«Ливерпуль» ярим ҳимоячиси Жордан Хендерсон «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйин олдидан Англия Премьер-лигасининг 2013/14 йилги мавсумни ёдга олди. Ўша мавсум сўнгида Жозе Моуриньо бошчилигидаги «Челси» «Энфилд»да мерсисайдликларни мағлуб этиб (2:0), жамоани чемпионлик имкониятидан маҳрум қилганди.
«Челси»нинг «Энфилд»даги ўйинини ҳеч қачон унутмайман. Ўшанда рақибимиз чемпионлик учун кураш олиб бораётган «Ливерпуль»ни мағлуб этганди. Ўшанда биз яхши формада эдик, аммо Моуриньо жамоаси жуда секин ва бехато ҳаракат қилганди. Жозе жуда ақлли юриш қилганди.
Аутдан тўпни ташлаб бериш, дарвоза олдидан эркин зарбалар... Улар вақтни чўзишган ва охир-оқибат ўз мақсадларига эришишган. Бу эса чемпионлик курашига жиддий таъсир кўрсатган. Мен буни ҳеч қачон унутмайман. Моуриньо тактик жиҳатдан бизни мағлуб этган. У ажойиб тактик ва буни ўзининг барча жамоаларида исботлаган», — дейди Хендерсон.
2013/14 йилги мавсумда «Манчестер Сити» Англия чемпионлигини қўлга киритган. «Ливерпуль» эса 2 очко ортда қолган ҳолда иккинчи ўринни эгаллаганди.