ўйини атрофида можаро авжига чиқмоқда.
Гап шундаки, «Ордабаси» бош мураббийи Бахтиёр Байсеитов ва «Ақтўбе» бош директори Дмитрий Васильевнинг телефон орқали қилган суҳбатининг ёзувлари интернетда пайдо бўлган. Суҳбатдан шу нарса ойдинлашадики, олдиндан келишилганидек, «Ақтўбе» клуби бу ўйинда мағлубиятга учраши шарт бўлган, аммо буни амалга оширмаган. Суҳбат иштирокчилари эса шу масалани қизғин муҳокама қилишган.
Sports.kz нинг бугунги хабарига кўра, суҳбат ёзилган лента эксперт текширувидан ўтказилгандан сўнг, унинг ҳақиқий экани аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, "Ордабаси" клубида ўйнаётган ҳамюртимиз Александр Гейнрих бу ўйинда ҳет-трик натижа қайд этганди. У икки марта пенальтидан гол урган, учрашув якунида эса ўйиндан тўп киритиб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолганди.