Ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон ва КХДР терма жамоалари ўртасидаги ўйинда ғалати ишлар бўлганидан хабарингиз бор.
"D" гуруҳида иштирок этган бу икки жамоа муддатидан аввал чорак финал йўлланмасини ҳал қилган ва плей-офф Ироққа дуч келмаслик учун сўнгги турда бўлиб ўтган ўзаро ўйинда ғалаба қозонишни истамаганди. Гуруҳда 2-ўринни эгаллаб, чорак финалда Қатарга билан ўйнаш учун Ўзбекистонни дуранг натижа қаноатлантирар эди, аммо шимолий кореяликлар ютқазишлари шарт эди.
Биринчи бўлимда ҳисоб очилмаган бўлса, иккинчи бўлим бошида ўзбекистонлик дарвозабон Жасурбек Умрзоқов ўз жарима майдончасидан тепган тўпни кореялик дарвозабон атайлаб ўтказиб юборди. КХДР бу ўйинда ўз мақсадига эришиб, 1:3 ҳисобида ютқазди ҳамда чорак финалда Қатарни мағлуб этиб, жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.
Аммо Ўзбекистонга қарши ўйиндаги уларнинг хатти-ҳаракатлари жазосиз қолмаслигини аниқ эди. Кеча уларга нисбатан чиқарилган жазо чораларининг айримлари билан таништириб ўтгандик. Тартиб-интизом қўмитасининг тўлиқ қарори қуйидагича бўлди:
КХДР футбол ассоциациясига нисбатан чиқарилган жазо чоралари:
1. КХДР футбол ассоциацияси 20.000 АҚШ доллари миқдорида жарима тортилди.
2. КХДР ёшлар (U19) терма жамоаси 2018 йили бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатидан шартли равишда четлатилди. Агар шундай қоидабузарлик 1 йил давомида такрорланса, жазо кучга киради, такрорланмаса, жазо бекор қилинади.
3. Жарима қарор эълон қилинган кундан бошлаб 30 кун давомида тўланиши лозим.
4. КХДР футбол ассоциацияси шундай ҳолат яна такрорланадиган бўлса, янада жиддий жазога тортилиши ҳақида огоҳлантирилди.
КХДР ўсмирлар (U16) терма жамоаси дарвозабони Жанг Пэк Хога нисбатан чиқарилган жазо чоралари:
1. Жанг Пэк Хо 1000 АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилди ва 12 ой муддатга ҳар қандай футбол фаолиятидан дисквалификация қилинди.
2. Белгиланган жарима 30 кун давомида тўланиши лозим.
3. Шундай қоидабузарлик такроран содир этилса, Жанг Пэк Хо янада жиддийроқ жазога тортилиши ҳақида огоҳлантирилди.
КХДР ўсмирлар (U16) терма жамоаси бош мураббийи Юн Жонг Суга нисбатан чиқарилган жазо чоралари:
1. Юн Жонг Су 5000 АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилди ва 12 ой муддатга ҳар қандай футбол фаолиятидан дисквалификация қилинди.
2. Белгиланган жарима 30 кун давомида тўланиши лозим.
3. Шундай қоидабузарлик такроран содир этилса, Юн Жонг Су янада жиддийроқ жазога тортилиши ҳақида огоҳлантирилди.