Хабарингиз бор, кеча Жанубий Корея терма жамоаси Чонан шаҳрида ўтган ўртоқлик учрашувида Канадани 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Ўйиндан кейин Канада бош мураббийи Майкл Финдли корейс ОАВга берган интервюсида Жанубий Корея терма жамоаси шаънига илиқ фикрларни йўллади.
“Аввало, бизни таклиф этганлиги учун Жанубий Корея футбол ассоциациясига миннатдорчилик билдираман. Футбол ўйнашдан мақсад ғалаба қозониш эканлигини яхши биласиз. Шу томондан олиб қаралса натижадан унчалик хурсанд эмасман. Тезкор голлар ўтказиб юборган ҳолда жуда қийин ўйинни ўтказдик”, дея сўз бошлади Майкл Финдли. “Биз иккинчи бўлимда ҳам бир қанча вазиятлар яратдик. Аммо мезбонларнинг мукаммал ўйини бизга тўсқинлик қилди. Бизда вазиятларни охирига етказиб қўядиган футболчи етишмади. Бу Канада футболининг энг оқсоқ томони. Керакли вазиятда керакли голни кирита олиш муҳим. Энг яхши ҳимоя ҳужумдан бошланади. Бугун Жанубий Корея жуда ажойиб ҳимоя чизиғини кўрсата олди. Тўп назоратига ҳам таъриф йўқ. Улар бугун кучли эдилар. Ўйин натижасини унутамиз ва ўйиндан олган хулосаларимиз билан ишлашда давом этамиз”.
Шунингдек, корейс журналистлари июнь ойида Ўзбекистон терма жамоасини 2:1 ҳисобида енгган жамоа мураббийи сифатида Майкл Финдлидан Ўзбекистон ва Жанубий Кореяни солиштириб кўришни сўрашди. “У ўйин ва бугунгиси фарқли, албатта. У вақтда сафимизда яхши футболчиларимиз кўп эди. Ҳозир АҚШ футбол лигаси ҳисобланган МЛСда плей-офф ўйинлари ўтказилмоқда. Футболчиларимизнинг кўпчилиги Америка чемпионатида иштирок этади. Бу ерга асосан ёш футболчилар билан келдик. Уларга халқаро тажриба керак. Албатта, Ўзбекистон билан ўйинда умуман бошқача таркиб эди. Жанубий Корея Ўзбекистонни қийин аҳволга солади деб ўйлайман. Бугун мафтункор ўйин кўрсатганлигига қараб айта оламанки, Ўзбекистонга жуда қийин бўлади. Маҳорат борасида Жанубий Корея Ўзбекистондан анча устун”, — деди Канада терма жамоаси бош мураббийи Майкл Финдли.
Корейс ОАВ маълумотлари асосида Отабек Йўлдошев тайёрлади.