Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Қўлни қўлга бериб... (мухлис мақоласи)

Баҳо:
+ | -

Бугунги кунга келиб футбол жаҳон айвонида энг томошабоп спорт турига айлангани янгилик эмас. Умуман кишилик тарихига назар солинса, одамлар ҳар бир даврда ўзига хос арена- саҳнлар томон ошиқишган.

Дейлик, қадимги Римда гладиаторлар жанги, ўрта асрларда рицарлар олишуви, Шарқда эса халқ сайилларида кураш, кўпкари, камондан ўқ узиш каби мусобақалар инсонлар учун ҳозирги замонавий тил билан айтганда адреналин (завқ, жўшқинлик, жазава) вазифасини ўтаган. Ҳатто, муқаррар жанг бўлиши керак бўлган майдонда икки тарафнинг жангчи-курашчилари бутун бошли қўшин номидан чиқиб, ўзаро баҳс орқали қирғинбаротларнинг олдини олишган.

Футбол XXI асрга келиб, нафақат тинчлик элчиси – соғлом ҳаёт тарзи, балки клублар учун улкан даромад манбаи, давлатлар учун эса довруқ мақомига эга бўлди. Келинг, бир жиҳатни тан олайлик, индивидуал спорт турларидан фарқли равишда миллиардлар ўйинининг аудиторияси нисбатан кенгроқ.

ЖЧ-2018 йўлланмаси учун курашаётган миллий терма жамоамиз куни кеча Эрон МТЖга мағлуб бўлиб, гуруҳдаги вазиятни ҳадикли кўринишга келтириб қўйди (бир танишимиз айтганидек, “сўнгги босқичда шу бўлар такрор”). Дўппини ёнга қўйиб мундоқ ўйлаб кўрилса, Самвел Бабаян терма жамоа бошқарувини қўлга олганидан бери, расмий мусобақаларда Эрон даражасидаги жамоа билан ҳали учрашмаган экан. Хўш, бу мағлубиятга қандай омиллар сабаб бўлди?

Асабни чиниқтириш дарси

“Осиё Моуриноси” дея эътироф этилаётган Кейруш бошланғич таркибни танлашда асосан руҳиятга катта эътибор қаратгани ўйин бошиданоқ ярқ этиб кўзга ташланди. Яъни, ЖЧ-2014 саралаши ўлароқ Теҳрондаги баҳсда асосан яккакурашларда футболчиларимизга имкониятни бой берган ва хали аламзадалиги кетмаган Ашкан Дежага, Андраник Темурян каби футболчиларни захирага олди, шунингдек, иштиёқи баландлиги панд бериб ўйин маромини бузиб қўювчи Сардор Азмунни ҳам. Бу билан у жамоасидан ортиқча босимни олиб ташлади. Ўйиндан олдинги матбуот анжуманида жаноб Карлос юлдуз футболчилар ҳақида гап сўралганда “жамоа” деб гапни қисқагина қилганди. Ҳақиқатда форсларга сокинлик керак эди ва бунга эришдилар ҳам. Ўйлайманки, таркибни бу ҳолга келтиришда Кейруш таваккал қилмади, шунчаки ўта муҳим ўйинда нима асосий омил эканлигини уқтириб қўйди, холос. Биздачи?

Одил “бўзчининг мокиси” эдими?

Миллий жамоамиз Одил Аҳмедов атрофида қурилганлигини ушбу баҳс яққол кўрсатиб қўйди. Яъни, таянч зонанинг чуқур ботиғидан то ҳужумнинг тик чизиғигача зип-зип қатнайдиган футболчининг йўқлиги туфайли Самвел Бабаян бир тўп калавани дастгоҳга ўрнатаман деб, алал оқибатда ўзи унга чувалашиб қолган ночор бўзчига ўхшаб қолди. Шундоғам яккакурашларда жисмонан ўта бақувват бўлган эронликларга қарши баҳсда Одилнинг йўқлиги туфайли марказ тўла забт этилди, буни тўғриламоқчи бўлган нафис футбол тарафдори Жепаров эса биринчи жиддий тўқнашувнинг ўзидаёқ жароҳат олиб, майдонни тарк этди. Рақибдаги ижодкорлик ҳусусиятини шу йўл орқали барбод қилган эронликлар буёғига ўйин сенарийсини ўзлари томонга оғдириб олдилар.

Бабаян Playstation ўйнайдими?

