«Эвертон» «Манчестер Сити» дарвозасига тўртта тўп йўллади, «Севилья» «Реал»ни мағлубиятга учратди. Ўтган дам олиш кунлари рўй берган шу ва бошқа муҳим воқеаларга назар ташлаймиз.
«Лестер» яна омадсизлик гирдобида
Ўтган мавсум ёрқин ўйинлари билан аксарият мухлислар меҳрини қозонган «Лестер Сити» яна жарлик ёқасига келиб қолди. Раньери шогирдлари сўнгги бешта ўйин-да бир марта ғалаба қозонишди, холос. «Челси» билан ўйин «ёмон туш»нинг давоми бўлди: Конте бошчилигидаги жамоа «тулкилар» майдонида ўйнашига қарамай, рақибига бирорта хавфли вазият яратиш имконини бермади. Маркос Алонсо ўз мураббийининг янги схемасида нечоғли катта роль ўйнаётганини яна бир карра исботлаб, «дубль» қайд этган бўлса, тобора ўйини очилиб бораётган Педро амалдаги чемпионнинг йирик ҳисобда мағлубиятга учратилишига замин яратди.
«Барселона» ўйинга қайтмоқда
«Барселона»нинг омадсиз ўйинлари ва ҳакамлик борасидаги норозиликларидан сўнг кўпчилик каталонияликларда пасайиш кузатилаётганини таъкидлаётганди. Аммо «Лас-Пальмас»га қарши кечган уй учрашувида жамоа ўз ўйинини кўрсатиб, ишончли ғалабага эришди. Луис Энрике мазкур муваффақиятни фаолиятидаги энг яхшиларидан бири эканини айтди. Месси яна мўъжиза кўрсатди, Суарес яна гол урди. Ҳаттоки, кетиши деярли аниқ бўлиб улгурган Алейш Видаль ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди. Умуман, сўнгги «уик-энд» «Барселона» мухлислари учун «плюс»га якунланди. Боз устига, азалий рақиб бу турда ютқазди.
Ғалабали серия якуни
«Севилья» мухлислари менга нисбатан ҳуштакбозлик қилишдими? Бундан ранжидим, албатта. Мен «Реал» ва «Севилья» вакилиман. Қабрим устига ушбу икки клуб байроғини қўйишса ҳам розиман», - деганди Рамос 2015 йилнинг ноябрида.
Серхионинг бу клубларни севишига кўпчилик шубҳа қилмайди. Якшанба куни ҳам у қадрдон жамоасига беихтиёр ёрдамлашиб юборди. «Реал» сардорининг керакли паллада, айниқса, учрашувнинг сўнгги дақиқаларида муҳим голларни уриб, халоскорга айланишига кўникиб қолдик. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Тўғри, аввалгиларидан фарқли ўлароқ, Рамос ушбу голини тезроқ унутишни хоҳлайди. «Реал» «Рамон Санчес Писхуан» стадионида навбатдаги - 41-мағлубиятсиз ўйинига яқин келаётганди, бироқ Серхионинг 85-дақиқадаги автоголи ниятларни чиппакка чиқарди. Боз устига, майдон эгаларининг янги ўйинчиси Стеван Йоветич ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларнинг иккинчисида Навас қўриқлаётган дарвозанинг узоқ бурчагини аниқ нишонга олиб, ўйинга сўнгги нуқтани қўйди.
Дебют ўйинидаги гол
«ПСЖ» биринчи давранинг сўнгги турларини очиқчасига бой берди: «Монпелье» ва «Генгам»га ютқазди, «Ницца» билан ўйинда мағлубиятдан аранг қутулиб қолди. Парижликлар тезда кучайишлари лозим эди, амалда шундай бўлди: Юлиан Дракслер айнан Эмери хоҳлаган ўйинчига айланиши, етакчиликни қўлига олиши, барқарорликка эришолмаётган Ди Мариянинг ишини бажариб, ҳужумга кескинлик бағишлаши кутилаётганди. Германиялик футболчи учун дебют ёмон ўтмади. «Ренн»га қарши кечган сафар ўйинида гол уриб, жамоасига қийин ғалабани туҳфа этди.
Марказий баҳсдаги сулҳ
«Манчестер Юнайтед»-«Ливерпуль» учрашувида ҳар қайси жамоа ғалаба қозониши мумкин эди. Аммо томонлар муроса кўчасини танлашди. Албатта, бу адолатдан бўлди. Ҳар икки клуб жозибали ўйин кўрсатишди, майдон марказини тезда босиб ўтиб, турфа ҳужумлар уюштиришди. Погба иштирокидаги баскетбол дарси, Милнер томонидан амалга оширилган пенальти, Златаннинг навбатдаги голи АПЛнинг навбатдаги ўйин ҳафтасига ажойиб тарзда якун ясади. Айниқса, бундан лондонликлар кўпроқ қувонишди.
Гвардиола АПЛда яна ютқазди
«Манчестер Сити» Англия чемпионатида навбатдаги муваффақиятсизликни қарши олди. «Шаҳарликлар» сафарда «Эвертон»га 0:4 ҳисобида имконият бой беришди. Ушбу баҳсда меҳмонлар ташаббусни қўлга олиб, ноодатий комбинациялар орқали Роблес қўриқлаётган дарвоза олдида хавфли вазият яратишга уринишди. Аммо майдон эгаларининг ҳар гал қарши ҳужумга ўтишлари гол билан якунланди. Шу куни омади чопмаган Клаудио Браво бирорта мақташга арзигулик сейв кўрсатмай, дарвозасига келган барча тўпларни ўтказиб юборди. Ҳа, Гвардиола навбатдаги мавсум жамоаси билан ЕЧЛда қатнашишни хоҳласа, жуда кўп муаммоларни ҳал қилишига тўғри келади.
Стоп, «Юве»!
Флоренцияда кечган марказий ўйин кутилмаган натижа билан якунланди: «Фиорентина» шов-шувли тарзда «Ювентус»ни мағлубиятга учратди - 2:1. Аввалги учта ўйинда «бинафшалар» атиги бир очко тўплашган, шу боис етакчига қарши баҳсда кўпчилик улардан ғалаба кутмаганди. Бироқ Калинич-Бадель жуфтлиги мезбонларнинг иккита тўп фарқи билан олдинга чиқиб олишларини таъминлади. Кейинги тўрт дақиқа ичида Игуаин ҳисобни қисқартирди. Лекин шу куни туринликларга мағлубиятдан қутулиб қолиш насиб этмади.