Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Қаҳрамон Асланов мақоласи: «Истеъфо»

Баҳо:
+ | -1

Терма жамоамизнинг Кореядаги мағлубиятидан сўнг, бош мураббий Самвел Бабаяннинг истеъфосини талаб қилиш урфга кирди. Айниқса, ижтимоий тармоқларда мухлислар ва журналистлар бу масалани кўтарганликларига гувоҳ бўлдим.

Мағлубиятга, умуман терма жамоамизнинг ўйинларда кўрсатаётган нурсиз ўйинларининг асосий айбдорларидан бири сифатида албатта Бабаянни кўраман. Аммо айни шу дамда истеъфо ҳақида гапириш, бу масалага ечим сифатида айнан истеъфони кўриш бироз нотўғри деб ўйлайман. Уч сабаб туфайли.

Биринчидан. Бирор турнирнинг қоқ ўртасида мураббий алмаштирилишини ёқламайман ҳеч қачон. Истисно ҳолатлар бўлиши мумкин – масалан жамоада ҳақиқий инқироз кузатилганда. Яъни мураббий жамоага ҳеч нарса бера олмай қолиши мумкин. Ёки мураббий ва футболчилар ўртасида тузатиб бўлмас муаммо пайдо бўлиши мумкин. Бу ҳолатларда вазиятни ўнглаш учун, албатта, мураббийнинг истеъфоси амалга оширилади.

Терма жамоамизнинг бугунги ҳолатига назар ташласак, бир қараганда – бу вазиятни фақат истеъфо ўнглаши мумкин дея олмаймиз. Терма жамоамиз очко олиши шарт бўлган ўйинларда очколарни қўлга киритмоқда. Айрим вазиятларда мураббийнинг яққол хатолари кўзга ташланаётган бўлса-да, футболчи ва мураббий уйғунлигига ҳали путур етмаган. Футболчилар ҳали ҳам Бабаянни мураббий сифатида қабул қилмоқдалар ва унинг режалари бўйича ўйнамоқдалар.

Иккинчидан. Турнир ўртасида мураббийнинг алмаштирилиши нафақат Бабаяндан, умуман ҳаммадан жавобгарлик ҳиссини йўқотади. Агар Россияда ўтадиган Жаҳон Чемпионатига чиқиш мақсадимиздан воз кечмаган бўлсак, айнан ҳозир мураббийни алмаштириш ҳақида ўйламай туришимиз лозим.

Тасаввур қилинг, янги мураббий билан бу босқични давом эттирдик ва муваффақият қозона олмадик. Ким нима дейди?

Бабаян: Агар охиригача менга имконият беришганда, мен Жаҳон Чемпионатига олиб чиққан бўлардим. Атиги икки очко орқада кетаётгандим, бу фарқни йўққа чиқариш режам бор эди, жамоам энди менинг услубимни ўзлаштириб кучайиб келаётганди, дейди.

Янги мураббий: Мен келганимда, терма жамоа икки асосий рақибига имкониятни бой бериб, учинчи ўринда бораётганди. Вазиятни ўрганиш ва бирданига натижага эришиш учун менда етарли вақт йўқ эди. Агар турнир бошидан мен мураббий бўлганимда, жамоани бошқача тайёрлаган ва керакли натижани қўлга киритган бўлар эдим, дейди.

Федерация: Биз Корея билан ўйиндан кейин мухлисларнинг талаблариниям ўргандик, ўзимиз ҳам вазиятни таҳлил қилиб, мураббийни алмаштиришга қарор қилдик. Янги мураббийда натижани ўнглаш учун етарли вақт йўқ эди, аммо у ишончларимизни оқлади. Терма жамоамизнинг ўйини кучайди. Янги мураббийга Жаҳон Чемпионатига чиқиш вазифасини қўймаган эдик, унинг вазифаси терма жамоага янги номзодларни тайёрлаш, ёшларга эътибор қаратиш ва кейинги мусобақалар учун жамоа пойдеворини яратиш вазифаси қўйилганди. У бу вазифани бажарди, дейди.

