Ўйиннинг бошидаёқ ҳакам меҳмонлар дарвозаси томон пенальти белгилади ва Роналду 11 метрли жарима зарбасини голга айлантирди. Баҳснинг 18-дақиқасида Криштианунинг ўзи ҳисобдаги фарқни иккитага оширди. Начо томонидан етказилган узатмани португалиялик футболчи бош билан дарвозага жойлади.
"Спортинг" биринчи бўлимнинг ўзидаёқ битта жавоб тўпини киритишга муваффақ бўлди. Исмаэль Лопес жарима майдончасига берган узатмани Карлос Кармона қабул қилди ва дарвозани ишғол қилди. Натижада ўйинга интрига қайтди.
Зидан шогирдлари ўйин тақдирини ҳал қилиб қўйишлари мумкин эди. Аммо дарвоза томон берилган бир нечта хавфли зарбаларни хихонликлар посбони Мариньо қайтаришга муваффақ бўлди.
Ўйин тугашига 13 дақиқа қолганида Начо ўз жарима майдончаси ичида тўпни йўқотиб қўйди ва ўзи рақиб ҳужумчисини тортиб йиқитди. Натижада "Реал" дарвозаси томон пенальти белгиланди. Дуйе Чоп томонидан йўлланган 11 метрли жарима зарбасидан сўнг тўп тўсин устидан ўтиб кетди!
Орадан кўп ўтмасдан Кейлор Навас ўша Дуйе Чопнинг ажойиб зарбасини қайтаришга муваффақ бўлди ва дарвозасини голдан қутқариб қолди.
Шу тариқа, "Реал" Ла лиганинг навбатдаги турида осон бўлмаган ғалабани қўлга киритди.
Испания Ла лигаси, 13-тур
РЕАЛ МАДРИД - СПОРТИНГ ХИХОН - 2:1 (2:1)
Голлар: 1:0 – 5, пенальти Роналду, 2:0 – 18 Роналду, 2:1 – 35 Кармона.
Реал Мадрид – Навас, Пепе, Начо, Данило, Рамос (Марсело, 72), Модрич, Ковачич (Иско, 81), Хамес (Асенсио, 72), Васкес, Роналду, Бензема.
Спортинг Хихон – Мариньо, Кастельяно, Хорхе Мере, Аморебьета, Лопес, Гомес (Родригес, 76), Альварес, Кармона (Вигера, 76), Аит-Атман (Касес, 81), Дуглас Перейра, Чоп.
Огоҳлантиришлар: Аморебьета (40), Аит-Атман (61), Кармона (66), Начо (77).