У кетма-кет рекордларни ўрнатишда ва тузилиши мумкин бўлган барча рейтингларда юқорилашда давом этмоқда ҳамда бу унга ярашяпти. Франческо Тотти ўзининг «Рома» либосида Италия А cериясидаги фаолиятининг 25-йилига 15 январ куни ажойиб қадам билан кирди.
Бу Тотти фаолияти давомида либосини кийган ягона клуб эканлигини бутун футбол олами яхши билади. Бу садоқатнинг энг юксак кўриниши бўлса ажаб эмас!
15 январ куни Италия А серияси 2016/17 мавсумининг 20-туридан ўрин олган «Удинезе»га қарши меҳмондаги ўйиннинг 62-дақиқасида майдонга тушган Тоттига ўта хавфли вазиятни юзага келтирган кесувчи узатма бериш учун 20 сония кифоя қилди.
Ўйин бошида ҳисобни очган белгиялик футболчи Ража Наингголан ушбу узатмани атиги бир неча сантиметрдан дарвозага йўллаб, дубл қайд этиши мумкин эди, бироқ унинг зарбаси аниқ чиқмади. Ўйин 0-1 ҳисобида римликлар фойдасига якунланди.
Ушбу мавсумда мушакларида бир қатор муаммолар юзага келган 40 ёшли жамоа сардори эса камроқ ўйнамоқда, бироқ бу унинг самарадорлигига халал бермаяпти. Тотти мавсум давомида А серияда 8 та ўйинда майдонга тушиб 252 дақиқа давомида ўйнаган ҳамда 2 та гол уришга 2 голли узатма беришга улгурган. Бундан ташқари у Европа Лигасида жамоадошларга бешта голли узатма берган.
«Рома» билан шартномаси июн ойида тугайдиган жамоа афсонаси яна бир мавсумга қолиши ёки қолмаслигини ушбу мавсум охирида эълон қилади. Тотти ҳозирда А сериянинг барча даврлардаги тўпурарлари рейтингида 250 гол билан иккинчи ўринда бормоқда – биринчи ўриндаги Силвио Пиола ҳисобида 274 гол бор.
А серияда энг кўп ўйин ўтказиш бўйича эса 609 ўйин билан учинчи ўринда бораётган Тотти 647 ўйин ўтказган «Милан» афсонаси Паоло Малдини ва 615 ўйин ўтказган «Интер» афсонаси Хавер Занеттидан ортда қолмоқда ва уни 606 ўйин ўтказган «Ювентус» афсонаси Жанлуижи Буффон таъқиб қилиб келмоқда.
Тотти энди бу рекордларни янгилаши қийин бўлса-да, у Италия ва жаҳон футболи тарихидан муносиб ўрин эгаллашга улгурди ва «Рома» мухлислари учун жамоа тимсолларидан бири бўлиб қолади.