Гўёки, ҳамма хурсанд, ҳамма тўғри гапиряпти. Муаммо ҳал.

Менимча, Самвел Бабаян ўзи бошлаган ишни ўзи ниҳоясига етказиши, чала эмас, тўлиқ натижа кўрсатиши ва ўша натижага жавоб бериши керак.

Натижага Бабаян жавоб бериши деганда, фақат Бабаян жавоб берсин деган фикрни илгари сурганим йўқ. Мураббий ўз хатолари учун, унга етарли шароит яратиб берган ёки бермаганлигига қараб терма жамоалар илмий маркази, айнан Бабаян номзодини терма жамоага олиб келгани учун федерация, хуллас, терма жамоамизни бир «комплект» ташкилот деб тушунсак, ҳар бир бўғин ўз хатоси учун жавоб бериши керак.

Учинчидан. Охирги абзацни кенгроқ очишга ҳаракат қиламан. Бизда, футбол жамоатчилигида, ҳар қандай муваффақиятсизликнинг сабабини мураббийнинг ўзига боғлаб, фақат шу йўналишда ўзгариш талаб қилишга мойиллик бор. Бу эса, аслида терма жамоамизнинг муваффақиятсизлигида асосий жавобгарлардан бири бўлган федерацияга жуда қўл келади.

Яъни, мухлис ёки журналист, одатда, натижанинг яхшиланишини ёки терма жамоанинг кучайишини эмас, мураббийнинг алмаштирилишини талаб қилади. Бу билан ўша мухлис ёки журналист, муаммонинг ечимини ўзи билишини иддао қилади ва агар мураббий алмаштирилса, барча муаммо ҳал бўлишига ишонади.

Ўз навбатида, федерация мураббийни алмаштириш орқали, гўёки мухлислар ва журналистлар талабини амалга оширган бўлиб олади. Ҳамма хурсанд. Кейинги тўрт йилликнинг охирги йили бошлангунча, яъни терма жамоамиз ҳақиқий кучли рақибларга дуч келиб, мағлубиятга учрашни бошламагунча, умид қилиб юрилаверади.

Аммо аслида, муаммонинг туби нимада эди, биз бу босқичда қаерда хато қилдик, бу саволларга жавоб изланмайди, таҳлил қилинмайди. Масаланинг туби деганда мен миллий чемпионатимиз савиясининг пастлиги, болалар футболидаги муаммолар ёки етарлича савияли легионерларимизнинг камлиги, келишилган ўйинлар ва ҳоказоларни айтмаяпман. Масаланинг туби деганда, айнан терма жамоа ва терма жамоалар марказининг айни босқичда йўл қўйган аниқ хатоларини назарда тутяпман. Мисол учун, бош мураббийга етарлича шароит яратиб берилдими? Биз ўртоқлик ўйиниларида майдонга тушаётган рақибларимиз айнан биз ўйнашимиз керак бўлган рақибларми? Нега Жанубий Корея каби жамоага сафар қилиш олдидан Тошкентда Иордания билан ўйнаяпмиз? Терма жамоа учун тўғри мураббий танланганми? Аввалги саралашларда йўл қўйилган хатолар таҳлил қилиниб, бу сафаргисида такрорланмаяптими? Ва ҳоказо.

Бундан ташқари, истеъфо деган тушунчани бироз бошқача қабул қиламиз. Жамоада бош мураббийнинг истеъфоси рўй беради. Бундан ташқари янги мураббийнинг тайинланиши рўй беради. Бу икки воқеа алоҳида таҳлил қилиниши керак бўлган ва алоҳида ёндошилиши шарт бўлган икки алоҳида жараён бўлиши керак.

Айтайлик, бош мураббийнинг терма жамоадан бўшатилишининг ўз омиллари бор – юқорида санаб ўтганимдек, жамоага янги нарса бера олмай қолиши, жамоанинг инқирозга тушиб қолиши, футбочлилар билан ўзаро муносабатнинг йўқотилиши, мураббий услубининг жамоага мос келмаслиги оқибатида натижаларга путур етиши ва бошқалар. Мана шундай ҳолатларда мураббий истеъфога чиқарилади.

