«Пари Сен-Жермен» Брэдли Баркола ва Ибраима Мбайени сотиш орқали катта маблағ ишлаб олишга умид қилмоқда. Ҳар икки вингер ҳам ёзги трансфер ойнаси ёпилгунига қадар Париж клубини тарк этиши мумкин.
Инсайдер Фабрицио Романо маълумотига кўра, «ПСЖ» раҳбарияти Баркола ва Мбайенинг трансферларидан жами 200 млн евро атрофида маблағ олиш мумкин, деб ҳисобламоқда.
Transfermarkt портали 23 ёшли Барколанинг бозор қийматини 90 млн еврога, 18 ёшли Мбайени эса 30 млн еврога баҳоламоқда.
Ҳар икки француз футболчисига Англия Премьер-лигасининг йирик клублари қизиқиш билдирмоқда. Брэдли Баркола учун курашда «Ливерпул» асосий даъвогар сифатида кўрилмоқда. Бироқ мерсисайдликлар ҳозирча «ПСЖ»нинг молиявий талабларини қондирувчи таклиф билан чиқмаган.