PESда футбол ўйинини ўйнамаган футбол мухлиси бўлмаса керак орамизда. Номинал марказий ҳимоячи бўлган Ислом Тўхтахўжаевнинг ўнг қанотга мунтазам қўйиб келиниши аслида жамоада юқори савиядаги ўнг қанот ҳимоячисини йўқлигидан эмас, балки бош мураббийимизнинг ҳимоядаги зичликни таъминлашга бўлган уринишидир. Айниқса, PES-2014 ўйнаганлар билган чиқар – танланган жамоангизнинг тактик схемага жойлаштираётганингизда қанот ҳимоячисининг устига пультнинг тугмасини икки марта боссангиз қанот ҳимоячиси марказий ҳимоячига айланиб қолади, лекин ўйинчи жойида қолади. Моҳиятда эса сиз ўйинни уч нафар марказий ҳимоячи билан бошлайсиз. Яъни, марказий ҳимоячига айлантирган қанот ҳимоячингиз рақибингиз томонидан берилган кутилмаган пасларни эгаллаб олишда марказга мойиллик кўрсатаверади. Самвел Бабаян ҳам жамоа ҳимояга қайтганда гармон каби йиғиладиган учлик ҳимояни шакллантираётганлигини эндиликда оддий мухлис ҳам билиб бўлди. Асосан ҳимояланувчи жамоага қўл келадиган бу учлик-гармоннинг ҳужум чоғида беихтиёр ёйилиши эса қандай оқибатларга олиб келишини Қатар ва Эрон билан ўтказилган учрашувлар яна бир бор кўрсатиб берди.

Тўмтоқ найза

Жамоамизнинг ҳужум чизиғида найзанинг учидек ўткир ҳужумчи йўқлиги панд бераяпти. Игор Сергеевнинг Чин юртига кўчиб, қанот ўйинчисига айлантирилиши аста-секин ҳужумларда қайралиб бораётган Игорнинг ўз ўйинини йўқотганлигига сабаб бўлган, шекилли. Сергеев ноёб қобилияти – ёриб кирувчанлик қолиб, қанотга қараб чопишни касб қилиб олибди. Охирги ўйинларда МТЖ учи тўмтоқ найза кўтарган рицар каби рақибини маҳв этиш ўрнига уни отдан йиқитишдан бошқасига ярамай қолганлиги кўриб, шундай хулосага келасан, киши…

Масъулият юки

Аҳмедовнинг майдонга тушмаслиги катта эҳтимол билан бир кун олдин хос даврага маълум бўлган. Ана шундай мураккаб бир вазиятда “мана менман” деб қўл кўтариб, етакчиликни қўлга оладиган ўйинчининг топилмаганлиги ўта тушунарсиз. Бу ҳолатда етакчисидан айрилган жангчилардек шалвираб қолган футболчиларимизнинг майдондаги куч сарфи тўпни тўғри тўхтатишга қаратилди, десак муболаға бўлмас.

Навбатдаги бош оғриқ

Анзурку ноиложликдан сариқ ишлади, аммо Гейнрих ўша вазиятда жаҳлни пуфлаб шишириши шарт эдими? Тўғри, майдонга тушгандан кейин футболчи ҳамма нарсани унутади, бироқ бугунги кунга келиб замонавий футбол фақат югуриш ва борини беришдан иборат эмас, илм, ҳийла вазиятни олдиндан кўриш каби босқичга кўтарилгани айни ҳақиқатку. Ёлғон бўлмасин, бир пайтлар Сашанинг ўзи маккор сариқ карточкасини деб дисвалификацияга учрагандику!? Буёғига Сервернинг ҳам Одилнинг ҳам хитойликлар билан учрашувда иштирок этиши катта ҳарфлар билан сўроқ остида. Ҳозирда Хитой билан бўладиган муҳим баҳс олдидан Бабаян бўрни олиб, доскага фаромуш термулиб турган бўлса не ажаб?..

Чину Мочин камалаги

Хитойликлар Осиё учун катта футбол эрасини бошлаб беришди. Бир неча юз миллион долларлик инвестицияларнинг футболга жалб қилиниши кўп куттирмайди, албатта. Аммо Хитой МТЖ хали кўзланган босқичга чиқа олгани йўқ. Сариқ аждарларнинг бошқа рақибларимиз билан ўтказган ўйинларини кўриб, қисқача шуни айтиш мумкинки, хитойликлар ҳимояда камон ипи каби қанча ортга тортилса, тўпни эгаллаган заҳоти ёй сингари узоқ пас билан ҳужумга ўтиб кетишни ёқтиришар экан. Афтидан, Тошкентда асосан ҳимояланиши кутилаётган хитойликларнинг асосий қуроли икки баробар куч билан бизга қарши ишлаши аниқга ўхшаяпти.

Кўкка кўтарилган қўллар…

Қатарга урилган гол нишонланаётганда тирноғимизгача титроқ киргани бор гап. Бу аслида футболчиларимиз кўксида тиниб ётган ЖЧ орзусининг қўзғалиши эди. Ҳеч кимдан кам эмаслигимиз, бошқа спорт турлари каби футболда ҳам жаҳонла бўйлашишимизга ваъда эди, ўша қўллар…

Ҳали ҳеч нарса йўқотилмади. Майли, келгуси ўйинларда таркиб рисоладагидек бўлмаса ҳам ҳар қандай рақибнида мағлуб этишга қодир икки қанотимиз бор.

Булар – мухлисларимизнинг сўнмас ишончи ва футболчиларимизнинг букилмас иродасидир!

Қўлингизни беринг…

 

Аслиддин

Манба: voha.uz
Киритилди: 21:50, 07.10.2016.
Ўқилди: 12398 марта.
Фикрлар: 26 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.