Ўзбекистон Кибер Футбол Ўйинлари Ассоциацияси сифатида Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтган ташкилот биринчи бор мамлакат Олий ва Биринчи Лигаси ўйинларини ташкил қилади.
Бу ҳақда ташкилот президенти Азизбек Паттоҳов «Дарё»га маълум қилди.
Бунга қадар ташкилот асосан саралаш турнирлари ташкил қилиб келган бўлиб, ҳозирга қадар энг кучли 40 нафар кибер футболчини саралаб олган. Уларнинг дастлабки 20 нафари Ўзбекистон Олий Лигасида иштирок этса, қолган 20 нафари Биринчи Лига турнирида қатнашади. Кейинчалик ҳаваскор ўйинчилар ўз омадини синаб кўриши учун саралаш ўйинлари ташкил этиш режалаштирилган.
Чемпионатнинг очилиш маросимига бағишланган матбуот анжумани «Бунёдкор» стадиони анжуманлар залида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Футбол Федерацияси кибер футбол соҳасидаги мамлакатда бўлиб ўтадиган барча турнирлар бошчилигини расман UCFGA (Uzbekistan Cyber Football Games Association) га тақдим этгани айтиб ўтилди. UCFGA’нинг ўзи расман ЎФФ аъзосига айланди.
Ташкилот президенти Азизбек Паттоҳовнинг сўзларига кўра, 2017 йил МДҲ ҳамда Осиё мамлакатлари ўртасида алоҳида-алоҳида турнирларни Тошкентда ташкил қилиш режаси кўзда тутилган. Бу эса Ўзбекистон кибер футболини дунёга танитиш учун хизмат қилади.
Ташкилот сифатида рўйхатдан ўтган UCFGA Ўзбекистон миллий терма жамоасига ҳам асос солди. Унга «Қўқон—1912» аъзоси Дилшод Матёқубов бош мураббий этиб тайинланди. «Насаф» вакили Хислат Умаров эса терма жамоа сардори бўлди. Миллий терма жамоанинг қолган аъзолари Олий Лигада ўзини кўрсатган ўйинчилар орасидан саралаб олинади.