Мамлакатимиз футбол майдонларида бугун ҳам Ўзбекистон биринчилигининг 25-тур учрашувлари давом эттирилди.
Ўзбекистон биринчилигида иштирок этаётган “Насаф-2” жамоамиз ўз майдонида бўлиб ўтган бу тур учрашувида, Наманган вилоятининг “Косонсой” жамоаси билан баҳс олиб борди.
Учрашув бошланиши олдидан, буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг сўнмас хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.
Нурали Султонов шогирдлари учрашув бошидан катта ташаббус билан ҳаракат қилишди. “Косонсой” жамоаси ҳам Қаршига очко олиб кетиш мақсадида келганини ўйинда намойиш қилди. Улар жамоамизнинг уюштирган ҳужумларини самарасиз якунланишига астойдил ҳаракат қилишди.
Ўйиндаги ҳисоб 16-дақиқада Ғолиб Ғайбуллаев томонидан очилди – 1:0. Ҳисобни тенглаштириш учун бор кучлари билан ҳаракат қилган меҳмонлар орадан тўрт дақиқа ўтиб, 20-дақиқада ўз мақсадларига эришдилар. Исломжон Исмоилов жавоб тўпига муаллифлик қилди -1:1.
Ҳисоб тенглашгач майдонда кураш янада қизғин давом этди. Ҳисобда олдинга ўтиб олиш учун жамоамизда бир неча қўлай вазиятлар пайдо бўлган бўлсада, биринчи бўлим сўнгги дақиқаларигача ҳисоб ўзгармасдан қолаверди.
Ўйинчиларимиз бари-бир 41-дақиқага келиб ўз мақсадига эришдилар, ташкил этилган навбатдаги ҳужумни Илҳомжон Алижонов гол билан якунлашга эришди – 2:1.
Жамоалар ана шу ҳисобда танаффусга чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлимда “Косонсой” жамоасининг ўйини бироз кучайгандек бўлди, бу ҳисобда ҳам ўз аксини топди. Сардор Теляков 58-дақиқада ҳисобни яна тенглаштиришга эришди – 2:2.
Албатта, ўз майдонида ўйнаётган жамоамизни бу ҳисоб асло қониқтирмасди. Шунинг учун футболчиларимиз кейинги дақиқаларда бор эътиборларини ҳужумга қаратишди. Аммо яратилган кўпгина вазиятлар самарасиз якунланаверди. Ўйин шундай давом этаётган бир пайтда, ўнг қанотдан уюштирилган ҳужумни Жавоҳир Ашуров гол билан якунлади. 73-дақиқада унинг ўнг қанотдан, жарима майдонига етмасдан тепган кучли ва аниқ зарбаси голга айланди – 3:2.
Бу ҳисобдан кейин майдонда кураш янада авж олди. Қолган дақиқаларда гол уриш учун “Косонсой” жамоасида кўпроқ имкониятлар бўлди. Жамоамиз эса ҳимояда ҳаракат қилишга мажбур бўлди. Бу вазиятларда дарвозабонимиз Жавоҳир Комиловнинг ҳаракатларини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак, у жамоамизнинг ғалабасини сақлаб қолишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.
Шундай қилиб, “Насаф-2” жамоамиз навбатдаги ғалабани қўлга киритди.
Нурали Султонов қўл остидаги “Насаф-2” жамоамиз навбатдаги тур учрашувини ҳам ўз майдонида ўтказади. Бу учрашув “Хотира-79” жамоасига қарши бўлади. Учрашув 14 сентябр чоршанба куни ўтказилади.
Ўзбекистон Биринчилиги, 25-тур. 11.09.2016
“Насаф-2” (Қарши) – “Косонсой” (Косонсой) 3:2 (2:1)
Қарши ш. “Насаф” ФМ сунъий майдони, 17:00да
Бош ҳакам: Шуҳрат Ражабов (Бухоро)
Ҳакамлар: Никита Афиногенов (Тошкент), Султанмурод Абдураҳмонов (Тошкент)
Захира ҳаками: Равшан Абдувоҳидов (Қарши)
Назоратчи: Вилоят Нажафалиев (Тошкент).
Гол: Ғолиб Ғайбуллаев, 16’-1:0, Илҳомжон Алижонов, 41’-2:1, Жавоҳир Ашуров, 73’-3:2 – Исломжон Исмоилов, 20’-1:1, Сардор Теляков, 58’-2:2,
“Насаф-2”: Жавоҳир Комилов (с), 10.Сирожиддин Еттибоев (8.Шохруҳ Неъматов 90), 16.Ғолиб Ғайбуллаев, 17.Достонбек Бердиқулов, 19.Жавоҳир Ашуров, 20.Дилшод Саитов, 24.Шерзод Насруллаев, 27.Ойбек Бозоров (28.Жаҳонгир Қурбонбоев 46, 33.Шахбоз Эркинов 85), 32.Жўрабек Маннонов, 34.Илҳомжон Алижонов, 42.Самандар Шукруллаев (9.Шамсиддин Сагдуллаев 61).
Захира: 21.Элшод Қодиров, 5.Ботиржон Тўраев, 22.Элбек Отақулов.
“Косонсой”: 33.Амир Эргашев, 4.Миржамол Жамолов (с), 15.Нодирхон Адамхонов, 5.Аббосхон Ғуломов (18.Давронбек Маҳмудов), 7.Амон-Биик Халилов, 3.Санжар Тошпўлатов, 6.Фаррухбек Абдурахимов (19.Баҳодир Бахтиёров ), 2.Исломжон Исмоилов, 8.Дониёр Имомов (13.Жасур Жайнаков 87), 10.Бобуржон Мамаджонов (17.Анваржон Ҳожимирзаев 46), 11.Сардор Теляков (23.Шоҳруҳмирзо Аҳмадалиев 63).
Захира: 1.Шавкатжон каримов, 9.Шерзод Халимбоев.
Огоҳлантириш: Шерзод Насруллаев 25, Ғолиб Ғайбуллаев 68 – Миржамол Жамолов 15, Бобуржон Мамаджонов 18.