Тожикистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Виталий Левченко Австралияга қарши бўлиб ўтган ўйиндан кейин ўз фикрларини билдириб ўтди.
— Аввало футболчиларга жонфидолик билан кўрсатилган ўйин учун миннатдорчилик билдираман. Бугун улар ўз Ватани ва мухлислари учун жанг қилишди. Тожикистон анча вақтдан бери Осиё чемпионатининг гуруҳ босқичидан ўта олмаётган эди. Шу боис, бугунги ўйиннинг қиймати юқори эди.
Бугун йигитларга ғалабага ишонишларини сўрагандим. Агар ишонсангиз, албатта ғалабани қўлга киритасиз, дегандим. Қандайдир шубҳа билан ўйин олиб борилса, бундай ўйинда ҳеч қачон ютиб бўлмайди. Кимнидир ажратиб кўрсатмоқчи эмасман, бутун жамоа яхши ўйнади, жанг қилди.
— Ўзбекистонга қарши бўлиб ўтган биринчи ўйиндаги мағлубиятдан кейин гуруҳда Австралия ва Хитойни ортда қолдирган ҳолда чорак финалга чиқишингизга ишонганмидингиз?
— Хитойга қарши бўлиб ўтган ўйиндан кейинги матбуот анжуманида айтиб ўтгандим. Биз бир жойда тўхтаб турмаймиз. Рақибнинг ўйинини ўрганиб чиқамиз, таҳлил қиламиз. Шунинг эвазига ижобий натижани қўлга киритишимиз мумкин. Австралиянинг Ўзбекистон ва Хитойга қарши ўйинларини диққат билан ўргандик ва уларнинг ожий нуқталарини қидирдик. Австралиянинг кучсиз жиҳатларидан фойдаланишга ҳаракат қилдик. Ҳеч кимга сир эмаски, ОФК терма жамоаларга ўйинларнинг видеоёзувларини тақдим этади. Биз Ўзбекистон – Австралия баҳсини ўрганиб чиқдик. Афсуски, бугун гол ура олмадик, уларнинг ожиз томонларидан фойдалана олмадик. Бугун идеал бўлмаса-да, ишончли ҳимояландик.