Янги мураббий тайинланишининг ҳам ўз омиллари бор. Мураббийнинг тайинланишининг ягона омили олдинги мураббийнинг бўшатилгани ва ўша жойнинг бўш қолгани эмас. Бу ерда федерация ва мураббий ўртасида икки ёқлама музокаралар амалга оширилиши керак. Федерация, бу ерда терма жамоалар илмий маркази жамоанинг айнан бугунги авлодига қандай мураббий керак экани ҳақида аниқ фикрга эга бўлиши керак. Бугунги таркиб қанақа, умуман ўзбек футболига кўпроқ қайси услуб мос келади, ёш ва ўсмирлар терма жамоаларимизда айнан қайси йўналишда иш олиб борилмоқда, мана шулардан келиб чиқиб, бўлажак мураббий прототипи чизилиши керак. Янги мураббий тактик бўлсинми, стратег бўлсинми? Футболчиларнинг тажрибали эканидан келиб чиқиб, кўпроқ ёш, амбицияли номзод керакми? Ёки терма жамоага пойдевор яратиш ва янги номзодларни жалб этиш учун тажрибага муҳтожмизми? Хўш, бўлажак мураббий олдинги жамоаларда қандай услубда иш олиб борган? Унинг ишлаш принциплари, ўйин услуби ҳозирги терма жамоамизга, терма жамоамиз тушиб қолган бугунги ҳолатга мос келадими?

Нима деб ўйлайсиз, янги мураббий тайинланаётганда, мана шу саволлар қўйиляптими бизда?

Англия терма жамоаси мураббийининг истеъфоси кутилмаганда рўй берди. Сэм Эллардайс қандайдир ишларга аралашиб қолгани туфайли зудлик билан истеъфога чиқарилди ва унинг ўрнини ёрдамчиси Гарет Саутгэйт вақтинча эгаллади. Терма жамоа Саутгэйт қўл остида ҳатто бир нечта ўйинларда майдонга тушиб улгурди ҳамки, ҳалигача Саутгэйт бош мураббий лавозимига тасдиқлангани йўқ.

Сабаби, Англия терма жамоасига янги бош мураббийни тайинлаш Эллардайснинг истеъфоси билан бутунлай бошқа ва фарқли жараёнлар. Ўтган вақт мобайнида Англия федерацияси бир қатор номзодларни ўрганиб чиқди, баъзилари билан ҳатто музокаралар ўтказган, мураббийнинг ва федерациянинг режалари қай даражада уйғун экани баҳоланганига ишонаман. Ўз навбатида Саутгэйт номзоди ҳам ўрганилган. Футболчилар билан ҳам гаплашилган. Саутгэйтнинг мустақил мураббий сифатида режалари ўрганиб чиқилган, унинг қай даражада мос ёки мос эмаслиги таҳлил қилинган. Ана ундан кейингина, Саутгэйт номзоди тасдиқланган ва шу ой охирида мураббий расман Англия терма жамоасининг бош мураббийи деб эълон қилинади. Шу билан бирга айнан қайси давргача, қайси мусобақача ишлаши кўрсатиб ўтилади. Агар ўша пайтга келиб ҳам томонлар бир биридан қониқса, яна шартнома муддати узайтирилиши мумкин. Шунақа ишланади одатда.

Хўш, Абрамовнинг Қосимов ўрнига, Қосимовнинг Абрамов ўрнига, Бабаяннинг Қосимов ўрнига келиши қанақа бўлганди, эсингиздами?

2010 йилда Тошкентда БАА дан мағлубиятга учрадик ва ўша кечадаёқ Қосимов истеъфога чиқарилди. Кейинги расмий ўйинга салкам бир йил вақт бўлса-да, эртасигаёқ, бирданига, ўша пайтида “Локомотив”ни бошқариб турган Абрамов терма жамоа мураббийига айланди. Қизиғи, ҳатто ўша куни Абрамов журналистларга интервью бериб, бу тайинлов ўзи учун кутилмаган бўлгани, ўз номини эшитиб ҳайрон қолганини айтганди. Аслида бошқа бўлгандир, аммо картина шунақа.

