Бугун олий лиганинг 22-тур доирасида олтита учрашув бўлиб ўтади. "Локомотив" сафарда "Олмалиқ" меҳмони бўлади.
Олий лига, 22-тур. 17 сентябрь
ОЛМАЛИҚ - ЛОКОМОТИВ
Бош ҳакам: Бахтиёр Намозов
Турнир жадвалидаги ўрни: "Олмалиқ" 11-ўринда (22 очко), "Локомотив" 1-ўринда (52 очко).
Очколар орасидаги фарқ - 30 очко.
Таъриф: Чемпионлик учун ҳаракат қилаётган "Локомотив" бу турда "Олмалиқ" меҳмони бўлади. Бугун Олмалиқ шаҳрида қизиқарли баҳс кечиши кутиляпти. Боиси иккала жамоа ҳам ҳужумкор футболни хуш кўради. "Олмалиқ"нинг иккинчи даврада ҳали ғалаба қозонмаганини инобатга олсак, Игорь Шквирин шогирдлари астойдил кураш олиб боришса керак. Аммо "Локо" ҳам қараб турмайди, негаки жамоа олдига чемпион бўлиш вазифаси қўйилган ва бунинг учун ҳар бир ўйин муҳим саналади.
Факт: Ўз майдонида 9та учрашув ўтказган "Олмалиқ" шундан олтитасида ғалаба қозониб, уч марта мағлуб бўлган. Тўплар нисбати 17-11. "Локомотив" эса сафарда 9 бор майдонга тушиб, олтита ғалабага эришган ва уч марта дуранг ўйнаган. "Локомотив" сафарда мағлуб бўлмаган ягона жамоа бўлиб турибди. Тўплар нисбати 20-10.
Факт: "Олмалиқ" иккинчи даврани кетма-кет тўртта мағлубият билан бошлади ва ўтган турда дуранг ўйнади. Жамоа иккинчи даврада бешта ўйин ўтказиб, фақат бир очко жамғарди. "Локомотив" эса бешта учрашувдан тўрттасини ғалаба билан якунлаб, бир бор дуранг қайд этди.
Эслатма: Тошкентда бўлиб ўтган биринчи давра учрашувида "Локомотив" 4:0 ҳисобида зафар қучган. Икки марта Марат Бикмаев тўп киритган бўлса, Икром Алибоев билан Сервер Жепаров ҳисобига биттадан гол ёзилган.