Москвада таниқли жангчи Фёдор Емельяненконинг қизига ҳужум қилинди. Бунинг оқибатида у шифохонага тушиб қолди, деб хабар беради «Газета.ru».
Воқеа ўтган ҳафта охирида юз берди. Ҳужум спортчининг иккинчи турмушидан бўлган ўртанча қизига уюштирилди. 9 ёшли қизнинг кўкрагига кутилмаганда зарба берилди. Жиноятчилар жароҳат кўринмаслигини, лекин шу пайтнинг ўзида қизнинг юрагига зарар етишини кўзлаган деб тахмин қилинмоқда.
Қиз ўз оёқларида уйгача етиб борди. Бошида у онасига ҳеч нарсани айтиб бермади. Аммо бироздан сўнг оғриқлардан азоб чека бошлади. Дам олиш кунлари эса қиз ётиб қолди, шунда онаси уни шифокорга кўрсатди.
Қизнинг кўкрак қафаси ва қорин бўшлиғига зарар етгани аниқланди.
Эслатиб ўтамиз, Фёдор Емельяненко 4 октябрь куни Грозний шаҳрида ўтказилган Grand Prix Akhmat 2016 аралаш жанглар турнирида ёш болалар иштирокини танқид қилганди.
Кейинроқ «Ахмат» клуби президенти Абузайд Висмурадов Россия MMA раҳбарининг ушбу масала юзасидан танқид қилишга ҳаққи йўқ эканини айтганди.
Шунингдек, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Емельяненконинг танқидига ўз муносабатини билдирган эди.