Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси, бир неча кун аввал Эроннинг "Истиқлол" клуби аъзосига айланган Сервер Жепаров янги жамоага ўтиши, клуб истиқболи ва бўлажак рақиблари ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
Ўзбекистонлик футболчи “Истиқлол” билан шартнома имзолаганидан мамнун эканини айтиб ўтди.
– “Истиқлол” клуби билан шартнома имзолаганимдан хурсандман. Клуб катта тарихга эга экани ҳамда кўплаб мухлислари борлигини биламан. “Истиқлол” ғалабаларига ҳисса қўшиб, мухлисларни хурсанд қилишга умид қиламан, – деди 35 ёшли ярим ҳимоячи.
Сервер Жепаров “Истиқлол”га тегишли бўлган ҳамда 95 225 мухлисга мўлжалланган “Озоди” стадиони ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтди.
– “Озоди”стадиони жуда катта ва гўзал. Ўзбекистон термасининг Эронга қарши учрашувларида бу ерга келганман. Стадиондаги муҳит ўзгача, – дейди Жепаров.
Шунингдек, тажрибали ярим ҳимоячи “Истиқлол”нинг Осиё Чемпионлар Лигаси–2017 турниридаги имкониятлари ҳақида сўзлаб берди. Теҳрон клуби гуруҳ босқичига чиқиш учун плей-офф босқичида Қатарнинг “Ал-Садд” клубига қарши баҳс олиб боради.
– “Ал-Садд”га қарши ўйин осон бўлмайди. Аммо Осиё Чемпионлар Лигасининг камида чорак финалига чиқишга умид қиламиз. “Истиқлол” бош мураббийи Алиризо Мансуриан менга ишонч билдирда ва бу ишончни оқлашга ҳаракат қиламан, – дея фикрини якунлади Жепаров.
Маълумот учун, Эрон Про Лигаси вакили – Теҳроннинг “Истиқлол” клуби жорий мавсумда 16-турдан кейин 25 очко билан 16 та жамоа орасида 5-поғонани эгаллаб турибди.