Англия Премьер Лигасида сўнгги бор 2004 йилда чемпион бўлган “Арсенал” кейинги мавсумларда ҳеч омади юришмади. Бу мавсумда “Арсенал” ҳар қачонгидан ҳам кучли кўринмоқда. Алексис Санчес ва Оливье Жиру бошчилигидаги жамоага омад кулиб боқадими?
France Football нашри “Арсенал”нинг имкониятларини сарҳисоб қилди.
Шаклланган жамоа
Ушбу ёзги мавсумда “Арсенал”да муҳим воқеа рўй берди. Жамоани мустаҳкамлаш учун 2015-йилда жамоага Петр Чех олиб келинган бўлса, бу йил “Валенсия”дан Шкодран Мустафи олиб келинди. Германия таркибида Жаҳон чемпиони бўлган Мустафи жамоа ўйинига тезда мослашиб кетди ва ҳозирги кунда Лоран Косельни билан ҳимояда ажойиб тандем ҳосил қилишди. Шунингдек, Месут Ўзил (5 та гол, 3та голли узатма) – Алексис Санчес (12 та гол, 6 голли узатма) жуфтлиги “тўпчилар”нинг энг самарали ўйинчилари бўлиб туришибди. Оливье Жирунинг ҳам ўтган мавсумларга нисбатан ўйинини анча кучайтирганини ҳисобга оладиган бўлсак, “тўпчилар”ни тўхтатиб қолиш қийиндек гўё.
Умуман олганда, сўнгги йилларда Арсен Венгернинг чемпионлик орзулари баҳор келмасидан сўниб қоларди. Мавсумнинг 1-ярмидаги паст кўрсаткич охир-оқибат чемпионлик пойгасидан эрта чиқиб кетишига сабаб бўларди. Ҳозирда эса вазият бошқача. Етакчи “Челси”дан 6 очкога ортда бормоқда. Чемпионатда сўнгги 10 турдан буён мағлубият нималигини билмай келаётган Антонио Конте шогирдлари албатта, қоқилишлари мумкин. Бундай пайтда «тўпчилар» фурсатни бой бермасликлари керак бўлади.
Венгер, идеал якун
Бугун кимдир “Арсенал”нинг келгуси мавсумдаги мураббийи ким бўлишини биладими? Ҳатто Арсен Венгернинг ўзи ҳам буни инкор қилиши мумкин. Шартномаси якунига етиб бормоқда. Фаолиятини чемпионлик мақомида тугатиш Венгернинг ҳам орзуси бўлса керак. Футбол тарихида бундай сценарийлар бўлган. 2013-йилги мавсумни «Манчестер Юнайтед» билан юқори поғонада тугатган Сэр Алекс Фергюссон бунга яққол мисол бўла олади. Бугунги кундаги энг кучли мураббийлар жамланган чемпионатда ғолиб чиқиш эса Арсен Венгернинг афсонавийлигини янада ошириб юборган бўларди.
Бой берилган очколар
Мавсум бошидаги “Лестер” ва “Мидлсбро” жамоаларига қарши баҳслардаги нурсиз дуранг ва яқинда “Эвертон”дан қабул қилиб олинган мағлубиятни бой берилган қимматли очколар дейишимиз мумкин. Ушбу баҳсларда лондонликлар барча имкониятларини ишга солишлари керак эди. Албатта, 16-турда 10 та ғалабага эришиш таҳцинга сазовордир. Бу мавсумда жуда кучли рақобат кетаётган пайтда қимматли очколарни улашиш ярамайди. Тан олишимиз керак, “Арсенал” ҳам мавсум давомида тўлиқ барқарор ўйин кўрсата олмайди. Феврал-март ойларида “Арсенал” ўйинидаги пасайиш синдромини ҳам эсдан чиқармаслик лозим. Чемпион бўлиш учун лондонликларда ҳар доимгидай имконият бор.
«Челси» илдам қадам ташламоқда
Ҳозирда Венгернинг асосий рақобатчиси – «Челси»! Мавсум бошида «Ливерпул» ва «Арсенал»дан қабул қилиб олинган мағлубиятлардан сўнг, Антонио Конте шогирдлари 10 та ғалабали ўйинлардан кейин чемпионатда етакчи бўлиб олдилар. Декабр охирида эса «Челси» «Кристал Пэлас», «Борнмут» ва «Сток Сити»ни ўз назоратидан ўтказади. «Арсенал»ни эса «Манчестер Сити» билан, ўз навбатида «шаҳарликлар»ни «Ливерпул»га қарши кечадиган қийин учрашувлар кутиб турибди. Энг яқин таъқибчилари «Ливерпул» ва «Арсенал»дан 6 очко олдинда бораётган «Челси» орадаги фарқни янада орттириши мумкин.
Чемпионлик учун қийин вазиятларда жамоани етаклай оладиган юқори савияли футболчилар лозим. Бу ҳолатда, Алексис Санчес ёлғиз эмасми ? 16-турдан кейин 12та голга муаллифлик қилган чилилик футболчи ҳозирча жамоани етаклай оляпти. Аммо кейинчи? Қийин баҳсларда Месут Ўзил, Тео Уолкот ва Оливье Жиру ҳам ўзларининг катта ҳиссаларини қўша оладими? Буни албатта, вақт кўрсатади.