Германиянинг Аугсбург шаҳридан II жаҳон уруши вақтидан қолиб кетган бомба топилди. Натижада, бомбага яқин ҳудудда жойлашган 54 минг аҳоли эвакуация қилинди.
Бомбани зарарсизлантириш керак эди. Унинг устида мингга яқин кўнгиллилар меҳнат қилди, бир қатор ташкилотлар шу бошоғриқ билан банд бўлди.
Якунда 70 йилдан зиёдроқ вақт давомида хавфли қурилма бўлиб турган бомба зарарсизлантирилди. Шаҳар аҳолиси қаторида маҳаллий «Аугсбург» клуби ҳам буни қувонч билан қарши олди.
«Турли орган вакиллари бомбани зарарсизлантириш устида бирдамлик билан иш олиб боргани таҳсинга лойиқ. Улардаги аҳиллик қойил қолдирди. Биз уларга миннатдорчилик сифатида барча кўнгиллиларни жамоамиз иштирокидаги футбол учрашувига таклиф қиламиз ва 4 мингта чиптани тортиқ этамиз», — деб ёзилди «Аугсбург» клубининг расмий саҳифасида.
Маълумот учун, Мюнхеннинг ёнгинасида жойлашган Аугсбург шаҳри жамоаси Бундеслига турнир жадвалида ўша Мюнхен клуби каби етакчилик қилмайди. 16-турдан кейин «Аугсбург» 12-ўринни эгаллаб турибди.
Жамоа 21 январь куни ўз майдонида «Хоффенхайм»ни қабул қилади. Рақиб ортда қолган турлар давомида бирорта ҳам ўйинда мағлуб бўлмаган кучли бешликнинг «Реал»дан кейинги иккинчи вакили ҳисобланади.
Германия Бундеслиганинг деярли барча ўйинида стадион мухлислар билан тўлади. Йиллик абономентларга талаб катта экани ҳисобга олинса, 4 мингта чиптани текинга тарқатиш немис футболида эътиборга арзигулик воқеа сифатида қаралади.