"Барселона" мавсумни ажойиб бошлади ва дастлабки 8 та ўйиннинг барчасида ғалаба қозонди. Бироқ клубда бош мураббий Ханс-Дитер Фликнинг бир қароридан норози эканликлари айтилмоқда. Бу ҳақда El Nacional хабар берди.
Ҳужумчи Хамза Абдулкарим мавсумолди тайёргарлик жараёнида яхши таассурот қолдирган эди. Шу сабаб клуб раҳбарияти у расмий ўйинларда ҳам майдонга тушиб, ривожланишда давом этади, деб умид қилган.
Бироқ Флик фақат битта учрашувда Абдулкаримни ўйин охирида захирадан майдонга туширди. Қолган баҳсларда эса 18 ёшли футболчи 90 дақиқани тўлиқ захира ўриндиғида ўтказди.
Фликнинг фикрича, Абдулкарим ўйин вақти олишдан олдин футболнинг айрим жиҳатларида ҳали ривожланиши керак.
"Шунга қарамай, клубда бу камчиликлар айнан ўйин амалиёти орқали бартараф этилади, деб ҳисоблашмоқда", дейилади хабарда.
"Барселона" навбатдаги учрашувини 10 октябрь куни ўз майдонида "Хетафе"га қарши ўтказади.