Тарихда пошшоларнинг ўлимидан кейин қизиқ ҳолатлар бўлишини киноларда кўрганмиз. Бу ҳолат туфайли халқ қўзғалиб кетмасин деб, 5-6 ёшли бўлса ҳам, дарров шаҳзодани тахтга ўтказиб қўйишарди. Ахир етарли вақт бор, мураббийлар номзодларини ўрганиб чиқиб, энг мосини танлаш, музокаралар ўтказиш, икки томонлама таклиф ва талабларни кўриб чиқиш муддао эмасми? Терма жамоалар маркази фақат ўртоқлик ўйинлар ташкил қилиш ва қилолмаслик учун тузилмаган, шундай эмасми? Ўртоқлик ўйинларни ташкил қилиш бу марказ тузилмасдан олдин ҳам бор эди, бу марказ тузилгандан кейин ҳам давом этмоқда. Асосий ўзгаришлар, асосий таъсирлар эса, кузатилмаяпти. Бу худди Афандининг латифасидаги гапга ўхшайди – агар мушук шу бўлса, гўшт қани, гўшт шу бўлса, мушук қани?

Бу фақат биргина ҳолат бўлганда, бунақа умумий хулосалар бермасдим. Кейинги жараён ҳам фарқ қилмайди. Терма жамоамизнинг Тошкентдаги кейинги мағлубияти Эрон билан ўйинга тўғри келди ва ўша куниёқ, Абрамов ишдан бўшатилди. Атиги уч кундан кейин Ливанга сафар қилишимиз керак эди. Ҳеч бўлмаса ўша ўйин натижасини кутиш жамоа ўйинига салбий таъсир қилмаслигини аниқ билиб турган бўлсак-да, ўша пайтда терма жамоага умуман алоқаси бўлмаган Қосимовни “қозонга ташлаб юборилди”. Агар ҳолатни ўша Эллардайснинг истеъфосига қиёсласак ҳам, ҳеч бўлмаса Ливан сафарига Абрамовнинг ёрдамчиси Мақсудов билан бориш мумкин эди-ку.

Бабаяннинг Қосимовнинг ўрнига тайинланиши ҳам шунақа тарзда амалга ошди. Айтмоқчиманки, бизда ИСТЕЪФО ва МУРАББИЙ ТАЙИНЛАШ деган алоҳида тушунчаларнинг ўзи мавжуд эмас. Бизда фақат МУРАББИЙ АЛМАШТИРИШ деган алоҳида бир жараён бор. Мураббий алмаштириш орқали, биз бошқа хатоларимизни беркитамиз, айбларимизни хаспўшлаймиз, журналистларнинг овозларини ўчирамиз, мухлисларни овутамиз. Мураббий алмаштириш орқали биз ўзимизни ишлаётгандек кўрсатамиз, салбий натижаларга, муаммоларга реакция бераётганимизни намоён қиламиз.

Шунинг учун мухлислардан ва ҳамкасбларимдан сўрардимки, ҳеч кимга бундай баҳонани ўз қўлингиз билан бериб қўйманг. Ўйинларнинг яхшиланишини, футболимизнинг ўсиши кераклигини, биз яхшироқ футболга лойиқ эканимизни айтиб, шуларни талаб қилинг. Ечимни ўзингиз берманг. Акс ҳолда, ўша талаб қилинаётган ривожланишга эмас, ўзингиз талаб қилган ечимга эга бўласиз, холос. Кейинги тўрт йилгача…

Қаҳрамон АСЛАНОВ

«Эрудит Спорт» газетасидан.

Манба: www.erudit-sport.uz
Киритилди: 19:49, 29.11.2016.
Ўқилди: 21906 марта.
Фикрлар: 79 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.