Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Бобур Акмалов мақоласи: Ҳаммамиз мағлуб бўлдик

Баҳо:
+ | -1

Яна мағлуб бўлдик. Жанубий Кореяга эмас, ўзимизга мағлуб бўлдик. Ишонинг, шундай. Нега бундай деётган экан, деб ҳайрон бўлманг. Мен сизга ҳақиқатни айтяпман. Биз бир неча йиллардан бери ўз орзуларимиз, ишончларимиз, умидларимиз туфайли шу орзу, умид, ишончимизни бир тийинга олмайдиган кишиларга мағлуб бўлдик. Бундан кейин ҳам мағлуб бўлаверамиз. Чунки биз сабрли, орзу қилишдан чарчамайдиган, доим ишонч билдирадиган, ноумид шайтон, нақлига амал қиладиган халқмиз. Бизнинг содда, ишонувчан кўнглимизни эса алдаш учун доим тайёр турадиган, имкон бўлиши билан устимиздан куладиган, бизнинг яхши ниятларимиз орқасидан чўнтагини қаппайтирадиган кимсаларга мағлуб бўлдик. Миллий терма жамоамиз эмас, футболимиз, футболимизга ишонган биз мағлуб бўлдик. 

Солиқни ўз вақтида тўлаётган, пластикка савдо қилиб, ҳисобидаги пулини нақдлаштира олмаётганидан хуноб бўлаётган магазинчи Ғайбулла, Чироқчими, Риштонми, ишқилиб қайдандир келиб стадионга кириш учун чипта олай деса, касса ёпиғ-у, кўчадаги чайқовчи 100 минг сўмдан ўша зормандани пуллаётганини кўриб, “футболинггаям!”, деб қишлоғига қайтган амаки, фалонча клубларни молиялаштираётган нефть ва газ компаниялари бензинни нархини оширганидан фиғони фалакка чиқаётган киракаш, пенсиясини мажбуран пластик картага ўтказиб юборишгани учун бозордан бир кило гўшт ололмай, терминали бор дўкон қидириб юрган ўқитувчи, борингки, сиз, мен, у, улар, анави, манави – ҳаммамиз мағлуб бўлдик. 

Биз хўжакўрсинга ички чемпионат ўтказаётган, номигагина қуръа ташлаш маросимини ўтказаётган, пештоқидаги номига Профессионал деган жарангдор сўзни осволган ташкилот, терма жамоалар учун нима қилаётгани номаълум бўлган, аммо Марказ, деган мавҳум номи бўлган ташкилот, футболни кўрмоқчи бўлсанг токни узиб қўядиган ташкилот, оёғингни иситаман десанг трубангдан газ юбормайдиган ташкилот, борингки, шунга ўхшаш ишлар билан шуғулланадиган ташкилотлар ва уларнинг раҳбарларига мағлуб бўлдик. 

Ия, нега майдонда ўйнаган 11 футболчи ва уларни бошқарган битта мураббийни айблаш ўрнига шу-у-унча одамни айблаяпсан, деманг. Чунки барчаси бир-бирига боғлиқ. Сиз, мен, у, улар, анави, манави – ҳаммамиз солиқ тўлаймиз, ҳаммамиз топган даромадимизнинг маълум қисмини бюджетга тўлаймиз ва ҳаммамизнинг пулларимиздан мана шу футболчилар-у мураббийлар маош оладилар. Футбол – ишлаб чиқариш корхонаси эмас. У давлат дотациясида ва сиз-у менинг пулларимга муҳтож. Биз эса футболни сўкиш баробарида уни индамайгина таъминлаймиз. Бевосита эмас, билвосита. Халқнинг мулкини футболга сочаётганлар, бунинг оқибатида эса қанчадан қанча пулларни совураётганларга мағлуб бўляпмиз. Сиз твиттер ёки фейсбукда ўтирволиб Бабаянни сўкасизми, Қосимовними, Абрамовними, фарқи йўқ – калтабинсиз. Футболни чиритганлар, ўлдирганлар, футбол орқали пулларни совураётганлар учун ана шу абрамову бабаянлар бир иҳота, буфер. Илк зарбани ўша буферлар ейди ва орқадагиларни сақлайди. Ана шу буферларга бориб урилиб ётибмиз, буфер орқасидагилар эса қаҳ-қаҳ уриб устимиздан кулиб ётишибди қорнини қаппайтириб. 

Яна айтаман – биз айсбергнинг учинигина кўрамиз ва ўшани сўкамиз – айсбергнинг учи футболчилар ва мураббийлар. Уларни тайинлаётган, ўйнатаётган, қўғирчоқ қилиб ҳар мақомга солаётганлар, лойиқни нолойиқ, нолойиқни лойиқ дея фақат ўз манфаати ёки ноқис ақли туфайли жой-жойига қўя олмаётганларга мағлуб бўлдик. Бу мағлубият йиллар давомида содир бўляпти ва бундан кейин ҳам бўлади. Бу мағлубият отамерос ва биздан кейингиларга ҳам биздан мерос бўлиб қолади.

Куйинманг, ўйламанг, умид қилманг – бу футболдан умид қилманг. Биз ЖЧ учун пишиб етилмадик. Токи Осиёнинг кучли 4 жамоасидан бири бўла олмас эканмиз, ҳеч қачон мундиални орзу қилманг. Ҳозирча эса биз қитъанинг 5,6-жамоасимиз. Ривожланишимиз, кучайишимиз учун эса, юқоридагида айтганларимиз кимсаларга мағлуб бўлмаслигимиз керак. Аввал ичкарида ғалаба қилайлик, кейин Сеулда, Теҳронда, Мельбурнда ғалаба қиламиз. Унгача эса сабр қиламиз. Ия, яна сабрми? Марҳамат, сабримиз устидан яна кулишсин нокас кимсалар!

Бобур АКМАЛОВ.

Манба: stadion.uz
Киритилди: 00:04, 16.11.2016.
Ўқилди: 29687 марта.
Фикрлар: 51 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.